Press "Enter" to skip to content

Sizga qattiq ta sir qiluvchi besh hikoya

Енгил кулгу билан ичиб юборишди. Тузланган бодрингдан газак қилган Эркин гапини давом эттирди.

Ноодатий хикоя: Қайнотанинг қарори

Тонг отди. Қодиржон юрак ютиб келган бу хонадондаги илк тонг. Уйғонганидан кейин ҳам бир оз хаёл суриб ётди. Ёнида хотини Маҳлиё пишиллаб ухларди. Унинг устини ёпиб, секин ўрнидан турди. Елкасига чопонини ташлаб, ҳовлининг нариги чети сари йўналди. Кўк эшикка яқинлашганда кимнингдир томоқ қиргани эшитилди. Ҳовлида қайнотаси Бурхон ака кўринди. Қайнота куёвига қарамай ўзининг хонасига кириб кетди. Қодиржоннинг саломга югурган тилига тишлари тўсқинлик қилди. Гарчи эрталабки саломнинг ўрни бўлмасада кўнглини нохуш ҳис эгаллади. Начора, тақдирнинг бу шартига ўзи рози бўлган, чидайдида энди…

Эр-хотин чойга кирганларида Қодиржон қўлини кўксига қўйиб яна бир марта салом берди. Қайнонаси шошилиб ўрнидан қўзғалди ва саломга алик олиб, куёви билан қизини тўрга бошлади. Қайнотаси бош ирғаб секингина нимадир деди. Нонушта ҳам «ажойиб» бўлди. Қайнонасининг бетиним «олинг-олинг» дейишига қарамай Қодиржоннинг томоғидан бир тўғрам нон билан бир пиёла чой зўрға ўтди. Сирини бермай ўтирган қайнотаси гап бошламади. Қодиржон ўзича сукут тўғонидана битта гап билан тирқиш очишни мўлжаллади:

-Бугун ҳаво очилиб кетди, энди кунлар исиса керак…

Қайнота қўлидаги пиёлани дастурхон устига қўйди. Ўсиқ қошларидаги тарангликни ечмай куёвига боқди.

-Март оёқлаганидан кейин шуда…

Маҳлиё чойнакни кўтариб чиқиб кетди. Ортидан онаси ҳам ниманидир баҳона қилиб эргашди-ю қайнота-куёв ёлғиз қолдилар. Ноқулай вазият баттар чигаллашди. Яхшики телевизор деган беминнат ўртакаш бор. Кўзини олиб қочган ҳам, гапини ямлаб ютган ҳам шундан паноҳ излайди. Экранга тикилган Қодиржоннинг хаёли бир оз чалғиди. Европанинг энг кучли жамоалари ўртасида кечаётган мусобақалар натижалари эълон қилинаётганди. Футболнинг ҳақиқий ишқибози Қодиржон тўй билан бўлиб бу ўйинларни кўролмаганди. Кўзлари чақнаб натижаларни томоша қила бошлади. Телевизор лип бошқа каналга ўтди. Қайнотаси қўлидаги пульт хонтахта четига қўйилди. Зовурларни балчиқдан тозалашга бағишланган кўрсатув борар, қўнжи белига етган этик кийиб олган мухбир киши қамишлар орасида туриб, шитоб билан лой отаётган экскаваторнинг ишини рақамларда таърифларди.

Начора, ичкуёвликни ҳам чидаганга чиқарган.

Тикан устида кечгандек бир ой ўтиб кетди. Ишдан қайтганида дарвозани қайнотаси очди. Қўл узатиб салом берди. Оғизда алик олган Бурхон ака жиддийлик билан шундай деди:

-Аввал қўлни ювиб олинг, ишдан келаяпсиз ахир, қолаверса олдин катталар қўл узатарди шекилли…

Изза бўлган Қодиржон индамай уйга кириб кетди.

Кун ботганда дарвоза ортидан овоз келди.

-Қодиржон, ҳўв Қодирбой…

Қодиржон шошиб дарвоза сари чиқди. Ўртоқлари келишган экан. Тўрт йигитнинг ҳар биттаси қўлларига совға-салом кўтариб олишганди. Россияда ишлайдиган бу ўртоқлари тўйга келишолмаганди. Қайтганлари замон йўқлашибдида…

Қўнғизмўйлов Ҳалим биринчи бўлиб уни бағрига босди.

-Тузукмисан ошна, тўйга келолмадик-да, лекин самолётдан тушибоқ уйга бирровга кириб, олдингга чопдик. Қуллуқ бўлсин дўстим, қуллуқ бўлсин!

Қотмагина йигит – Қурбон гапни илиб кетди.

-Э етказганига шукур, тўйни кўрмасак ҳам ўзини кўрдикку. Бизникини токчада опқўйган бўлса керак, а лаббай?

Йигитлар «хо-хо»лаб кулишди.

Уларни бир-бир қучоқлаб кўришаётган Қодиржоннинг ичини ит тирнарди. Буёғи қандоқ бўларкин.

Дарвоза ортидан таниш йўтал эшитилиб Қодиржоннинг вужудини муз қоплади. Демак қайнотаси шу ерда, меҳмонларни баланд тоғлардан ошириб ўтмоқ, ўт-оловлар ичида кутиб-кузатмоқ зарур…

Ўй босиб турганида Эркин дароз гап қотди:

-Қани, бошламайсанми энди?

Иложсиз қолган Қодиржон бор журъатини жамлаб таклиф қилди:

-Қани… қани ичкарига, хуш келибсизлар, бошим кўкка етди…

Унинг гапларидаги зўрма-зўраки расмийлик, сохталикни дўстлари сезишмади. Ҳовлида қайнотаси кўринмади. Бир қадар енгил тортган Қодиржон меҳмонларни ҳовли тўридаги меҳмонхонага бошлади. Маҳлиё бир-пасда дастурхон тузади, йигитларнинг қўлларидаги билан хонтахта усти тўлди-қолди. Ўзи нон ушатди, хотини ошга уннади. Ойнаванд жовон ортида тўйдан ортган ичимликлар бўй чўзиб турарди. Ўзи ичкиликни ёмон кўрадиган Қодиржон меҳмонларнинг иззатига битта шишани очди.

Ҳалим гап бошлади.

-Ўзи шу нарсага ҳожат йўқ эди, Қодир. Бунга ўриснинг юртида роса тўйиб келгандик.

Эркин ошнасига гап бермади:

-Бу билан нима демоқчисан, ўрислар учун ичаман, сен учун ичмайман демоқчимисан?! Э гапингдан ўргилдим, узат Қодиржон, сен учун олайлик…

Ҳалим дўстининг гапини кўнглига олмади.

-Ҳа энди, янги келин-куёвнинг хонадонида шусиз ҳам яхши ўтирардик дейманда…

Эркин қўлига пиёлани олди ва ҳеч ким сўз бермаса ҳам ўзи гап бошлади.

-Шу қадаҳни Қодиржоннинг ҳаммамиз икки-уч болалик бўлганимиздан кейин топган бахти учун кўтарамиз.

Енгил кулгу билан ичиб юборишди. Тузланган бодрингдан газак қилган Эркин гапини давом эттирди.

-Шу десанг тўртовимиз икки йил Россия тупроғини яладик. Ароқ демагани дарёдай оқиб ётибди, аёллар қадамингда… Анави Қурбон қотмаям биттасини топиб, уйига кириб олди. Кўнглини овлаб турсанг бас, уй-жой ҳам, емоқ-ичмоқ ҳам тайин.

Ҳамма кулаётганида Қодиржоннинг қалби тирналди. Барча гап айланиб унинг ичкуёвлигига тақалаётгандай эди. Бироздан кейин бевосита шу мавзуга кўчилди. Ошналарининг орасида ақллиси ҳисобланган Ҳалим суҳбатнинг ноқулайроқ бу босқичидан иложи борича силлиқ ўтиш ва мавзуни ёпиш мақсадида салмоқ билан гап бошлади:

-Ёлғиз фарзандини ота-онасидан айирмай яхши қилгансан ошна. Қариганларида чол-кампирнинг иссиқ-совуғидан хабар олсанг, уй-жойига эгалик қилиб, невараларини олдида катта қилсанг хурсанд бўлишади-да.

Эркин яна гап ирмоғини ноқулай ўзанга бурди:

-Яхшимас, зўр, ошна! Битта зарб билан ҳам хотин, ҳам уй-жойга эга чиқишга не етсин?

Қодиржоннинг кўнглидан алам ўрмалади:

«Бунинг азобини билмайсанда, гапираверасан…»

Эркин қўлини силкиб гапини давом эттирарди:

-Мана масалан Россияни олайлик, бизга ўхшаб келин тушириб келинмайди, битта чўчқа қовирилиб тўй қилинадида куёв хотининикига бориб яшайверади. Эҳ Россия…-кўзлари чақнаб жумласини ярим белидан кесди Эркин.

Ўзини игна устида ўтиргандек ҳис қилаётган Қодиржон кейинги пиёлани шитоб билан кўтарди. Аланга бўлиб ичига тўкилган суюқлик тафти вужудга сингий бошлади. Даврага ҳазил-мутойиб, кулгу оралаб қолди. Учинчи пиёла қўлларга етиб, хона бўйлаб ароқ ҳиди гупиллай бошлаганида эшик шитоб билан очилди. Қайнотаси Бурхон ака қовоғини солиб кириб келди. Йигитлар «ие-ие» деганларича ўринларидан қўзғалдилар. Биринчи бўлиб узалган Ҳалимнинг қўш қўли манзил тополмай ҳавода муаллақ қолди.

Бурхон аканинг ўқдек отилган сўзлари Қодиржонни буткул акашак қилиб ташлади:

-Уят борми сенларда, чиллалик уй бўлса, уйни бошингга кўтарганинг етмагандай шайтон сувини симирасан! Билиб қўйларинг, бу менинг хонадоним, бу ерда менинг айтганим бўлади!

Бурхон ака бақрайиб турган Қодиржонга юзланди:

-Куёв, алкашлар билан ошналигингни билганимда икки дунёда ҳам сенга қизимни бермасдим, буларни эшикдан киргизмай дедиму, яна сени ўйлаб андиша қилдим.

Қодиржон портлаб кетди:

-Э бунақа андишангни…

Қайнонаси билан Маҳлиёнинг минг таваллосига қарамай дарвозадан беш киши чиқиб кетди.

Тўрт кун Ҳалимларникида ётиб юрди. Бешинчи кун деганда хотини билан кўча бошидаги тут тагида севишганлардек ўғринча учрашишди.

-Юраверасизми шунақа қилиб, қайтинг уйга-, деди Маҳлиё.

-Қайтмайман, сен ҳам мени десанг чиқ у ердан!

Маҳлиёнинг юзи гезарди.

-Хўп, кетдим ҳам дейлик, мени қаёққа бошлаб борасиз. Уч овсиним тиқилиб ўтирган ота уйингизгами?! Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига деганларидек ўзингизнинг борадиган жойингиз йўғу, мени ҳам тортқилайсиз.

Қодиржон бошини эгди. Минг аччиқ бўлмасин хотини ҳақ гапни гапирарди. Кеч оила қургани ҳам йўқчиликдан. Маҳлиёни ўзи севиб уйланган, ота-онасининг қаршилигига ҳам қарамай, ичкуёвликни ҳам ўзи бўйнига олган. Қайнотасиникига қайтмайман дейди-ю, борар жойини ўзи ҳам билмайди. Дўстиникида ётиб юргани ҳам шундан…

-Гап қайтармаслигингиз керак эди, дадамнинг феълларини биласизку-давом эттирди Маҳлиё.

Ҳозиргина қайтмай иложи йўқлигини ўйлаётган Қодиржоннинг кўз олдига қайнотаси келиб, яна тўнини тескари кийди.

-Мени ер билан битта қилган бу хонадонга ўлсам ҳам бормайман!

Маҳлиё кулиб қўйди.

-Ҳа, маҳалладаги беш-олтита оқсоқолларни ўртага қўяйликми, бориб олиб келишсинми?!

Хотинининг юзига қаҳр билан тикилди-да, ортига бурилиб индамай кетди.

Кетди… Шаҳарда қилмаган иши қолмади ҳисоб. Таталаб-тиндалаб йиғинди, бир хонали уйни ижарага олиб ҳаминқадар жиҳозлади. Пул жамғарди, совға-салом қилиб куёв бўлиб тушган уйига борди.

Эшикни ўзи тасаввур қилиб келганидек қайнотаси очди. Ичкарига бошламади. Совуқ салом-аликдан кейин секин гап бошлади:

-Мен Маҳлиёни олиб кетгани келдим.

Ўсиқ қошлар уйилди.

-Ваъда бошқача эдику куёвбола, тўққиз йил деганда топган, папалаб ўстирган битта-ю битта фарзандим кўз олдимда бўлишига келишгандикку!

-Лекин кўрганда турткилашга, ёру-дўст олдида шарманда қилишга келишмаганмиз дада! Маҳлиё менинг никоҳимда, демак хотинимнинг изми менда, қаёққа бошласам шуёққа кетишга мажбур. Маҳлиё, ҳой Маҳлиё-ҳовли томон юзланиб бақирди Қодиржон.

Ичкаридан қайнонаси билан Маҳлиё чиқиб келишди. Қайнонаси қўлини кўксига қўйиб мулозамат қилди:

-Ие-ие… Хуш келибсиз, қани Қодиржон, ичкарига…

-Куёвинг бошқача шахд билан келган, хотин, қизингни олиб кетмоқчи у.

Бу можароларда эрининг раъйига бирор марта қарши бормаган қайнона шу он чидай олмади.

-Олиб кетса олиб кетарлар. Эри ахир! Қани Маҳлиё, нарсаларингнинг йиғиштир, эрингнинг олдига туш.

-Бас-, қаҳр билан қичқирди Бурхон ака, қизим ҳеч қаёққа кетмайди. Куёв келса келиб яшасин, бўлмаса катта кўча.

Бу гапларга тайёрланиб келган Қодиржон ерга қараб турган хотинига юзланди.

-Маҳлиё, сен менинг никоҳимдасан, юр, кетайлик. Бир жонингга минг уриниб ризқ топиб берарман. Хотин эрнинг измидан чиқса гуноҳга ботади.

Қайнота яна гапга аралашди:

-Сен бола шариатдан келиб менга фалсафа сўқима. Эр хотиннинг измидан чиқиши гуноҳ экану, сенинг лафзсизлигинг гуноҳ эмас эканми?! Қаёқдан келганинг ноаниқ, сенинг гапинг гап бўлиб, йигирма йил бағримда ўстирган меники номаъқул бўлдими энди?! Қани, чиқ бу ердан, ўша ароқхўр ошналарингнинг олдига борда, тошингни тер!

Маҳлиё унга эргашмади. Абгор бўлиб қайтиб келди.

Орадан икки йил ўтди. Бу орада хотинини олиб келишга беш марта уринди. Ўртага одам қўйди бўлмади, бориб ялиниб-ёлворди, ён беришмади. Бурхон аканинг талаби қатъий эди, оила керак бўлса келиб шу хонадонда, қайнотасининг измидан чиқмай яшаши шарт! Айниқса охирги борганларида қайнотаси кўпчилик олдида унинг кўксидан туртиб чиқарди-ю масалага узил-кесил нуқта қўйилди.

Қодиржон ич-ичдан бир сўз вулқон бўлиб келдию тилига учмади. Янграганида арш титрайдиган бу сўз айтилмаган бўлсада, ҳамма эр-хотиннинг ўртаси узилганини англаб етди. Ҳужжатлар ҳам расмийлаштирилди.

Яқинда сотиб олган икки хоналик уйида ўзига ярашиб тушган костюмига мос бўйинбоғини тақаётганида ўртоғи Ҳалим кириб келди.

-Э, куёвбола, ҳалиям тайёр бўлмабсанку, шошилсангчи, ЗАГСга кеч қолмайлик, хойнаҳой келин дугоналари билан интизор бўлиб ўтиргандир.

Қодиржон аламли жилмайди.

-Ўн саккиз яшар йигитлардай гапирасана Ҳалим, ёш ҳам ўттизга бориб, иккинчи марта уйланаётганингда бунақа нарсалар эриш туюларкан кишига…

-Э қўйсангчи бунақа гапларни, тўй тўйдек бўлсин, дейманда.

Эшик қўнғироғи жиринглади. Ҳалим бориб очди. Остонага чўккан ғалати сукунатга эътибор бермаган Қодиржон ойна олдидан жилмади. Кўзгуда аввал Бурхон аканинг, ортидан Маҳлиё билан қайнонасининг акси кўринди. Кўзларига ишонмай шарт бурилди.

Ҳақиқатдан ҳам қаршисида яқин-яқингача оиласи ҳисоблаб келган одамлар туришарди.

Ҳар доимгидек биринчи бўлиб Бурхон ака сўз бошлади:

– Қодиржон… ўғлим. Ўтган ишга саловат, қўйинг бу ишларни энди. Бағримизга қайтинг, сизни соғинганмиз. Хоҳланг уйимизда яшанг, хоҳланг Маҳлиё шу ерда сиз билан қолади. Қизим ҳали ҳам никоҳингизда, қоғозни ҳам бирпасда қайтадан кесдирамиз…

Маҳлиё ҳам кўзларига ёш олди.

– Қодиржон ака, менинг жавобимни бермай қандай уйланмоқчисиз?! Йўқ, мен бунга чидолмайман, сизсиз яшолмайман!

Қодиржоннинг кўз олдидан Маҳлиё билан тўйлари-ю шу кунгача ҳаёти бир лаҳзада ўтди. Лаблари титради, шу сўзларни икки йил кутди, оиласини тиклаш учун икки йил ҳаракат қилди. Натижаси бўларканку…

Юзига табассум инди, хотини билан қайнотасига жилмайиб қаради.

Табассумини йиғмай Ҳалимга юзланди:

-Ҳалимжон, дўстим, энг азиз меҳмонлар келишибдику, уларни сенга топширдим, тўйга ўзинг олиб бориб, яхшилаб мулозамат қил, рестораннинг энг яхши жойларига ўтқаз, тўй тугаганидан кейин ўзинг кузатиб қўярсан…

Аброр Зоҳидов

Sizga qattiq ta’sir qiluvchi besh hikoya

Siz kitobsevar insonlar toifasiga kirasizmi? Agar bunday bo‘lmasa, shoshilmang. Quyida sizga so‘zlab bermoqchi bo‘lgan kichik hikoyalarimiz uzog‘i bilan 5-10 daqiqa vaqtingizni oladi. Ishonamizki, bu kichik ijod mahsullari hayotga bo‘lgan qarashingizni tubdan o‘zgartirib yuboradi. Ularning har birida qimmatbaho o‘git yashirin. Bu hikoyachalar sizga shunday bir dars beradiki, ulardan topganingizni katta-katta qissalar hamda romanlardan topa olmaysiz. Xuddi ana shu besh hikoya hayotdagi o‘z o‘rningizni qayta ko‘rib chiqishingizga majbur qiladi.

Kunlarning birida sichqon ferma xo‘jayini qo‘ygan qopqonni ko‘rib qoldi. U bu haqda qo‘yga, tovuqqa hamda sigirga aytib berdi. Ammo ular: “Qopqon bizning muammoimiz emas. Biz uning nimasidan qo‘rqamiz? Uning bizga hech qanday aloqasi yo‘q”, deb javob qaytarishdi.

Kunlardan bir kun qopqonga ilon tushib qoldi va xo‘jayinning xotinini chaqib oldi. Xotinining tanasidan ilonning zahrini chiqarib tashlash va unga quvvat bo‘ladi, degan umidda fermer tovuqni so‘ydi-da, undan xotiniga tovuq sho‘rva tayyorlab berdi. Kasalmand xotinini ko‘rishga kelayotganlar oldida uyalib qolmasligi uchun qo‘yni so‘ydi hamda uning go‘shtidan turli taomlar tayyorlab, mehmonlarni kutib oldi. Ammo, afsuski, xotini vafot etdi. Marakani o‘tkazish uchun fermer sigirni ham so‘yishga majbur bo‘ldi.

Bu o‘tgan vaqt mobaynida vaziyatni o‘z uyasidan kuzatib turgan sichqon bo‘lib o‘tgan hodisalar haqida fikr yuritardi.

Qissadan hissa. Bu hayotda hech kim hech narsadan himoyalanmagan, shu sababli boshqaning muammosiga befarq bo‘lmaslik kerak.

Burgut baland bir daraxtda shunchaki dam olib o‘tirgan edi.

Uning bu o‘tirishini ko‘rib qolgan quyoncha burgutdan so‘radi:

— Xuddi sendek hech narsa qilmay, bamaylixotir o‘tirishim mumkinmi?

— Albatta, mumkin, nimaga yo‘q ekan, — dedi burgut.

Quyoncha daraxtning tagiga o‘tirib dam olishni boshladi. Shunda birdan qayerdandir tulki paydo bo‘ldi-yu, uni ushlab, yeb qo‘ydi.

Qissadan hissa. Agar sen hech ish qilmasdan bemalol va xotirjam bo‘lishni xohlasang juda-juda yuqorida o‘tirishing kerak. Ko‘rpangga qarab, oyoq uzat.

Kunlarning birida bir fermada ot kasal bo‘lib qoldi.

Uni ko‘rgani kelgan veterinar:

— Agar ertalabgacha oyoqqa turmasa, uni o‘ldirishimga to‘g‘ri keladi, — dedi.

Ertalab esa ot o‘rnidan turmadi. Uning yonida qo‘y yotgandi.

— Qani, birodar, o‘rningdan tursangchi! Aks holda ular seni o‘ldirishadi! — dedi u otni niqtab.

Ot bor yo‘q kuchini to‘pladi-da, o‘rnidan turdi.

Ertalab kelib, bu vaziyatni ko‘rgan fermer:

— Mo‘’jiza yuz beribdi. Bunday bo‘lishi mumkin emas edi. Otim tuzalibdi. Bu voqeani darhol bayram qilish kerak. Shu bois qo‘yni so‘yamiz! — dedi.

Qissadan hissa. Hech qachon birovning ishiga aralashmang, biroq qopqon voqeasini ham unutmang.

Uch kishi tosh tashiyotgan edi. Ularning biridan so‘rashdi:

— Umuman olganda, bu yerda nima qilayapsan?

U peshonasidagi terni artib tashladi-da, javob berdi:

— Mana shu mehnatim tufayli qaddim bukilib, og‘ir kunlarga qolib ketdim.

Ikkinchisining oldiga borib undan so‘rashdi:

— Sen nima qilayapsan?

U yenglarini shimardi-da, tumshug‘ini ko‘tarib, g‘urur ila javob berdi:

— Pul ishlayapman. Bu yerda boshqa nima ham qilardim?

Keyin uchinchi kishidan so‘radilar:

— Sen nima ish qilayapsan?

U jilmaydi-da, javob berdi:

Qissadan hissa. Qachonki oldinga oliy maqsad qo‘yarkansan, har qanday vaziyatda ham yashayotgan umringda ma’no bo‘ladi.

Kunlarning birida kirakashga shahardagi mashhur millionerlardan birini qayergadir olib borishga to‘g‘ri keldi. Haligi millioner mashinadagi hisob-kitob uskunasiga qarab oz ham emas, ko‘p ham emas, aniq ko‘rsatilgan qiymatga yarasha haq to‘ladi.

Shunda kirakash so‘radi:

— Kecha o‘g‘lingizni olib kelib qo‘ygandim. U menga choychaqa sifatida 100 dollar bergandi. Siz bo‘lsangiz tiyin-tiyingacha hisob-kitob qilib o‘tiribsiz.

— Nima ham deya olishim mumkin. O‘g‘limning millioner otasi bor, men esa yetimman.

Qissadan hissa. Peshona teri bilan mehnat qilgan odamgina pulning qadrini biladi.

Qisqalik nafaqat iste’dodning balki u donolikning ham singlisidir. Ishonchimiz komilki mana shu qisqa hikoyalar orqali o‘zingizga kerakli o‘gitlarni qabul qilib oldingiz. Agar hikoyalar sizga ma’qul kelgan bo‘lsa, ularni do‘stlaringiz bilan bo‘lishing.