Press "Enter" to skip to content

Saralangan insholar to’plami kitobchasi

Китоб танлаш одатларим

Қудрат Дўстмуҳаммад. Китоб оламида нима гаплар?

Бу гаплар китоб ўқишга одатланган, бир эмас, бир неча ёки ҳамма илм йўналишларига қизиқадиган одамларга мўлжалланган бўлса-да, китоб оламига энди кириб келаётганлар учун ҳам нимаси биландир фойдали бўлиши шак-шубҳасиз. Мабодо, мақола сизни қизиқтирмай қўйса, сабр тилайман, “теша тегмаган” гапларни ҳам учратиб қолишингизга ишонаман.

Китоб танлаш одатларим

Китоб дўконларига тез-тез кириб, ёйма бозорларни кузатиб юрадиган одам ўзи учун янгиликни бир пасда топиб олади. Янгилик бўлган китобнинг ўзи “мана ман!” деб туради. Китобнинг ўзи янги бўлмаслиги мумкин…

Ҳаво очиқ кунларнинг бирида, кўчадаги китоб ёймасига яқинлашиб қолганимда, қалин бир китобга кўзим тушиб, юрагим ҳаприқиб кетди. Яқин бориб қарасам, худди ўзи: ўша, мен анчадан бери излаб юрганим, ўтган асрнинг 50-йиллари (аниқроғи, 1954 йил)да Москвада чоп этилган “Русско-узбекский словарь”! Эгаси айтган пулни индамай чиқариб бераман, деб аҳд қилиб юрардим. Ёйма эгаси – рус аёлига, айтганидан ҳам кўпроқ пул берсам, ҳайрон бўлди. “Олаверинг, қидириб юргандим, ахир бир кун учраб қолишига ишонардим”, — дедим.

Бу сатрларни ўқиган одам: “Бунақа китоб анқонинг уруғимиди? Ана, ўзимизда ҳам чиқдику, икки жилдлик луғат, ҳамма китоб дўконларидан топилади”, — дейиши мумкин. Тўғри, 2013 йили Тошкентимизда нашр этилган шу икки жилдлик китобим бўла туриб, ўша эскисини орзу қилдим. Бунинг сабаблари ҳақида қуйироқда айтаман.

Янгигина нашрдан чиққан, нотаниш китоб, аввало, ташқи кўриниши билан диққатимни тортади. Номига, муаллифига ва нашриётига қарайман. Улар ҳақида бир нима биламанми, йўқми, хаёлимдан ўтади. Китобнинг қисқача мазмуни (аннотация)ни ўқийман, шунда китоб мени қизиқтирадими, йўқми, маълум бўлади. Натижадан қатъи назар, мундарижани очаман. Бу менга кўпроқ малумот беради. Қизиқ туюлган мавзу саҳифасини очаман, чўқилаб ўқийман. Китобни сотиб олишим ё олмаслигим кўпинча шу босқичда маълум бўлади. Китобни шириллатиб варақлайман, нималардир (расмлар, фотолар, жадваллар ва бошқа нарсалар) эътиборимни тортади. Бир қарорга келолмасам, нашр маълумотларига қарайман: муаллифнинг фамилияси, исми, отаси исми (ф.и.о.)га, муҳаррир, техник муҳаррир, саҳифаловчи, рассом ва бошқаларга қарайман. Кимнидир танишим мумкин…

Шунча ишдан кейин ҳам бир қарорга келолмасам, китобнинг сифатига: қоғози, муқоваси, тахламига қарайман. Агар китобни ёпиб, муқовасини силаб-сийпаб қўйсам, демак, сотиб олар эканман.

Бундай ҳолатни кейинроқ ўзим ҳам сезиб қолдим.

Китоб ўқиш одатларим

Китоб сотиб олинган кунни биринчи саҳифага ёзиб қўяман. Агар у мени жуда қизиқтириб қолган бўлса, ўша куниёқ ўқишга тушаман ва бу кунни матн бошига ёзиб қўяман. Қизиқишим сусаймаса, бир сидра ўқиб кетавераман, акс ҳолда варақлаб-варақлаб, қизиқарли еридан давом этаман. Ўқиш жараёнида имло хатоларни тузатаман, стилистика бузилган бўлса, тагига илонизи чизиқ тортаман, нотаниш сўзларнинг тагига чизаман, маъносини луғатлардан топиб, саҳифа четига ёзиб қўяман, тагида кун санасини кўрсатаман. Китобдаги гапларга нисбатан фикрим ё муносабатим бўлса, уларни ҳам ўша саҳифа ҳошиясига ёзаман. Кейинроқ, бу фикрларим нотўғрилигини билиб қолсам, уни ҳам айтиб қўяман, янгиси бўлса, яна қўшаман. Хуллас, ҳозирги саҳифалар ҳошияси менга торлик қилиб қолади, майда ҳарфлар билан ёзишга тўғри келади, кейин ўзим лупа билан ўқиб юраман.

Китобни бир ўқишдаёқ тугатиб қўядиган ҳолатлар кам бўлади. Қизиқишим сусайиб қолганда, ташлаб қўяман, бир вақтлар келиб яна қўлга оламан.

Кўриниб турибдики, китобни “пуф-пуф”лаб, авайламайман, бу, балки, яхши иш эмасдир, ҳар ҳолда, китоб чиқариш жуда ривожланиб кетган ҳозирги вақт учун мумкин, деб ҳисоблайман. Шунақа аёвсиз бўлганим учун ҳам қўлимдан ўтган китобнинг қиммати баланд бўлади, чунки унда муносабат бор, янги фикрлар бор, мендан кейин ўқийдиган одам учун фойдали бўлади.

Муносабатларимни ва фикрларимни ёзиб қўйиш одатимни ҳар қанақа турдаги китобларга қўллайман. Бадиий асарларни ўқиганимда “ишониб бўлмайди” деган сўзларни кўп ёзаман.

Бири бошқасига сабаб бўлган китоблар

Устозларимиз, китобни қайта-қайта ўқиш керак, дейишган. Жуда тўғри ўгит! Мен ҳам шунга амал қиламан. Қайта ўқиш учун бир сабаб – мақсад бўлиши керак, олдимга аниқ мақсад қўйиб, кейин ўқийман, баъзан бир сидира, яъни бошдан-оёқ, баъзан чўқилаб-чўқилаб.

Александр Дюманинг “Королева Марго” (рус тилида ўқиганим учун, номини ҳам русча ёздим) романини ўқиганимда 10-синфда ўқир эдим, етмиш тўрт ёшга кирганимда иккинчи марта ўқидим. Машҳур ёзувчи Стефан Цвейгнинг “Мария Стюарт” номли биографик романи сабаб бўлди. Бунинг ҳам сабаби бор: жамиятимиздаги муаммолардан изтироб чекардим.

Мария Стюарт шахси ҳақида турли вазиятларда юзаки маълумотлар эшитиб юрардим: Англия қироличаси, ўз юртида ўлимга маҳкум этилиб, калласи олинган.

Бу гаплар гоҳи-гоҳида мени даҳшатга соларди, “Подшоҳ бўлса ҳам калласини олишибди-я! Нима гуноҳ қилган экан? Халқ ўз подшоҳини ҳам ўлдирар эканми?” каби гаплар хаёлимдан ўтарди. Беихтиёр, Руминия давлати раҳбари, диктатор Николае Чаушескунинг фожеали ўлими ёдимга тушарди.

Ана шулар менга тинчлик бермас эди. “Мария Стюарт”ни ўқигим келаверди, китобни қидирмадим, ҳеч кимдан сўрамадим, ахир бир кун ёйма бозорда учраб қолди, тезда сотиб олдим, худди биров олдинроқ олиб қўядигандек. Ўша куниёқ (2014 й., 22 сентябр) ўқишга тушиб, 18 кунда тугатдим.

Мария Стюартнинг шахси ҳақида қуйидаги энг муҳим маълумотларни билиб олдим: Англиянинг эмас, Шотландиянинг қироличаси бўлган экан; Шотландия – Буюк Британия оролининг шимолий қисмидаги, Англия – жанубий қисмидаги, бир-бирига қўшни қиролликлар бўлган; бирида — Мария, иккинчисида – унга қайсидир аждодлари орқали қариндошчилиги бўлган Елизавета ҳукмронлик қилишган; Мария 1542 йили туғилиб, 45 ёшида қатл этилган; онаси Франция қироли сарой аъёнларининг қизи бўлиб, у ҳам 45 йил яшаган; 1561 йили Марияга Шотландия тахти мерос қолгач, фақат ўзининг айш-ишратини ўйлаган, рақиби Елизавета сингари (унинг оиласи ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган) элим-юртим демаган; халқ ҳам, сарой аъёнлари ҳам Мариядан норози бўлишган, подшоҳ Худонинг ердаги сояси, деб чидаб юраверишган; бу икки қиролича бир-бири билан учрашмаган, бир-бирини ёмон кўрган, лекин хат орқали мунофиқлик қилиб туришган; Мария 23 ёшида шотландиялик зодагонлардан бирининг 19 яшар ўғлига турмушга чиқади ва 1566 йилда ўғил фарзанд кўради; Шотландия қироли деган номга сазовор бўлган куёвнинг ҳурматини жойига қўймаганидан кейин, у аразлаб, ота-онаси яшаб турган Глазго шаҳригага кетиб қолади ва, деярли ёш бола эмасми, чечак билан оғриб қолади; Мария саройдаги қуролли гуруҳ бошлиғи Босуэл билан “донлашиб” қолади; энди зудлик билан гуноҳни беркитиш керак; бунинг бирдан-бир йўли қиролни йўқотиб, тездан янги никоҳ қуриш бўлган; Босуэл Марияни шу ишга мажбур қилади; Мария қиш чилласида, мулозимлари билан отда икки кун йўл юриб, Глазго шаҳрига, қайнотасининг уйига етиб боради; “Қиролни олиб кетиб, ўзим даволатаман” деб турволади; бир неча кун меҳмон бўлиб, ҳаммани кўндиради; ниҳоят, касали тузалмаган қиролни усти очиқ аравага ётқизиб, ўраб-чирмаб, ўз пойтахти Эдинбургга йўл олади; етиб келишгач, саройга касал тарқатмайлик, деган баҳона билан, Босуэл бир овлоқда тайёрлаб қўйган уйга қўнишади; уй кичкина ва чекка жойда бўлса ҳам шоҳона жиҳозланган эди; Мария ҳам шу уйда гоҳ-гоҳ тунаб, қиролга меҳрибонлик қилиб туради; саройда кимнидир никоҳ тўйи ташкил этилган тунда, Мария қиролнинг ёнига бормайди; худди шу тунда овлоқдаги уй портлаб, ичида ким бўлса, ҳаммаси ҳалок бўлади; энди қироллигидан асар қолмаган куёвнинг отаси даъвогарлик қилади, суд бўлади; Босуэл: “Бу иш фалончининг қўлидан келган”, деб айтган одамнинг калласини оламан, дея очиқдан-очиқ пўпписа қилади; бундан суд ҳайъати ҳам, куёвнинг отаси ҳам қўрқишади, қотиллик босди-босди бўлади; мамлакатда Мариядан норозиликлар кучайиб кетади, қуролли ғалаёнлар юзага келади; Мария бир неча мулозими билан қочиб, Англияга ўтиб кетади; бундан хабар топган Елизавета Марияга бошпана бериб, уй қамоғида ушлайди; моддий ёрдам беради, нафақа тайинлайди, сайрларга чиқиб туришга рухсат беради; шундай ахвол йигирма йил давом этади; Мариянинг одамлари, уни қутқариш учун Елизаветага суиқасд уюштиришга киришадилар, Мария уларга ёзган хатида розилик беради; худди шу ёзма розилик сабабли, 1587 йилнинг 8-феврали тонгида Шотландия қироличаси Мария Стюартнинг боши танидан жудо қилинади.

Кўзёшларим тиниб, титроқларим босилгач, тафсилотлар бирин-кетин юзага қалқиб чиқаверди. Мариянинг қатл этилиши Англияда байрам бўлиб кетади, Шотландия аҳолиси қандай қабул қилгани ҳақида роман-биографияда ҳеч гап йўқ. Бу вақтда Мариянинг 21 яшар ўғли “Иаков VI” номи остида, онасининг ўрнига қироллик қилиб турарди. У онасининг тақдири билан ҳеч қизиқмаган, қатлни эшитгач, йўлига бир-икки пўпписа қилиб қўяди. Елизаветанинг бир дипломати Иаков ёнига келиб, қуюқ ваъда беради, яъни Иаков, кейинчалик, Англия тахтига ҳам ворислик қилиши мумкинлигини айтади. Елизавета бу вақтда 54 яшар эди, яна 16 йил ҳукмронлик қилгач, вафот этади ва Иаков VI ростдан ҳам Шотландия ва Англия қироли, деб эълон қилинади. Шундан кейин, икки мамлакат қўшилиб кетиб, дунёдаги энг кучли давлатлардан бирига айланади.

Энди, нима учун “Мария Стюарт” “Королева Марго”ни қайта ўқишимга сабаб бўлганини айтиш мавриди келди.

Мария уй қамоғида беш йил ўтирган кунларнинг бирида, аниқроғи, 1572 йилнинг 23 августидан 24 августга ўтар тунда Францияда даҳшатли қирғин-барот бўлади: эски оқимдаги католиклар янги оқим тарафдорлари – протестантларни ўлдиришга тушадилар. Тарихда “Варфоломеевская ночь” деб ном қолдирган бу фожеа бир неча кун давом этади. Дюманинг асари ана шу воқеаларга бағишланган, буни мен китобни биринчи марта ўқиганимдан билардим. Ўша воқеа “Мария Стюарт”да ҳам айтилган. Бу қирғинни бошлаганлар орасида Мария Стюартнинг тоғалари (де Гиз авлоди) ҳам бор эди. Шундоқ катта ва кучли одамлар ўз жияни бўлмиш Марияни қамоқдан озод этиш учун, наҳотки, ҳеч нима қилмаган бўлишса, деган савол менга тинчлик бермади ва салкам олтмиш йилдан кейин “Королева Марго”ни иккинчи марта ўқидим. Саволимга жавоб тополмадим, лекин китобни мазза қилиб, қайта ўқидим, янги таассуротлар олдим. Ёшлигимда саргузаштлардан таъсирланган бўлсам, энди, қариган чоғимда, китобнинг ижтимоий залворини туйдим, Дюманинг маҳоратига қойил қолдим, асарни одоб билан ёзгани учун тасаннолар айтдим, асарнинг биронта деталига эътироз қиломадим, “ишониб бўлмайди” деган сўзларни умуман ишлата олмадим. Умри узоқ асар мана бунақа бўлади, деб хулоса қилдим.

“Мария Стюарт” Шекспир асарларидан “Гамлет”ни қайта ўқишимга, “Макбет”ни илк бора ўқишимга сабаб бўлди.

Гап шундаки, Мария Стюарт қатл этилган пайтларда Шекспир навқирон 23 ёшда бўлган. Бутун Англия халқи байрам қилворган бир пайтда Шекспир бир четда турармиди? У ҳам Мария Стюарт кимлигини билган, қилган ишларидан хабардор бўлган. Эри – қиролни касал ётган жойидан авраб обкелиб, ўлдиртириб юборганидан таъсирланган бўлиши шубҳасиз, ўша воқеалар асосида “Гамлет”ни ёзган. Бу фаразни Стефан Цвейг айтган. “Макбет” ҳам шунга яқинроқ асар экан.

Шекспир “Гамлет” воқеаларини Дания қироллигига кўчирганига эътибор бердим ва кўнглимга: “Англиядек мамлакатда бундан деярли 500 йил илгари цензура деган балойи азим бўлган экан-да? Дания қироллиги Шекспирга, нега бизга туҳмат тошини отаяпсан, дейиши мумкин эди”, — деган фикр келди.

Бошдан-оёқ қайта ўқиган китобларим ичида Лев Толстойнинг икки романи бор: “Анна Каренина”ни биринчи марта 38, иккинчи марта – 57 ёшимда, “Воскресение”ни 29 ва 50 ёшимда ўқиб туширганман. Қайта ўқишимга Лев Толстойнинг фалсафий мулоҳазалари туртки берган. Уларни алоҳида бир дафтарга кўчириб олгандим, вақт ўтган сари кўз югуртириб турардим. Кейин конспектларимга қаноат қилмай, китобларнинг ўзини қайта ўқишга эҳтиёж сезганман.

Бир китоб бошқа китобларни ўқишимга сабаб бўлиши ҳақида мисолларим жуда кўп. Масалан, Қуръони каримнинг ўзбекча маъноларини ўқиш-ўрганишдан ислом тарихига, кейин араб истилосига оид китобларга ўтганман. Тарихий воқеалар мени бошқа тарафларга оқизиб кетди. Маълумки, арабларга Хуросон ва Мовароуннаҳр халқлари қаттиқ қаршилик кўрсатишган, кучлари етмай қолган пайтларда шарқ тарафларда кўчиб юрадиган жанговор турк элатларини ёрдамга чақиришган. Шундан кейин туркий халқлар тарихи бўйича катта мутахассис — Лев Гумилевнинг асарларини ўқишга эҳтиёж уйғонди. Бу мавзу мени эрамиздан тахминан 6 минг йил илгари ҳукм сурган Шумер давлатига, пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломга етаклаб келди, яна Қуръонга боғландим. Бу ёқда ҳали, турклар ёйилиб кетган мамлакатлардаги халқлар тарихи мени кутиб турибди, Яратган Эгам насиб этганича уларни ҳам ўқиб ўрганаман. Тарихчи ҳам, этнограф ҳам эмасман, биронта янги гап айтолмайман, лекин оддий бир ўқувчи сифатида таассуротларимни ёзиб қолдирмоқчиман, кимгадир нафи тегиб қолар, иншаоллоҳ!

Ҳозирги китоблар

Юқорида, русча-ўзбекча луғатлар ҳақида гап бошлаган эдим, мана, энди, нима учун эски нашрни излаганим сабабини айтаман.

Ўша китобни ёймадан олдиму ичини очмаёқ муқовасини тўйиб-тўйиб силадим. У ёқ-бу ёғини айлантириб-айлантириб, кўздан кечирдим. Жуда қалин (1046 саҳифа!) эмасми, муқованинг букланадиган жойлари озгина уринган, лекин ички тарафлари бут-бутун, муқова ажралиб ё қийшайиб кетмаган, китобнинг “танаси” (қалин томони)га жипс ёпишиб турибди. Шириллатиб варақладим, ҳеч қанақа нуқсон топмадим. Уйга олиб келгач, биринчи қилган ишим — ўтиб кетган имло хатоларни тузатиб қўйиш бўлди.

Одатда, китобларнинг охирги саҳифасига нашрда йўл қўйилган хатолар кўрсатилган бир парча қоғоз ёпиштириб қўйилади, “тузатишлар” ёки “муҳим тузатишлар” деб аталади. Бу луғатда ҳам шундай қоғоз бор экан, 28 та хато кўрсатилган. Ҳар биттасини саҳифалардан топиб, тузатиб, қоғоздаги ёзув устидан чизиқ тортдим. Китобнинг луғат қисми тугагач, рус тили грамматикасига оид асосий қоидалар берилган. Бу, луғат учун жуда муҳим.

Ўзимизда, 2013 йили нашр этилган русча-ўзбекча луғат икки жилддан иборат, муқоваси қалин ва нақшинкор, чиройли, қоғози сифатли. Лекин муқоваси “танаси”га ёпишмаган, ораси бармоқ сиғарли даражада ажраб ётибди, қийшайиб кетган, ёпиштирилган жойлари тахлам-тахлам; ҳар бир жилднинг охирида берилган тузатишлар қоғози одатдан ташқари катта, яъни топилган хатолар сони кўп. Хатоларни топиб ёзиб қўйишганига раҳмат, лекин тузатишларнинг ўзи тузатишга муҳтож! Бунга нима дейиш мумкин? Шундай бўлгач, луғатнинг ичидаги маълумотларга бемалол ишониш мумкинми? Луғат тайёрлаган мутахассислар ўз ишларидан фойдаланишни унутиб қўйишган: луғат қисми бошланишидан олдин “Список помет и условных сокращений” деган сарлавҳа берилган, унинг тагига ўзбекчасини “пометалар ва шартли қисқартмалар рўйхати” деб ёзишибди, “помета” сўзининг ўзбекчаси йўқ, гўё!. Ваҳоланки, шу луғатнинг ўзида таржимаси берилган. Қаёққа қарашган бу мутахассислар?! Луғатни юзаки қараб чиққанда шунча хато! Синчиклаб ўрганилса, нима бўлади?

Луғат тузиш оддий китоб ёзишдан анча қийин иш эканини тушунаман, лекин бошқа бир нарсани тушунмайман. Ҳар қандай луғатни илгари кимдир ёзган бўлади. Бу, бизнинг замонга хос. Русча-ўзбекча луғатлар ҳам бир неча марта тайёрланган. Охирги китоб илгаригиларни сўз бошида бир эслаб ўтади-да, шу билан тамом! Янги китоб муаллифи сифатида салафларнинг исми кўрсатилмайди, лекин уларнинг меҳнат маҳсулидан юз фоиз фойдаланилади. Муаллифлик ҳуқуқлари жиҳатидан бунга қандай баҳо берилади, бу ўринда қўчирмакашлик (яъни плагиат) сўзини ишлатиш мумкинми, йўқми, бир нарса дейишим қийин.

1981 йили “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” икки жилд бўлиб, биринчи марта босилди. Сўз бойлиги 60 минг деб кўрсатилган. Унинг ичидаги сўзлар анча танқидга учради, кимлардир мазах қилиб, “ЎТИЛ” дейишди. Лекин бу китоб тил ўрганувчилар учун катта воқеа бўлган эди, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

2006-2008 йилларда унинг сўз бойлигини 80 мингга кўтариб, дабдабали 5 жилдга жойлаб, нашр этишди.

Биринчи нашр муаллифлари сони 10 киши, иккинчисинини – 8 киши. Ўн муаллифдан фақат биттасининг номи иккинчи нашрга киритилган, қолган 9 нафар муаллифнинг номи ўчиб кетди, лекин бажарган ишлари тўлалигича кейингиларга қолди.

1994 йили “Камалак” нашриёти икки жилддан иборат “Арабско-русский словарь”ни газета қоғозига босиб чиқарди. Сўзлар сони тахминан 42 минг, деб, иккала жилдга ёзилган. Муаллифи (Х.К.Баранов) кўрсатилмаган. Муқоваси қалин, пишиқ бўлса ҳам бир йилда “ёқавайрон” бўб кетди. Ҳай, майли, ишлатилавергандан кейин йиртилади, шикастланади, нимаям қилардик? Лекин, кейин ажабтовур ишлар бўлди. Худди шу китоб 2011 йилда бир жилд бўлиб, ўша нашриёт номидан, нашр йили 1994 кўрсатилиб, пештахталарда пайдо бўлди. Аввалги икки жилдда кўрсатилган 42 минг рақамларини қўшиб, 84 минг сўздан иборат деб ёзишган, ваҳоланки, жилдлар сонидан қатъи назар, сўзлар сони яхлит луғат учун кўрсатилади. Яна муаллифнинг руҳи чирқираб қолавеган.

2013 йили нашр қилинган бир китобни икки муаллиф тайёрлаган экан, бу ҳақда иккинчи саҳифада уч марта ёзилган: бир марта “Пистончи ва Палончи”дейилган, икки марта “Палончи ва Пистончи” деб ёзилган. Ҳаммаси битта саҳифада! Бунақа хатони тузатиш учун қанча ақл керак? Умуман, ақл керакми?

2016 йили чиққан бир китобнинг иккинчи саҳифаси тепасида икки киши муаллиф сифатида кўрсатилибди. Тагида китобнинг қисқача мазмуни берилган. Мазмун тугагач, саҳифанинг қуйи қисмида бошқа икки киши муаллиф деб кўрсатилган.

Ажаб савдолар! Нашриёт ходимлари қаёққа қараган?

Илмий китоблар қандай ёзилаяпти?

Шўролар даврида илмий китоб ёзиш жуда осон, нашр этиш эса, қийин эди. Мустақилликка эришганимизда нашр этиш ҳам осон ишга айланди. Сабаби – компьютер техникалари билан жиҳозланган кичик босмахоналар пайдо бўлди, муаллиф харажатни ўз ёнидан тўлаб, ўзи истаган миқдорда нашр эттириш имкони туғилди.

Бизда илмий китоб ёзишнинг осонлигига энг асосий сабаб – илмнинг амалиётдан холи тарзда ривожланишидир. Совет даврида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай ва, оқибат ўлароқ, бошқа салбий ҳолатлар болалаб кетган. Булардан энг даҳшатлиси – кўчирмакашлик, илмий тилда айтганда, плагиат, кейингиси – ноҳалоллик. Бу икки ҳодисани синонимлар деб қабул қилиш ҳам мумкин, лекин мен ноҳалоллик деганда, “осмондан олиб” ёзиб юборишларни назарда тутаяпман. Амалиётдан айро кетаётган илмда бунга имкониятлар катта, бировнинг иши бўлмайди, текширмайди, текширолмайди ёки инкор этолмайди, суриштириб келсанг, ўша илмнинг ўзи муаллифдан бошқа ҳеч кимга керак эмас.

Ўтган асрнинг 70-йилларида, Москвада яшайдиган ҳамюртимиз, машҳур математик Ҳалил Аҳмедович Раҳматуллин Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари билан учрашувда бир гап айтган эди: “Биз илмий тадқиқотларимиз мавзусини буюртма йўли билан олмаймиз, ўзимиз танлаймиз, ўзимиз хоҳлаганча ҳисобот ёзамиз, ўшанда ҳам ҳисобот топширишни пайсалга соламиз”…

Кўчирмакашликнинг бир манбаи – ўқув юртлари ўқитувчиси тайёрлайдиган конспектлардир. У дарсга тайёрланиш учун бир ё бир неча китобни ёнига қўйволиб, мавзуга тегишли жойларни кўчириб олади. Педагогикада бунга рухсат бор. Ўқитувчининг қурби етса, ўзидан бир нималарни қўшади ёки ўз тили билан ифодалайди. Аксар ўқитувчилар бундай қилолмайди. Бир марта тузилган конспект йиллар давомида “айланавергач”, ўқитувчининг шахсий мулкига айланиб қолади. Унинг билимига ҳеч вақо қўшилмаган бўлса ҳам, вақт ўтган сайин, ўзини “аллома” ҳис қила бошлайди, ниҳоят, алмисоқдан қолган, қоғозлари сарғайиб кетган конспектларини китоб ҳолда чоп этиш тараддудига тушади.

Илми ҳаминқадар, ёзишда нўноқ, ўзи ноҳалол, лекин довруғ таратишда моҳир “олим”лар бор, ўзлари мансуб ишлаб чиқариш тармоғи учун меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этаяптилар. Натижада, бундай ҳужжатлар асосида ишлаётганлар “мазза” қилишаяпти: ишларни пала-партиш ва нуқсонлар билан бажариш имкониятига эга бўлаяптилар, чунки айтилган меъёрий ҳужжатларда камчиликлар, хато кўрсатмалар тиқилиб ётибди! Ишлаб чиқилган янги ҳужжатлар Советлар давридаги меъёрлар даражасига яқинлашиб ҳам келмайди!

Бу гаплар ҳамма тармоққа тегишли демоқчи эмасман, битта тармоқдан яхши хабардор бўлганим учун айтаяпман…

Илмий ва ўқув муассасалари “Биз мана, бундай ишларни бажариб қўйдик!” деб мақтанишга қизиқиб, савияси пастдан ҳам паст мақолалар тўпламларини чиқариб ётишибди.

Шу ўринда олий ўқув юртларида ўқиш ва ўқитишга оид катта бир хатолик ҳақида айтиб ўтиш лозим. Бу, сиёсий-ижтимоий фанлар билан боғлиқ. Агар уларнинг мутахассисликка бевосита алоқаси бўлмаса, ўқув режасидан олиб ташлаш керак. Бу, совет тоталитар тузумидан қолган, чет элларда доим кулги бўлиб келаётган одат. Бундай фанлар ўқув режасининг 30-40 фоизини банд қилади. Бу кичкина рақам эмас! Талабани ҳар томонлама эзиб ташлайди! Катта орзулар билан ўқишга кирган талабаларнинг биронтаси ўша фанлар бўйича дарсларга ўз ихтиёри билан кирмайди, қўрққанидан киради, бир йўлини топса, кирмай юраверади, имтиҳон пайтида “ҳисоблашади”.

Талаба: “Пул тўлаб ўқийдиган бўлсам, ўзим ҳохлаган фанларни ўқийман” – дейолмайди, бунга ҳаққи ҳам йўқ! Бунинг жиддий сабаби бор, бу — амалиётдан узилган ҳолда фаолият юритаётган олимлар томонидан ёзилиб, вазирлик томонидан тасдиқланган “Стандарт”, бошқача айтганда, мутахассисга талаблар бор. Тузилган стандартларнинг сифати маълум, буни ўз фани бўйича дастур ёзиб берган ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам яхши билишади; “ура-ура” ва “ҳа бўл-ҳа бўл!”чилик билан тайёрланган “Стандарт”лар ишлаб чиқаришнинг талабларига жавоб бермайди. Бундан қатъи назар, ёзиб қўйилдими, тамом-вассалом, хоҳласанг ҳам ўқийсан, додласанг ҳам ўқийсан! Ўқимай кўр-чи! Дипломли бўлишни ўйлаб қўй!

Аслида, мутахассисга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқарувчи корхоналар илгари суриши керак, улар эса бунга қодир эмас, бу даражага етиб бормаган, ишлаб чиқаришга оид мавжуд шароитларда етиб боролмайди ҳам! Сабаб-оқибатлар бир-бирига шундай чирмашиб кетган-ки, калаванинг учини топиб бўлмайди!

Умуман олганда, илмга, билимга, малакага Стандарт ёзиш тўғри иш эмас, чунки стандарт, ўз номи билан, маълум бир даражада қотиб қолиш, демакдир…

Сиёсат билимдонлари ва амалдорлари томонидан олий ўқув юртларининг ўқув режасига тиқиштирилган сиёсий-ижтимоий фанлар мутахассислик илмларини ўрганишга тўғаноқ бўлади. Бундай фанлар олиб ташланса, мутахассислик фанларини ривожлантиришга катта имкониятлар юзага келади, талаба дарсларга ўз ихтиёри билан қатнашади, ёзиладиган китоблар ҳам юқори савияда бўлади.

Ҳозирги кунларда чет элларда нашр қилинган китобларни, Интернетга жойлаган китоблар ва мақолаларни кўчириб олиб, компьютер ёрдамида рус тилига ва кейин, ўзбек тилига таржима қилиб, ўз номидан эълон қилиш ва нашр этиш одат тусига кираяпти. Бунинг учун нашриётни айблаб бўлмайди, албатта. Нашриёт китоб қўлёзмасига тақриз талаб этади ва тўғри қилади. Тақризни муаллиф уюштиради, матнни тайёрлаб, иккита одамга имзо чектириб олади. Энди, гуноҳнинг катта улуши тақризчига ўтган бўлишига қарамай, унга ҳеч ким ҳеч нима демайди.

Кўчирмакашлик шунчалик балои азим экан, унга қарши курашадиган бирорта муассаса йўқми, деган савол туғилади.

Мен илм йўлига кирганимга 52 йил бўлди, кўплаб плагиатларни кўрдим, улар юксак илмий даражаларга, унвонларга, лавозимларга эга бўлишди. Битта илмий ғояни ёки жумлани на рус тилида, на ўзбекчасига эплаб ёзиб беролмайдиган, лекин қўша-қўша китобларни “ясаб” ташлаган “олимлар” саноқсиз. Биронтаси плагиатлиги сабабли жазо олганини эшитмадим…

Инсоф билан айтганда, ҳамма айбни олимларга тўнкаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Ишлаб чиқариш корхонаси илм билан қизиқмаса, олим айбдорми?

Илмга йўл бўлсин!

Шўролар даврида ишлаб чиқарувчи корхоналар учун кўп илм керак бўлмаган, “План”ни бажарса бас, ошиғи олчи бўлаверган. Мустақил Ўзбекистонда ҳозир ҳам аҳвол шу: корхоналар шу пайтгача маълум бўлган жиҳозлар ва технологиялар билан ишлаб турса, шунинг ўзи катта гап! Илмий ютуқлардан фойдаланиш, янги техника ва технологияларни қидириб топиш даражасига етиб бориш керак. Бунинг учун корхона вайрон бўлмай, ишлаб туриши керак, ўз навбатида, адолатли қонунлар бўлиши ва улар қоғозни безаб турмасдан, амал қилиши, инсофли солиқ системаси керак, корхонани турли-туман ноқонуний, лекин мажбурий тўловлардан озод қилиш, эркин фаолият юритишига қўйиб бериш керак!

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бир неча асрлардан бери

тинмай фаолият юритиб келаётган катта-катта корхоналар бор. Бизда умри, мустақиллигимиз билан тенгдош, яъни 25 йилдан бери ишлаб келаётган хусусий корхона топилармикин? Қаёққа қарама, эндигина оёққа туриб, ишларни яхши йўлга қўйган, мижозларга, аҳолига ибратли хизмат қилиб келаётган, маҳсулот ишлаб чиқараётган корхона қандайдир “жиноят” билан беркитилади, эгаси қамоққа ташланади, мол-мулки мусодара қилинади. Бунақа аҳволда илмга йўл бўлсин!

Кўпинча, хусусий корхона эгасига даромадни яширганлик айби қўйилади. Солиқларнинг аниқ меъёрини билмайман, лекин, фараз қилишимча, инсоф юзасидан бўлса, тадбиркор даромадини яширишдан уялади, шу арзимаган пулни деб, корхонамдан ажраб қолмай, дейди. Шунинг учун солиқ турлари ва меъёрларини қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Натижада, корхона даромадини яширмайди, текшир-текшир камаяди, корхоналар сони кўпаяди.

Солиқларни камайтиришдан давлат ютқизмайди, аксинча, корхоналар сони кўпайиши ҳисобига умумий тушуми ортади. Корхоналар кўпайса, маҳсулот кўп ишлаб чиқарилади, рақобат юзага келиб, тараққиётнинг йўлларини қидиришади, ниҳоят, илмга мурожаат этишади, ана шунда, илмий муассасалар хусусий корхоналарнинг буюртмаси билан ишлайди, давлатга боқиманда бўлмайди.

Ишлаб чиқариш — жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч! Бу менинг шахсий фикрим эмас, буюк алломалар асрлар давомида хулоса қилган оддий фалсафа! Жамиятнинг ҳамма жабҳаси, биз истаймизми, йўқми, ишлаб чиқариш кетидан эргашиб юради.

Нашриётга кўп нарса боғлиқ

Олимларнинг ҳаммаси кўчирмакаш, ноҳалол деган фикрдан йироқман, мақола бўлсин, китоб бўлсин, фақат ва фақат ўзининг тадқиқотлари натижаларини оширмасдан-тоширмасдан баён қиладиганлар ҳам озчилик эмас. Нашр бўладиган китобнинг сифати эса, олимдан кейин, нашриёт ва босмахонага боғлиқ. Нашриёт ҳодимлари: муҳаррир, техник муҳаррир, рассом, саҳифаловчи ва бошқалар олим қўлёзмада (бу сўз эскириб қолди, чунки ҳозир ҳеч ким қўли билан ҳам, машинка билан ҳам ёзмайди, фақат компьютерда ёзади, электрон нусхасини илова қилади) йўл қўйган хато ва камчиликларни ё йўқотиб сифатни оширишади, ё аксинча, қош қўяман, деб кўз чиқаришади. Амалиётда шу, иккинчиси кўпроқ рўй беради. Мен бу гапларни осмондан олиб гапираётганим йўқ, бир нашриёт томонидан жабрланган муаллиф сифатида айтаяпман. Китобни тайёрлаш жараёнида муаллиф иштирок этса ҳам, нашриётдаги уқувсизлик, малаканинг пастлиги, бетартиблик сабабли ғафлатда қолади, яъни китоби нашриёт ходимлари йўл қўйган турли хатолару бузилишлар билан чиқаётганини билмай қолади. Нашриёт раҳбари эса, парвойи-палак, унинг учун китоб чиқса бўлди, қай аҳволда чиқиши билан қизиқмайди. Муаллиф эса оҳ-воҳ қилганича қолаверади, чунки энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

Ҳали ишлар кўп

Ҳозирги кунларда нашр қилинаётган китоблар қанчалик қимматли ва салобатли бўлмасин, имло хатолар, орфографик ва стилистик хатолар билан чиқаяпти, баъзан кирилл алифбоси билан лотин алифбоси аралашиб кетаяпти. Тиниш белгиларига (вергул, тире кабилар) умуман қарамай қўйишди; “нинг” қўшимчасини, керак бўлса-бўлмаса ишлатавериб, гапнинг маъносини бузишаяпти, ҳатто кулгили гаплар ҳосил бўлаяпти; бу қўшимча, грамматик нуқтаи назардан тўғри ишлатилган бўлса-да, катта гапларнинг мазмунини бузади ёки тушунишда халақит беради.

Лотин алифбосига ўтганимиз тилимизни пароканда қилди, тилшуносларнинг ҳам ҳавсаласи пир бўлди, шекилли, бунақа хатоларга парво қилишмаяпти. Тилшунослар грамматика қоидалари бўйича ҳал қилиши керак бўлган масалалар ҳозир ҳам кўплаб топилади. Масалан, бир шахс иккинчи (учинчи ва ҳоказо) шахсга нисбатан ҳаракат содир этишини тўлиқ исмлар (ф.и.о. – фамилияси, исми, отаси)ни ёнма-ён ёзиб ифодалаганда, уларни ажратиб турадиган биронта белги керак, бунақаси назарияда ва амалиётда умуман йўқ. Шунинг учун матнларда ажнабий, айниқса, арабча исмлар келганда, ажратиб олиш мушкул, қайта-қайта ўқишга тўғри келади, қийинчилик туғилади, буткул нотаниш исмлар бўлса, умуман ажратиб бўлмай қолади.

Ҳозирги кунларда чиқаётган китобларнинг яна бир камчилиги техник муҳаррирнинг вазифаси билан боғлиқ: китобларда ҳарфлар билан лиқ-лиқ тўлган саҳифалар кўп учрайди. Шундай пайтда ўқувчи сифатида ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Мени эса, юрагим зириллаб кетади! Матн ўта даражада қизиқарли бўлса ҳам, бундай нохуш ҳолат сақланиб тураверади.

Дизайни аъло даражада тайёрланган китоблар кўп. Масалан, Лев Гумилев ва унга ўхшаган бошқа тарихчиларнинг бир хил серияда чоп этилаётган (Москвадаги нашриёт) китобларини очиб кўрсангиз, дилингиз яйрайди, ўқигингиз келади, китобнинг қалинлигидан чўчимайсиз. Бизнинг ноширлар қачон ўрганади, бунақа нозик ишларни?…

Китоб ҳақида фикр юритганда, тилимизга оид муаммолар ҳақида ҳам тўхталиш лозим эди, лекин бу алоҳида ва жуда улкан мавзу бўлгани учун мақолани шу ерда якунлайман.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан бошланиб кетган савоб ишлар орасида китобхонликни ривожлантириш ҳам бор. Ёқимли шаббодалар эса бошлади. Бу ёғи Китобга алоқадор ҳар кимнинг самимий ва ҳалол меҳнатига боғлиқ.

Қудрат Дўстмуҳаммад

2017 йил, 7 феврал

Saralangan insholar to’plami kitobchasi

Turli mavzularda yozilgan, rejasi, tayanch iboralari bilan keltirilgan insholar to’plamini qabul qiling.

Ushbu kitobcha PDF formatda bo’lib asosiy deb hisoblangan 15 mavzuni qamrab olgan.
Insholar to’plami kitobchasini – yuklab olish.
Saytimizda shuningdek 5-9- sinflar uchun bayonlar to’plami ham bor. Bayonlar bilan tanishish va yuklab olish uchun ushbu sahifaga o’ting.
Eslatib o’taman, saralangan insholar kitobchasini telegramdagi @baxtiyoruz kanalimizdan ham yuklab olishingiz mumkin.

Получите сборник эссе на самые разные темы, с планом и основными фразами.

Этот буклет в формате PDF охватывает 15 основных тем.
Скачать буклет сочинения.
Также у нас есть сборник рефератов для 5-9 классов. Перейдите на эту страницу, чтобы просмотреть и скачать выписки.
Напомню, что книгу избранных эссе вы также можете скачать с нашего канала @baxtiyoruz в телеграмм.

Sizni ushbu maqolalar ham qiziqtirishi mumkin:

  1. 5-9 sinflar uchun bayonlar to’plami
  2. Insholardagi matniy xatolar, ularni tuzatish metodikasi
  3. Ona tili va adabiyot fanidan diktantlar to’plami, uslubiy tavsiyalar
  4. Ertak qahramonlari rasmlar to’plami
  5. Ona tili va adabiyot fanidan olimpiada savollari 9-, 10-, 11-sinf
  6. Til haqida she’rlar to’plami
  7. 6-sinf adabiyot fanidan mavzulashtirilgan testlar to’plami
  8. 7-sinf adabiyot fanidan mavzulashtirilgan testlar to’plami
  9. 5-sinf ona tili fanidan mavzulashtirilgan testlar to’plami javobi bilan
  10. 5 tashabbus uchun she’rlar to’plami