Press "Enter" to skip to content

Kecha Va Kunduz Audio Kitob – Бесплатно скачать Mp3

Все песни были найдены в свободном доступе сети интернет, а файлы с произведениями не хранятся и не загружаются на наш сервер. Если Вы являетесь правообладателем или лицом, представляющим правообладателя, и не хотите чтобы страница с произведением, нарушающие Ваши права, присутствовала на сайте, воспользуйтесь данной формой DMCA.

Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарлик йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлгусин билмай қулочни катта отдим-ку.

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим.
Кўзимдан ёшни жў айлаб аламлар ичра ботдим-ку.

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

КЕЧА

Ҳамал келди, амал келди.
Халқ мақоли.

Ҳар йил бир келадиган баҳор севинчи яна кўнгилларни қитиклай бошлади. Яна табиатнинг дилдираган танларига илиқ қон югурди…
Толларнинг кўм-кўк сочпопуклари қизларнинг майда ўрилган кокилларидай селкиллаб тушмоққа бошлади. Муз тагида лойқаланиб оққан сувларнинг ғамли юзлари кулди, ўзлари ҳорғин-ҳорғин оқсаларда, бўшалган қул сингари эркинлик нашъасини кемира-кемира илгари босадилар. Симёғочларнинг учларида якка-якка қушлар кўрина бошлади. Биринчи кўринган кўклам қуши биринчи ёрилган бодроқ нашъасини беради. Бултур экилиб, кўп қошларни қорайтирган ўсма илдизидан яна бош кўтариб чиқди… Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан бу кўкат! Эркакларнинг гуллик дўпписига тегмай, яланг аёллар билан, уларнинг сочлари, гажаклари ва рўмол попуклари билан ҳазиллашиб ўйнаган салқин шабада… кўклам нашъаси билан шўхлик қилади.
Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади баҳорда?

Зеби (Зебиниса)нинг қиш ичи сиқилиб, занглаб чиққан, кўнгли баҳорнинг илиқ ҳовури билан очила тушган; энди, устига похол тўшалган аравада бўлса ҳам, аллақайларга, дала-қирларга чиқиб яйрашни тусай бошлаган эди. Қиш ичи ҳам кети узилмаган совчилар бир-икки ҳафтадан бери келишдан тўхтаганлар, энди ташқари эшикнинг «ғийт» этиши — бир-икки аёлнинг астагина босиб, паранжисини судраб кириб келишига далолат қилмас, ҳали эндигина ўн бешга қадам қўйган бу ёш қизнинг гўдак кўнглини унча чўчитмас эди.
Кўк териш баҳонаси билан бир-икки марта кенг ҳовлиларга, шаҳар ичида бўлса ҳамки, дала-тузларга чиқиб келганидан бери кўнгли қирларни, далаларни, ишқилиб олис-олис жойларни яна кўпроқ тусай бошлаган эди.
Отаси бомдоддан кирмаган, онаси сигир соғиш билан овора, ўзи кичкина саҳнни супуриб турган вақтида ташқари эшикнинг бесаранжом очилиши Зебининг кўнглини бир қур сескантириб олди. Бир қўлида супургиси, бир қўли тиззасида — ерга эгилган кўйи эшик томонга тикилиб қолди. Отасининг одатдаги томоқ қириш ва йўталишлар билан, катта эшикнинг оғир занжирини шарақ-шуруқ қилиб тушириб, намозга чиқиб кетганига ҳали кўп ўтмаган эди. Ҳалол-ҳаромни кўп ҳам фарқ қилмайтурган бу одамнинг авродда ўтириш одатлари, ҳатто ҳаммадан кейин қолиб, мачит шамларини пуфлаб чиқиш расмлари бўларди.
Айтгандек, эшикдан шошилиб кириб келган — ёшгина, ўзи тенги бир қизча бўлди. Ҳали тузук-қуруқ одам қаторига кириб етмаган бу қизчани катта хотинларнинг орият паранжисига буркаганлар, паранжининг узун этаклари катта бир тугундек унинг қўлтиғини тўлғазарди…
Ўранган қиз ичкари эшикдан ҳатлар-ҳатламас паранжини ирғитди ва ўзининг болалик руҳи билан югурганича бориб Зебини қучоқлади. Иккаласи қувона-қувона кўришдилар. Супурги етган жойидан нарига ўтмасдан ерга ёнбошлади… Иккала ёш — юзлари кулган, кўнгиллари ёзилган — қўлтиқлашиб айвонга бордилар ва Зебининг отаси туриб кетган сўрининг чеккасига ўтиришдилар.
Салти (Салтанат) эрта саҳарда мунақа ҳаллослаб келишининг сабабини ҳали айтгани йўқ эди, улар кўришган ҳамон, ёш қизларнинг ўз ораларида ўтатурган маҳрам гапларини гаплашиб, тикаётган кашталари, пилтага кирган дўппилари тўғрисида бир-бирларига калта-калта маълумот беришган эдилар. Салти энди гап очди:
— Эрта саҳарлаб чопганим бекорга эмас…
— Мен ҳам сезганман… Юрагим бир қур сесканиб ҳам олди…
— Нимага, ўртоқжон?
— Ўзингиз билган совчилар балоси-да… Қиш ичи кети узилмади.
— Менам безганман, жоним қақа… шунинг учун бир қишлоққа чиқиб келсаммикан, деб эдим…
— Нимасини айтасиз… Ариқдаги сув ҳам музнинг тагидан чиқди-ку.
Зебининг юзини, шу топда, бутун қиш ичи тўпланиб қолган ҳорғинликнинг асарлари эгаллаган эди. Унинг иккала юзи, айниқса, кўрпанинг катта-катта қавиғига тикилган андишалик кўзлари ҳовур босган ойнакнинг бетига ўхшарди. Аксинча, Салтининг юзлари чарақлаган юлдуздай, сернашъа, қувноқ ва ҳар қандай андишадан йироқ бўлиб, кўнглининг чуқур бурчакларидан чиқиб келган севинч тўлқинларини акс эттирарди. Шу учун у Зебининг сўнг сўзларидаги оғир маъюсликни пайқай олмади. Унинг кўзлари Зебида бўлса ҳам, назарлари бошқа ёқларда эди.
— Энахонни биласиз-а? Ёйилма сойдаги ўртоғим бор-ку?
Зеби бошини кўтариб, ўртоғига қаради, шу қараш унинг нечикдир Энахонни эслолмай турганини кўрсатарди. Сўнгра Салти таъриф қилди:
— Ўтган куз бизникига меҳмон бўлиб келишдику — келинбибиси билан бирга? Ўшанда неча марта киши юбориб чақиртирдим, бормадингиз, отангиз жавоб бер-мади…
Зеби бош тебратди:
— Ҳа, ҳа… билдим, билдим. Ўзини кўрганим йўқ-ку, эшитиб биламан.
— Ана ўша қиз ўша сафар келганида мени айтиб кетиб эди. Баҳорлашиб бир бориб келаман, деб юриб эдим. Яқинда яна айтиб юборибди. Шунга тенг-тўшларим билан бир бориб келмоқчиман. Сизни ҳам олиб бораман…
— Қачон?
Зебининг бу калта саволидан Салти кўп нарсани англади. Бу савол Зебининг иложи бўлса шу кун паранжисини қўлига олиб (ёпиниб ҳам ўтирмасдан!), шу ердан узоқлашмоқ учун талпинганини кўрсатарди. Шу учун Салти:
— Мен сизни олиб кетгали келдим, айланай! — деди.
Ва икки ёш бола ниҳоясиз қувончлар ичида яна бир-бирларига чирмашдилар…

Одатда онанинг кўнгли юмшоқ бўлади. Зебининг онаси — Қурбонбиби Салтидан ҳалиги чақириқни эшитгандан кейин дарҳол розилик берди:
— Майли, ўйнаб, ёзилиб келинглар. Қиш ичи юракларинг ғаш бўлгандир… Ёш нарсалар, — деди. Зеби онасининг берадиган жавобини илгаридан биларди. Бу она қизининг саодатидан бошқа нарсани билмайдирган оналардан эди. Дунёда қандай яхшилик ва хайриятлик бўлса, ҳаммасини шу биргина қизи учун истар ва орзу қиларди. Лекин…
Онанинг розилик сўзларига бу биргина «лекин» элчиб келганидан, бечора қизлар севиниш тўлқинларини яна бир қур кўтаришга фурсат тополмадилар.
Ҳамма жим қолди. Ҳар ким ўз олдида бир нарса топиб шунга кўз тиккан ва у нарсада Зеби — ўз отасини, Қурвонбиби — ўз эрини, Салти — қовоғидан доим қор ёғиб турган совуқ бир сўфини кўрарди.
Бу булутли ҳавони очмоқ фақат онанинг вазифаси эди:
— Отаси бомдоддан кирсин, — деди у Салтига қараб, — мен ўзим ётиғи билан айтиб кўрай, йўқ демас, — сўнгра Зебига юзланди: — Сен, қизим, уйга жой қил, ўртоғингни ўтқиз, дастурхон сол. Биз, отанг билан, чойни сўрида ичиб, ҳалиги гапни гаплашамиз.
Иккала қиз ҳам оғиз очмай жим қолишди. Чунки Раззоқ сўфининг мижозини уларнинг иккаласи ҳам яхши биларди. Сўфига энг маъқул бир масалани бўлса ҳам уқтириб розилигини олмоқ учун ё ўзининг пири, ёки катта бир давлатга эга бўлиш керак эди. У одам ўз тенгларидан ҳеч бирининг ҳеч қачон ҳеч бир гапини тинглаган эмасди. Аёллардан маслаҳат, айниқса, ўз хотинидан бир таклиф эшитмоқ учун Раззоқ сўфининг қайта бошдан бунёдга келиши керак бўларди…
Шунинг учун Зеби кўзлари андиша билан кенгайиб очилгани ҳолда индамасдан жойларни йиға бошлади.
У ўринларни йиғиштириб, нонушта жойларини тайёрлаб бўлгандан сўнг ўчоқ бошида чойнакларга чой ташларкан:
— Отамдан дарак йўқ-ку? — деб сўради онасидан. Қурвонбиби бир кўча эшигига, бир ёнбошдаги дарахтлар орасидан кўтарилиб келаётган қуёшга, бир ўчоқбошидаги қизига қарагандан кейин:
— Билмадим, аврод чўзилиброқ кетдимикин? Сен чойни жиндек қўйиб туриб, чала қолдирган ерларингни супиратур, келиб қолар, — деди.
Зеби шу топда яна қайтиб қўлига супурги олишни истамасада, ўртоғининг «бу қиз энасининг гапига кирмас экан», деган ўйга боришини ўйлаб, индамасдан супургини қўлига олди ва бир қўлини бир тиззасига қўйиб, саҳн бетини супура бошлади. Зебининг чой дамлаб келишини кутиб, уйда — дастурхон бошида ўтирган Салти иккала қаноти очиқ турган эшик орқали бу ҳолни кўрганидан кейин ўрнидан туриб, ўртоғининг ёнига чиқди. Зеби уни узр айтиб қарши олди:
— Ўртоқжон, — деди, — отам авродда ўтириб қолди, шекилли, шунақа одати бор. Эндиёқ кириб келса керак. Хафа бўлманг-а?
Бу сўнгги калта жумланинг айтилишидаги самимият бир-бири билан яқин ўртоқ тутишган ёш қизлардагина бўлади. «Хафа бўлманг-а?» деб турган вақтида Зебининг юзини кўриш керак эди, бир қўлида супурги, бир қўли тиззасида, супурги ҳам ердан узиб олинган эмас, фақат бош юқори кўтарилгану бутун вужуд Салтининг ихтиёрида! Кўнгил, орзу, севги, севинч… булар ҳаммаси Салтига томон учади, унга томон отилади, уни ўраб, уни айлантириб, уни қучади! Зебининг юзларидаги — ойдай тиниқ ва қуёшдай ёруғ бу ҳолат моддий ҳақиқатлар қадар очиқ кўринарди.
Ўртоғининг бу самимиятини Салти ҳам кўз билан кўрибгина эмас, кўнгил билан сезиб англаган эди. Шунинг учун у Зебининг сўзига жавоб ҳам бериб ўтир-
масдан, бирданига унинг қўлидаги супургига ёпишди. Ўз кўнглида, супургини олиб, бир оз супуришиб берса, ҳалиги самимиятга яраша жавоб берган бўларди. Зеби супургини қўлдан олдирди, лекин ўртоғи супура бошлагандан сўнг:
— Вой, бу нимаси! Қўйинг, ўзим супураман! — деб яна супургига ёпишди. Салти бермади, бу олмоқ истади; Салти қочди, бу қувлади; шундай қилиб, саҳнни супуриш ўрнига бу икки ўртоқ бутун ҳовлини бошларига кўтариб, шовқинлар ва қийқиришлар билан дунёни бузиб, бир-бирларини қувлашиб кетдилар…
Ўз уйининг қабристонлар қадар жимжит, хонақоҳлар қадар унсиз, ўз кўнгли қадар тунд ва хўмрайган бўлишини истаган Раззоқ сўфи худди шу ола-тўполон устига кириб келди!
Эшикдан кирар-кирмас овозининг борича:
— Бу нима қиёмат. — деб шовқин солиши иккала ёш қизни, чақмоқ теккан дарахтдай, турган жойларида қотириб қўйди. Йўқса, сўфи эрининг диндор хотини бўлган Қурвонбиби ҳам «бас энди!» деб озмунча қичқирмаган эди… Агар бу совуқ сўфи кириб келган бўлмаса, икки ёш қизнинг қиш бўйи тўпланган кўнгил ғашликлари бир оз шўхлик билан анча ёзилган бўларди. Зотан, уларнинг ўзларини унутар даражада бир-бирлари билан бу хилда ўйнашувлари ўша ғам-ғашлар пур-жинасининг бўшалиши, сиқинтилар оқимининг тўғонини бузиб, олдинга томон йўл солиш эмасмиди? Бундай телбаларча кўпириб-тошувларни тўхтатмоқ учун ҳам, албатта, телбаларча ҳайқиришлар, чақмоқ қадар қувватли зарблар лозим бўларди.

Раззоқ сўфида ундай қувват ортиғи билан бор. Бу одам, жадиднамо бир ҳамшаҳрининг деганидек, «кўргазмага қўйилатурган антиқа махлуқлардан эди». Айтишларича, уни она қорнидан сиҳат-саломат туширтирган ва биринчи дафъа йўргаклаган кампир ҳазилкашлиги ва шўхлиги билан хотин-халаж ўртасида донг чиқарган Ҳамро энаймиш. Болани йўргаклаганидан кейин ҳали у қадар одам кепатасига кирмаган юзларига тикилган ва мана бу сўзлар билан эркалатганмиш:
— Айланай, меҳмон, кимдан хафа бўлиб тушдингиз? Ким озор берди сизга? Айтинг! Қовоғингизни очсангиз-чи! Ёруғ дунёга келдингиз! Шукур қилинг! Се-вининг! Мундоқ бир кулинг! Кулимсиранг! Илжайинг.
Ўшанда кулмаган Раззоқ сўфи ундан кейин ҳам кулмай ўтди. Кулиш билан йиғлаш орасида катта фарқ бор. Кулиш билан кулмасдан теккина жиддият сақлаб туриш орасида ҳам анчагина масофа бор. Шу учун Раззоқ сўфининг кулишларини кулиш, деб бўлмайди.
Кулмасдан чидаб бўлмайдиган мақомларда у ҳам кулади, лекин у кулиш — касал одамнинг кулишидай оғир, бир хил совуқ ҳазиллардай малол келтирувчи, ёлғон хушомадлардай кўнгилга урувчи бўларди. Бир кун Зебининг жуда жиддий бир чеҳра билан:
— Отам кулмас экан-да! — деганини эшитиб, Қурвонбиби койиб берган эди. Шу ҳақиқатни айтгани учун қизидан алайна-ошкор койинган Қурвонбиби, бу ҳақиқатни ўзи ўз кўнглида неча марта такрорлаган бўлсайкин. Тил билан бировнинг айбини айтиш осон, ўз тили билан ўз айбини айтадиганлар жуда кам, Қурвонбиби ҳар қанча сўзга эпчил хотин бўлса ҳам, уни бу камлар орасига қўшиб бўлмайди.
Қурвонбиби сўзга қанча эпчил бўлса, Раззоқ сўфи шу қадар камгап, индамас, дамини ичига солган, зикна одам эди. Ташқари оламда, яъни ўз ҳовлисидан ташқарида унинг доимий ва бирдан-бир вазифаси: ўзидан улуғ ва кучлилар гапирса — «ҳовва-ҳовва», демак, ўзидан паст ва кучсизлар гапирса — «йўқ, йўқ», деган маънида бош чайқаш бўларди. Уйида вақтида унинг оғзидан одам болалари ўртасида юратурган тузук, маънилик ва «гап» деса бўладиган бир сўз чиқмас эди. Умуман, сўфининг бу бобда ўзига кўра асоли бир маслаги бор: у ўзи мақтаниб айтганидай, хотин-халаж олдида оғиз очиб тил қалдиратишни раво кўрмайди. «Бу тил, — дейди сўфи, — доим худонинг зикри билан қалдирайди. Бу оғиз ҳамма вақт худонинг зикрига очилади. Оғиз билан тил — банданинг жисмида энг азиз ва табаррук аъзолар. Уларни хотин кишидай паст махлуқ олдида хор қилинадими? Бўлмаса, ҳақ таолонинг бандалари ит билан ҳам гаплаша берсин! Йўқ, хотин кишига жуда зарур гап айтилади, у тоифа билан зарурат юзасидангина гаплашилади. Вассалом!»
Ўзбекда ахир ҳар бир эркак ўз хотинини — ўз ҳалол жуфтини қизи ё ўғлининг номи билан атаб чақиради. Ўз хотинининг исмини айтиб чақириш ярамайди. Хо-тинининг исми Марям, қизининг исми Хадича бўлса, мўмин-мусулмон: — шарму-ҳаё юзасидан бўлсамикан? — хотинини «Хадича» деб чақиради. Аксар она-бола баравар «лаббай!» дейди; шундай-да, оиланинг ҳақиқий эгаси бўлган ота: «Каттангни айтаман, каттангни!» дейди. Ҳатто шунда ҳам «Марямни», демайди…
Бизнинг сўфи мўмин-мусулмоннинг бу урфига ҳам амал қилмайди, у ўз ҳалол жуфти Қурвонбибини ҳамма вақт «Фитна» деб чақиради: «Фитна, салламни бер!», «Фитна, қиз ўлгуринг қани?», Фитна, пулдан узат!»
Қурвонбиби, сўфига аччиқ қилиб бўлсами ё ўзининг яратилиш ҳамрида шу нарса борми, ҳар қалай фитналикдан, яъни макр ва фирибдан холи эмас. Эрининг хотин-халаж олдида гапирмаганига унча хафа бўлмаса ҳам, лекин ўз ҳалол хотини олдида гапирмаганига куяди ва шу куйиш орқасида фириб йўли билан сўфини гапиртиради; баъзида тилларини бурро қилдириб сайратади. Бунинг учун сўфининг аччиғини келтирадиган эмас, унинг бир оз ғашини қўзғататурган бир гап айтиб қўяди. Ана шунда хотин-халаж олдида оғиз очиб тил қалдиратишни сўфидан кўринг! Бай-бай-бай!
— Эшон бобом сиздан дилгир эмишлар, — дейди бир кун Қурвонбиби сўфига.
Сўфининг тошдай қаттиқ ва буюмдек ҳаракатсиз юзи бирданига турли-туман ўзгаришлар ва ҳаракатларга жавлонгоҳ бўлади:
— Нима дединг, Фитна? Нега дилгир бўлибдилар?
— Назир қилган кокилини кестиришга келган бир болага хушомад қилибсиз…
Шу бас! Энди, бизнинг сўфи сўзга уста бир хатибга айланади.
— Ишқ икки хил бўлади, Фитна. Тушунмай гапирма! Ишқи маъжозий, ишқи ҳақиқий…
Қурвонбиби бу сўзларга тушунмаганлигидан эрини сайратиб қўйиб, ўзи дарров зерикади. Шу учун у:
— Ҳа, шундайми? Мен билмабман. Омиман-да, — деб тезроқ қочиш ҳаракатига тушади.
Хотини бурилиб кетганидан кейин сўфи ҳам сўздан тўхтайди.
Шундай қилиб, сўфи жойи келганда ва ғашига тегилганда, — гўрда ҳам гапиради. Ҳам гапирганда қандай!
Уйида вақтида Раззоқ сўфи ё ариқ бўйидаги кўкатларни юлиб, ё эшик ва дарвозаларнинг бўшалиб қолган занжирларини маҳкамлаб, ёки ҳовлида ўтин қирқиб, ё бўлмаса — икки қўли орқасида, дам ичкарига кириб, дам ташқарига чиқиб, дам ҳовлига ўтиб, лабларини ари чаққан одамдай оғиз очмасдан, индамасдан юра беради… Ёз фаслида, кўпроқ кундузи ухлайди, кечалари, тонг отгунча, ўзи ёлғиз, баланд овоз билан «Облоҳу!» айтиб, ўз оиласини ва қўни-қўшнини ухлатмайди. Эшон бобо бўлмаган кунлари салқин хонақода жуда маза қилиб ухлайди, дейдилар. Баъзида бошқа муридлар уни кўрпа-тўшаги билан ҳовузга ташлар эканлар. Уйда бўлса, уни — хонақо сингари — салқин қилдириб, ундан кейин чўзилади ва пешиндан кейин уйқуга кетган бўлса, шомга бориб зўрға туради: шунда ҳам Қурвонбибининг қичқиришлари билан… Намозгар, аксари, уйқуга қурбон бўлади, шу орқада ўз хотинидан кўп таъналар ҳам эшитади. Аммо бу хусусда тили қисиқ, индаёлмайди…
Қиш фаслида бўлса, кечаси ухлайди. «Бир сиқим кун бор, ухлаб ўтказсам, Қашқардан ҳам олис қиш кечасини қандай ўтказаман? Уйқу — умрнинг таноби!» дейди; бу буюк фалсафа лойиқ ва муносиб кишиларга айтилади. Бечора оила аъзолари, умуман, хотин-халаж бу уйқу фалсафасини билишдан маҳрум!
Шаҳарда бўлса, ўз уйидан бошқа жойда бир кеча ҳам ётмайди. Эшон бобонинг қайси бир тўйида, тонг отишга яқин, уйига келиб ётган экан… Шаҳардан ташқарига юриши кам. Фақат эшон бобо билан бирга (фақат ўша киши билан!) тўйларга, катта зиёфатлар, қовун ва мева сайилларига боради. Унда, албатта, беш-тўрт кун уйидаги кўрпа-тўшаги совуйди. Қурвонбибининг сўзича, «дам олади», Зебининг таърифича, «яйрайди». Бир марта қайси бир тўй бир ҳафтага чўзилиб кетгач, олтинчи куни бизнинг сўфи эшондан сўрамай қочиб келган! Ўшанда эшон бобо бир неча вақтгача сўфидан дилгир бўлиб юрганлар.
Шу муносабат билан Қурвонбиби яна бир марта олди:
— Ҳаст эшон билан бирга бориб, у киши туфайли шунча иззат-икром кўриб, ноз-неъматга сероб бўлиб… ҳаст эшондан бурун қочиб келганингиз нимаси? Шаҳарда очилмаган дўконингиз ё тўхтаб қолган обжувозингиз бормиди?
Сўфи яна паст тоифа олдида муборак оғзини очиб, азиз тилини қалдиратмоққа мажбур бўлди.
— Бадбахт Фитна! Қўясанми, қўймайсанми, ахир? «Ҳуббил ватани минал-имон», деганлар — «ватанни севиш имондан», ахир! Билмасанг бекор-да, Ватани йўқ — дунёда лўли, холос. Мени беватан, деб билдингми?
Сўфи бир оз қизиб ҳам кетди:
— Бу ҳовли-жой отангдан қолгани учун ўзимники дейсанми ё? Ундай десанг, бошпут олиб, ўрусвойнинг релига тушиб, «ҳайт!» деб… Маккатуллога жўнаб қола-ман! Ҳовлинг бошингдан қолсин, Фитна!
Бу сафар Қурвонбиби ялиниб-ёлвориб зўрға тинчитди.
Чинакам, сўфида ҳажга бориш нияти кучли. Ҳар йили жаврайди. Бир-икки марта паспорт ҳам олди. Фақат, нима учундир, оёғини ўз шаҳрининг тупроғидан уза олмайди.
Бу тўғрида ҳам — «ватанни севиш имондан», деб — «ватани»дан кечиб кетолмайдими? Ҳар қалай, бир сири бор.
Унинг маълум бир касби, ҳунари йўқ. На савдо-сотиқ қилади, на деҳқончиликка уринади, на косиб-ҳунармандлик пешасини тутади. Шу билан бирга, дастурхони нонсиз, қозони иссиқсиз қолмайди…
Қайси бир йил олис бир қишлоқдан ўгай акаси келиб, уч-тўрт кун қўниб кетган эди. У ҳам ўзига ўхшаган мўмин-мусулмонгина чол бўлганидан жуда топишдилар. Ҳар кун хонақога бирга борардилар.
— Сўфи, бир касб пешасини тутмай ўтиб кетаётирсиз-а? — деди унга акаси хонақога кета туриб.
— Э-э, — деди сўфи чўзиб ва ўзидан хурсанд бир кулимсираш билан кулимсиради: — менинг давлатим ҳеч кимда йўқ, ака! Эшон бобо худойимнинг севган қули, нозу неъмат тўрт тарафдан сувдай оқиб туради. Дарё бўйидамизу чанқаймизми? Ғалати экансиз!
Шу кулимсираш билан яна бир оз боргандан кейин, бу сафар жиддийроқ қилиб, деди:
— Аҳлиямиз ҳам уччига чиққан чевар, худога шукур. Ожизамиз ҳам дўппи тикишга «фаранг» бўлиб чиқди! Рўзғорнинг кўп-камларини ўзлари битиришади. Мен боҳузур тасбиҳимни айлантириб ётсам бўла беради!
Сўфининг ўша акаси ўтган йил кузакда яна келди.
Аммо бу сафар жиддий бир масалани кўтариб келган эди. Бир-икки кун меҳмон бўлгандан сўнг гап очди:
— Сўфи, ўзингиз «ватан», «ватан» дейсиз-у, ватанингизни билмайсиз.
Сўфи шу «билмайсиз» деган нарсага тутоқиб кетди:
— Нега билмас эканман, ака! Билиб гапирсангиз-чи!
— Жаҳлингиз чиқмасин. Билиб гапираётирман. Ватанингиз — ота-онангиз ўтган, ўз киндигингиздан қон тўкилган, ота-она арвойига шам ёқиладиган жой эмасми?
Сўфи жим қолди. Ҳатто, кўзларига ёш келгандай бўлди.
— Нимага индамайсиз? — деб сўради акаси.
— Ҳақ гапга нима дейман? Қизиқсиз…
— Бўлмаса, ватанингиз — ўша ўзимизнинг қишлоқ.
— Ҳа, ўша қишлоқ…
Иккови ҳам бир нафас жим қолишди. Сўфи мисвагини қинидан чиқариб яна секингина солиб қўйди. Чол тиззасига тушган хазон баргини сопидан ушлаб пилдиратаркан, деди:
— Мен сизни ўша қишлоққа олиб кетай, деб келдим. Сиз, ахир, мен билан бир шапалоқ ерни талашиб, шу тўғрида нари-бери бўлишиб, шу туфайли шаҳарга келиб қолган эдингиз…
Сўфи хўрсинганидан овози қалтираб, деди:
— Эски гапларни қўзиб нима қиласиз? Бўлар иш бўлиб ўтди… Ери ҳам қурсин, мероси ҳам…
— Йўқ, сўфи! Ундай деманг!
Аканинг бу сўзи кескин овоз билан, қўмонда сингари айтилган эди. Сўфи бошини кўтариб, акасининг юзига тикилиб қолди, акаси давом этди:
— Ердан азиз ҳеч нарса йўқ! Отамиз раҳматлик, боболаримиз, ундан наридагилар — ҳаммаси бир шапалоқ ердан ризқини чиқариб келган… Ростми?
Сўфи эшитилар-эшитилмас қилиб:
— Рост… — деди.
— Сиз нега ердан қочасиз?
Сўфи бу тўғри саволга бошқа жавоб эплай олмади.
— Ер қани менга? — деди. — Бир шапалоқ ерингиз бор, ўзингизга етмайди…
Акаси дадил жавоб берди; жавобга бошларкан, унинг юзлари кулган, тишсиз — кемтик оғзи севинч билан очилган эди:
— Сойнинг нариги юзидаги дўнгни секин-секин олиб ташлаб, ер қилдим. Яна бир шапалоқ сувлик ер бўлди. Энди, одамдану дастмоядан қийналаётирман…
— Нима қилай? — деди сўфи, овози жуда паст эди. — Қўлимдан нима келади?
Акаси бу сафар жиддийлашди:
— Шаҳарни ташланг!
Сўфи акасининг сўзини бўлиб, алланима демоқчи бўлган эди, у қўймади:
— Сиз шошманг! Гапни эшитинг!
Сўфи жим бўлди. Сўнгра акаси давом этди:
— Шаҳарни ташланг! Бу ҳовлини сотинг! Шаҳарда ҳовли-жойни яхши пулга олади. Қишлоқдан кичкина бир ҳовли оламиз — мунинг ярим пулига ёки учдан бирига. Қолганига асбоб оламиз. Ўз еримизнинг ёни-беридан бир парча яна ер топамиз… Уни ҳам оламиз. Ҳали бардамсиз, биргалашиб ишлаймиз. Дурустми?
Сўфи индамасди; оқ дўпписини бошидан олиб, буклаб ўйнарди…
— Қани, бир нарса денг!
Сўфи ҳеч нарса демай, ўрнидан турди. Яна дамини чиқармасдан, ичкарига томон бир-икки қадам босди. Кейин яна орқасига қайрилиб, деди:
— Мен салла-тўнимни кийиб чиқай. Жумани хонақода ўқиймиз. Кеч қолдик…
Акаси хонақога кетаётиб, яна шу гапни қўзғатди:
— Хўп, денг. Кишлоққа кетайлик! Ўлим — ҳақ! Ўлар вақтда бир-биримиздан йироқ тушиб, бир-биримизга ташна бўлиб ўлмайлик…
Сўфи бир улоқчи тойни кўрсатди:
— Жонивор-э, заб от бўлибдими? Бай-бай-бай! Жимлик чўкди. Кейин яна гап бошланди:
— Нима дедингиз? Гапиринг? Кампир ҳам жон деб турибди…
— Ана у, Умарали шиғовилнинг ҳаммоми… Юз етмиш йил бўлган эмиш.. Ҳали ҳам бир ғишти кўчгани йўқ… Ичига кирсанг, жаранглайди…
Акаси ўз гапини едиролмагач — Қурвонбиби билан маслаҳат қилиб туриб — масалани эшон бобога арз қилди.
Эшон аввал:
— Сўфи ўзи қани? — деб сўради. Сўфининг акаси:
— Уйда қолди… Сал тиши оғрибди… — деди.
Эшон кулди:
— Тиши оғрибдими? — деди. — Бай-бай! Тиш оғриғи ёмон нарса. Боринг, айтинг: каппоннинг бурчидаги сартарошга борсин, омбир солиб, дарров олиб ташлайди. Тинчийди-қолади… Боринг, омин оллоҳу акбар!
Шу билан сўфининг акаси ноумид бўлиб, қишлоғига кетди. У отига отланиб, хайр-маъзур қилганда, сўфи ичкарида «Ҳикмат» ўқиб ётарди. Локисини юзига ту-тиб, дарвоза олдигача Қурвонбиби чиқди. Узун енги билан кўз ёшларини артиб, қишлоқи меҳмонни узатди. Қурвонбибининг ёнгинасида туриб, тиниқ овози би-лан: — «Хайр энди! Адолатхон опамлар келишсин. Туҳфачани, албатта, олиб келинг», дея сайраган Зеби, меҳмон кўздан йўқ бўлгач, онасидан сўради:
— Нега отам узатгани чиқмади? Қурвонбиби калтагина жавоб берди:
— Отангнинг феъли қурсин, болам! — деди ва ичкарига бурилди.
Қурвонбибининг бундан бошқа ташвишлари ҳам етиб ортарди. Мана бу қишлоқи меҳмоннинг келиши яна ортиқча бир ташвишни қўзиб кетди. Чинакам, бечора Қурвонбиби кийим-кечак, айниқса, ёлғиз қизнинг сепи хусусида кўп ташвиш тортади. Шундай ташвишлар устида, у чидолмай кетиб, баъзи-баъзида сўфига хархаша ҳам қилиб кўради. Ундай хархашаларга сўфининг сира тоби йўқ: «Худо етказади!» деб, овози борича бақириш билан жавоб қилади.
Қурвонбиби ҳам одам эмасми — чидолмайди.
Бир кун у сўзланиб берди:
— Худо етказади, албатта! Шунда ҳам бандаси ҳаракат қилса, қимирласа етказади-да! Худо «сабаб»ни ҳал қилган эмасми, ахир? Эшонойим бир кун Эшон сўфидан ўқиб бериб, касб-корнинг фарзлигини айтдилар-ку!
Бу куйинишларга Раззоқ сўфи жавоб ҳам бермади. Индамасдан, тескари бурилиб олди. Қурвонбиби сўздан тўхтамай, балки овозини яна ҳам кўтара тушган эди, сўфи ўзининг одатдаги калта сўзларидан биттасини аранг оғзидан чиқарди, лекин чиқарганга яраша биракай қилиб — жаҳл билан, бақириб чиқарди:
— Бўлди, дейман, итвачча!

Отаси кириб келганидан кейин Зебининг кўнглида ўйнаган изтироб ва ҳаяжонлар Раззоқ сўфининг «Нима бу қиёмат!» деган қиёматидан қўрқинчлироқ эди. Совуқ бир сўфининг наздида, бу қадар ваҳимали бўлиб кўринган оддий ва табиий бир болалик ўйини қафас даричасининг очилишини кутган вақтида даричага каттакон бир қулф урилаётганини кўрган бир қушнинг изтиробидан кам бўлармиди?
Иккала қизнинг, айниқса, Зебининг кўнглидаги изтироб, зотан, сўфи киргандан сўнг авж олиши керак эди. Чунки, қизлар шўхлик ва ўйинга берилиб кетиб, ҳамма нарсани эсдан чиқарган эмасмидилар? Қоронғи қиш кунларидан қолган доғлар, тўрт девор орасида яшашдан келган чиқиндилар, оталардан ўтган зулмлар, совчилардан етган ташвишлар барҳам емаганмиди? Ёшликнинг қувватли тўлқинлари уларнинг барчасини бир баҳор ёмғири каби ювиб кетмаганмиди? Шундай ўртоқнинг шундай ширин муомилалари олдида шундай тескари, шундай ўжар ва қайсар отанинг борлиги ҳам унутилган эмасмиди? Уйидан «Бир зумда бориб келаман», деб чиққан Салти ҳам берган ваъдасини, уйини ва ота-онасини унутиб, қўлида маймоқ ва туллаган бир супурги билан қолиб кетмаганмиди?
Ғафлатда қолганларнинг бошига тушадиган таёқ ёмон зил кетади, дейдилар. Бу иккала қиз ўйин ва шўхлик ҳаваси билан ғафлатда эдилар. Сўфининг оғир зарби билан ўзларига келгач, олдиларида зўр бир тоғ турганини кўриб, ихтиёрсиз чўчиб кетдилар. Бу тоғдан ўтиш керак эди, ҳолбуки, бу тоғ — мунақа ёш болалар ўта оладиган тоғлардан эмасди. Иккаласи ҳам изтиробнинг бу оғир юкини бир-бирларининг кўзларида ўқидилар…
Сўфининг бақиришидан сўнг бир оз шошиб тургач, улар югурганча уйга кирдилар ва ўзларини эшикли деразанинг панасига олиб, Раззоқ сўфининг ҳара-катларини кузата бошладилар. Кўзлари сўфида бўлса, қулоқлари Қурвонбибининг оғзида эди. Унинг гапирадиган гаплари уларнинг кўнгилларида тугилган оғир ва чигал тугунчакни ё ечиб юборажак, ёки яна баттароқ чигаллаштириб, икки ёш нарсани — яна неча ой! — бир-биридан ажратиб ташлаяжакди.
Сўфи булар уйга кириб олгунча эшик олдида бўзариб-гезариб турди. Булар уйга кирганларидан кейин салласини Қурвонбибига узатиб, устидаги малла яхтагини олисдан туриб картга ирғитди ва ўзининг оддий овози билан:
— Қанжиқлар! — деб бақирди.
— Ёш нарсалар ўйнашса, нима бўлибди? Мунча энди забтига олдингиз? — деди Қурвонбиби.
— Гапирма, эшак!
Қурвонбиби жим бўлди. Сўфи карт томонга қараб юрди. Карт устига дастурхон ёзилиб, бир мистовоқ нон билан пиёлада қиём қўйилган эди. Сўфи картга чиқиб ўтиргандан кейин Қурвонбиби ўчоқдан чойни олиб келди.
Сўфининг бу авзойини кўргандан кейин икки қизнинг борқадар умиди ҳам узилиб бўлди. Зеби бу умидсизликни яширолмади:
— Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди…
Салти ҳам ўз ташвишини англатди:
— Нима қиламиз энди? Сиз бормасангиз, мен ҳам бормайман… Энахон тоза койийди-да.
— Тек ўтирган бўлсак кўнгли юмшармидикан? — деди Зеби.
Салти индамади. Бир оздан сўнг яна ўзи илова қилди:
— Кўнгли ўлсин, юмшаган вақтини кўрганим йўқ! Катта-катта харсангтошларни сой бўйига девлар ташлашган, дейди… Энг каттасини отамнинг кўкрагига ташлаб қўйиб, «мана шу сенинг кўнглинг!» деганмикан, яшшамагурлар!
Бу гап Салтига таъсир қилди шекилли, «пих-х» эта кулиб юборди.
Зебининг мунга чинакам аччиғи келган эди, қўлини узатиб, ўртоғининг оғзини тўсди.
— Вой, анови қизни! Яна беш баттар қиласиз ишни! — деди.
Салти зўр билан ўзини босиб олди. Иккаласи яна — кўзларини милтиллатиб — чол билан кампирга тикилдилар.
Боядан бери эрига қараб жим ўтирган кампирнинг энди астагина кулимсираши буларга жон киргизди. «Кўрдингизми?» деганни қилиб иккаласи бир-бирига қараб олишди.
Чинакам, Қурвонбиби, сўфига ёқадиган бир сўз топгандай, дадиллик ва бемалоллик билан кулиб туриб гап бошлади:
— Мен Зебини бир жойга жўнатиб ётирман… Сўфи бу сафар бақирмаса ҳамки, дағал бир овоз билан сўради:
— Қаерга? Нега?
— Ойдинкўлдаги Халфа эшонимизнинг кичик қизлари бир-иккита ўртоғини «Баҳорлашиб кетинглар», деб чақиртирган эканлар. Шуларнинг биттаси Зеби, яна биттаси унинг ўртоғи Салтанатхон экан. Салтанатхон аравани қўштириб қўйиб, ўзи Зебини айтгали келибди. «Йўқ», десак қандай бўлади?
Хотини нима деса, «йўқ» дейдиган сўфи бу сафар бирданига «йўқ» демасдан, хаёлга кетди. Қизлар Қурвонбибининг бу тадбиридан хурсанд бўлиб, яна умид-лана бошлаган эдилар.
— Қурвон холам боплади! — деди Салти.
— Энам гапга уста. Эшондан тушганини кўринг. «Эшон», десангиз, отам ўлганини ҳам билмайди… Худо муни эшонлар учун яратган.
Салти Зебининг бу гапларини эшитгандан кейин сўфининг «хўп» деб жавоб беришига ишониб кетди. Бир қўлини ўртоғининг бўйнига ташлаб, уни қучоқлар экан:
— Бўлди, ўртоқ, энди! Жўнаймиз! — деди.
— Санамасдан саккиз демай туринг ҳали! Отам осонлик билан маъқул гапга кўнадиган одам эмас. Жим туриб қолишини кўринг: ҳали ҳам чурқ этмайди.
Сукут узоққа чўзилгандан кейин Қурвонбиби энди бу сафар жиддий бир чеҳра билан:
— Нимага индамайсиз? Хўп, денг! Катта одам, уят бўлади. Бир яхши хотинлари, бир отинча қизлари бор-ки… Ўзларини бўлса, ўзингиз биласиз, — деди.
Сўфи негадир:
— Биламан, Фитна, биламан! — деб қўйиб, яна жим бўлди.
Энди Қурвонбиби яна ҳам жиддийлашди:
— Бўлмаса, «йўқ», денг. Салтанатхонга жавоб берай, кетсин! Азонда келган эди.
Шундан кейин сўфининг тили айланди:
— Шошма, Фитна, «йўқ», дема, майли, бора қолсин… Қачон келади?
— Индинга эрта билан ё кечқурун.
— Эшон ойимнинг раъйларига қарасин.
Сўфи ўрнидан турди. Картдан тушиб, кавшини кияркан:
— Овозим бор, деб ашулага зўр бермасин, — деди. — Номаҳрамларга овозини эшитдирса, рози эмасман.
Бу сафар одамга ўхшаш гапириб, Қурвонбибини қувонтирган Раззоқ сўфи шу сўзлардан сўнг яна ўз жимлигига қайтди. Бир оз сўнгра салласини кийиб, яхтагини қўлига олгандан сўнг:
— Хуржинни бер, Фитна! Бўлмаса, иккита қоп бер! — деб қолди.
Қурвонбиби қопни узатаркан, эрининг қўлига шу топда бир оз пул тушганини, энди каттароқ харид қилиш учун бозорга кетаётганини ва ҳалиги зўр илтифотнинг ҳам пулнинг кучи билан бўлганини англади…
Сўфи томоқ қириб эшикдан чиқаркан, уйдаги икки шўх қиз яна бир-бирига чирмашган эди.

Қафаснинг даричаси очилди!
Энди қушларга қанотларини ростлаб туриб: «пирр» эта учмоқдан, кенг кўкларга, фазоларга парвоз қилмоқдан бошқа нарса қолмади. Паранжини ёпиниб ўтирмасдан, шундоқ бош устига ташлаб, чимматни «хўжа кўрсин»га тутган бўлиб югуриш керак, холос…
Фақат унда даричанинг очилганига ким севинади? Шодликни ким қилади? Эркинликнинг лаззатини ким тотийди? Шу қадар қайсар бир одамни бу қадар уста-лик билан йўлга солган онанинг ҳурматини, ким ўрнига келтиради? Уни ким кучоқлаб, ким ўпади?
Иккала қизнинг уйдан югуриб чиқиб, баб-баробар Қурвонбибининг бўйнига осилишлари ана ўша неъматнинг шукронаси эди. Қизлар ўзларининг беҳад севинчларини юзага чиқармоқ билан бирга, онага бўлган миннатдорликларини ҳам тегишича изҳор қилмоққа ошиқардилар. Улар кампирга шу қадар осилиб, эркалик қилиб, у билан шу қадар қаттиқ ўйнашдиларки, кампир ҳолдан кетиб, картга думалади… Булар қийқириқ солишиб, тобига келган чойдишдек шарақлашиб… кам-пир билан ўйнашаркан, у чарчаб энтикканидан зўрға-зўрға нафас олиб:
— Бас, қизи қурғурлар… бас, дейман, бўлди энди… Йўлингдан қоласан. — дея сўзланарди.
Кампир ёлворган сари булар авж олишар, бири қўйиб, бири:
— Шунақа эканми? Вой, товво-ей! Халфа эшоннинг қизи чақиртирган эканми? Вой, товво-ой… — деб унинг энг қитиғи келадиган жойларига чанг солишарди.
Ниҳоят, ўзлари ҳам ўлгудек чарчаб, кампирдан қўл тортдилар ва «уҳ!» деб иккаласи икки томонга ўтирдилар.
Булар тарақ-туруқ эшик очиб, шошилиб кўчага чиққан вақтларида, пахта заводининг ингичка товушли жинғироғи соат ўн икки бўлганини билдириб қичқирарди.

Kecha Va Kunduz Audio Kitob – Бесплатно скачать Mp3

Здесь Вы можете прослушать и скачать песни по запросу Kecha Va Kunduz Audio Kitob в высоком качестве. Для того чтобы прослушать песню нажмите на кнопку «Слушать», если Вы хотите скачать песню или посмотреть клип нажмите на кнопку «Скачать» и Вы попадете на страницу с возможностью скачать песню, прослушать ее и посмотреть клип. Рекомендуем прослушать первую композицию Kecha Va Kunduz To Liq Kitob 1 Abdulhamid Cho Lpon ZiK Audio Kitob Kitob Audiokitob Kutubxona длительностью 416.40 MB, размер файла 5 ч, 16 мин и 24 сек.

Все песни были найдены в свободном доступе сети интернет, а файлы с произведениями не хранятся и не загружаются на наш сервер. Если Вы являетесь правообладателем или лицом, представляющим правообладателя, и не хотите чтобы страница с произведением, нарушающие Ваши права, присутствовала на сайте, воспользуйтесь данной формой DMCA.

Сейчас слушают песни

Kecha Va Kunduz Audio Kitob

Rata Rata Ra Ta Ta Ta Ta Tik Tok

Dimash Qudaibergen Know New Wave 2019

Dark Asid Trance

Gejalar Gejalar Turkish Song

Somebody Once Told Me Bass Boosted

Lethal Bizzle Vs D B P Feat Dogg Bone Az Ur Pow 2011 Martik C Remix Instrumental

Float My Boat Lazy Jay

Отражения Три Дня Дождя

2Pac Eminem Gangster

Afterglow How To World Domination

Christian Weidner Mood 1697 Feat Christian Weidner Oliver Potratz Oliver Steidle

Мы С Тобою Так Мало Знакомы Но Ты Мне Нравишься Так Speed Up

Кристал Моёт Минус

Ягода Малинка Минус

Stray Kıds Speed Up Playlist

I Like Sick Sick Sick Gorillaz

Kecha va Kunduz

Abdulhamid Sulaymon o‘g‘li Cho‘lponning “Kecha va kunduz” romani yaratilganiga qariyb 80 yil to‘lgan bo‘lsa-da, u hamon qo‘ldan-qo‘lga o‘tib kelmoqda. Mazkur asar ikki qismdan iborat bo‘lib, dastlabkisi – “Kecha” deb nomlangani qo‘lingizdagi kitobda aks etadi. “Bugun” deb atalgan ikkinchi qismi haqida esa ma’lumotlar yo‘q. Kitobda o‘zbeklarga xos andisha, himmat, iffat va soddalik kabi fazilatlar bilan birga xotinbozlik, xudbinlik va mol-mulk orttirish yo‘lidagi illatlar ham o‘z in’ikosini topgan. Bu kabi sifatlar va illatlar kitobxonni chuqur mushohada yuritishga undaydi. Cho‘lpon dunyosi, uning olami, ijodidagi nafislik va serjilolik siz, azizlarga manzur bo‘ladi, degan umiddamiz.

7 O’qimoqchi
0 o’qiyapti

  • Annotatsiya
  • Qisqa ma`lumot
  • Taqrizlar (0)
  • Iqtiboslar (0)

Abdulhamid Sulaymon o‘g‘li Cho‘lponning “Kecha va kunduz” romani yaratilganiga qariyb 80 yil to‘lgan bo‘lsa-da, u hamon qo‘ldan-qo‘lga o‘tib kelmoqda. Mazkur asar ikki qismdan iborat bo‘lib, dastlabkisi – “Kecha” deb nomlangani qo‘lingizdagi kitobda aks etadi. “Bugun” deb atalgan ikkinchi qismi haqida esa ma’lumotlar yo‘q. Kitobda o‘zbeklarga xos andisha, himmat, iffat va soddalik kabi fazilatlar bilan birga xotinbozlik, xudbinlik va mol-mulk orttirish yo‘lidagi illatlar ham o‘z in’ikosini topgan. Bu kabi sifatlar va illatlar kitobxonni chuqur mushohada yuritishga undaydi. Cho‘lpon dunyosi, uning olami, ijodidagi nafislik va serjilolik siz, azizlarga manzur bo‘ladi, degan umiddamiz.

Kitob nomi: Kecha va Kunduz
Kitobning asl nomi: Kecha va Kunduz
Nashr qilingan til: O’zbekcha
Kitobning asl tili: O’zbekcha
Formati: Yumshoq/320
ISBN: 978-9943-27-212-5
Nashr yili: 2014
Nashriyotchi: Yangi asr avlodi
Seriya: 0
Yosh chegarasi: 16 dan 70 gacha

Taqrizlar

Hozirda ushbu kitobda taqrizlar mavjud emas.
Taqriz yozish

Iqtiboslar

Hozirda ushbu kitobda iqtiboslar mavjud emas.
Iqtibos qo’shish