Amir temur kitobi skachat
Алишер Навоийга Амир Темурнинг илм ва маънавият ақлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди». Амир Темур даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо қилинади. Клавихо Самарқанд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги ва арзонлиги ҳақида гапириб, шаҳар ҳунармандчилиги маҳсулотларини — атлас, кимхоб, ҳар хил ип ва жун тўқима моллар, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик моллари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ҳамда бошқа молларнинг сероблигини ҳам таъкидлайдилар.
Соҳибқирон Амир Темур (1336-1405)
Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул) [1336.9.4, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани) — 1405.18.2, Ўтрор шаҳри, Самарқандда дафн этилган) — ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.
Амир Темурнинг онаси Такина хотун бухоролик. Отаси амир Тарағой эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган. Шу боис Амир Темурнинг отаси амир Тарағойни ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этилар ва у бундай йиғинларда муттасил қатнашар эди. Шу билан бирга у, Шарафуддин Али Яздийнинг таъкидлашига кўра, «уламо ва сулаҳо ва муттақийларға мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…». Тарағойбек пири Шамсуддин Кулолни айниқса чуқур эҳтиром қилган. Кейинчалик шайх Кулол Амир Темурнинг ҳам пири бўлган. Тарағойбек 1360 йилда вафот этган.
Амир Темурнинг ёшлиги Кешда кечди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга берди. Амир Темур ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш, бошқа турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлган. Шу аснода Амир Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етган. Амир Темур табиатан оғир, босиқ, теран фикрли ва идрокли ҳамда ниҳоятда зийрак, кишилардаги қобилият, фазилат, айниқса, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Шу туфайли ўспиринлик чоғларидаёқ атрофига тенгқурлари орасидан садоқатли дўстларни жалб қила олган. Унинг атрофига болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари (Аббос баҳодур, Жаҳоншоҳбек, Қимори иноқ, Сулаймоншоҳбек, Идику Темур, Сайфуддинбек, Ҳиндушоҳ, Қарқара ва бошқа) тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб ва ҳарбий гуруҳга бирлашиб, ҳарбий бўлинма сифатида шакллана борган. Кейинчалик улар Амир Темур қўшинида лашкарбошилик даражасигача кўтарилганлар.
Амир Темур ўзининг илк ҳарбий фаолиятини қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган; уларнинг ўзаро курашларида қатнашиб, жасорат кўрсатган, жангларда чиниққан, ҳарбий маҳоратини оширган. Донғи бутун Қашқадарё воҳасига ёйилган. Амир Темурнинг ақлу заковати, шижоати ва шуҳрати уни Мовароуннаҳрнинг нуфузли амирларидан амир Хизр Ясовурий ва амир Қазағон билан яқинлаштирди. Хондамирнинг ёзишича, отаси амир Тарағой Амир Темурни аввал (1355) амир Жоку барлоснинг қизи Нурмушк оғога, сўнгра ўша йили (1355) Қазағоннинг набираси ва амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғога уйлантиради. Кейинги никоҳ туфайли Амир Темур билан Балх ҳокими амир Ҳусайн ўртасида иттифоқ юзага келиб, улар биргаликда мўғулларга қарши курашадилар.
Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги ҳаракати 14-асрнинг 60-йиллари бошларидан бошланди. 14-аср нинг 50-йиллари охирида Мовароуннаҳрда амирларнинг ўзаро кураши кучайиб, амир Қазағон ўлдирилди. Мамлакатда сиёсий парокандалик авжига чиқиб, оғир танглик содир бўлди. Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» китобида келтирилган маълумотларга қараганда, улус ўнга яқин мустақил бекликларга бўлиниб кетган. Самарқанд вилоятида амир Баён сулдуз, Кешда амир Ҳожи барлос, Хўжандда амир Боязид жалоир, Балхда Улжой Буға сулдуз, Шибирғонда Муҳаммад I Хожа Аперди найман, Кўҳистонда Бадахшон шоҳи амир Сотилмиш, Хутталонда Кайхусрав, Ҳисори Шодмон ҳудудида амир Ҳусайн ва амир Хизр Ясовурийлар ўзларини ҳокими мутлақ деб эълон қиладилар.
Бу даврда Чиғатой улусининг шарқий қисми — Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат қиладилар. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхожа 1360—61 ва 1365 йилларда Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб кирадилар. Мўғул хонларининг босқинчилик юришлари ва зулмига қарши халқ ҳаракати бошланади. Бироқ, Мовароуннаҳр амирлари халққа бош бўлиб, мўғул босқинчиларига қарши курашга журъат эта олмайдилар. Уларнинг бир қисми душман тарафига ўтади, иккинчи қисми эса эл-юртни тарк этиб, ўзга мамлакатлардан бошпана излайдилар. Амир Темурнинг амакиси, Кеш вилоятининг ҳукмдори амир Ҳожи барлос Хуросонга қочади. Мана шундай оғир паллада сиёсат майдонига Амир Темур киради. Мўғулларга қарши туриш учун кучлар нисбати тенг эмаслигини ҳисобга олган 24 ёшли Амир Темур 1360 йилнинг бошида Туғлуқ Темур томонидан Кешга юборилган беклар билан келишади. Шароит тақозоси билан хон хизматига ўтиб, унинг ёрлиғи билан ўз вилоятининг доруғаси этиб тайин қилинади. Шубҳасиз, бу ноиложлиқдан қўйилган сиёсий ҳамда стратегик қадам бўлиб, бу билан Амир Темур мўғулларнинг навбатдаги талон-тарожининг олдини олган, мамлакат ва халқни фалокатдан қутқарган эди. Бироқ, Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори этиб тайин қилинган Илёсхожа ва унинг лашкарбошиси амир Беккичик билан Амир Темурнинг муросаси келишмай қолади. Шу сабабдан 1361 йилнинг охирида у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.
Хиванинг жанубида, Урганжий даштида Амир Темур Туғлуқ Темурнинг яна бир рақиби — қайноғаси амир Ҳусайн билан учрашади. Амир Темур мўғуллар билан курашиш мақсадида у билан бирлашиб, икковлон куч тўплашга киришади. Дастлаб улар Туғлуқ Темурхоннинг фармонига биноан Амир Темурни таъқиб қилишга киришган Хива доруғаси Тўқол (Таваккал) билан жанг қиладилар. Сўнгра 1362 йилнинг кузида Сеистонда вилоят ҳукмдори Малик Қутбиддиннинг тарафида туриб мекронийлар билан бўлган тўқнашувда Амир Темур ўнг кифти ва ўнг оёғидан жароҳатланди.
Амир Темур ва амир Ҳусайн кейинги икки йил давомида Илёсхожа бошлиқ Жета лашкари билан бир неча марта жанг қиладилар. Ниҳоят, 1364 йил охирида улар мўғул қўшинларини Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқаришга муваффақ бўладилар.
Бироқ, Мовароуннаҳрни қўлдан чиқаришни истамаган Илёсхожа 1365 йилнинг баҳорида яна Туркистон устига қўшин тортади. Тошкент билан Чиноз оралиғида икки ўртада содир бўлган жанг тарихда «Лой жанги» номи билан шуҳрат топади. Жангда амир Ҳусайннинг хиёнати оқибатида мағлубиятга учрайдилар ва ўз қўшинлари билан Амударё бўйларига чекиниб, Балх вилоятида ўрнашдилар. Илёсхожа эса ҳеч қандай қаршиликка учрамай Хўжанд, Жиззах ва бошқа бир қанча шаҳар ҳамда қишлоқларни эгаллаб, Самарқанд устига юради. Самарқанд ўша пайтларда катта қўшинга қаршилик кўрсата олмасди. Шаҳарнинг на девори ва на мустаҳкам истеҳкомлари, на қуролланган сипоҳийси бор эди. Бек ва амирлар шаҳарни тарк этган эди, лекин мўғулларга қарши халқ кўтарилди, сарбадорлар шаҳар мудофаасини ўз қўлларига олдилар. Шаҳар мудофаачиларига мадраса толиби илмларидан Мавлонозода Самарқандий, жун (пахта) титувчилар маҳалласининг оқсоқоли Абу Бакр Кулуйи (Калавий) Наддоф ва мерган мавлоно Хурдаки Бухорийлар бошчилик қиладилар. Сарбадорлар Самарқанд шаҳрида мўғулларга қақшатқич зарба берадилар. Илёсхожа дастлаб Самарқандни, сўнгра бутун Мовароуннаҳрни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади.
Сарбадорларнинг мўғуллар устидан қозонган ғалабаси ҳақидаги хабар амир Ҳусайн билан Амир Темурга ҳам бориб етган. Амир Темур қишни Қаршида, Ҳусайн эса Амударё бўйида ўтказиб, 1366 йил баҳорида Самарқандга йўл олдилар. Улар Конигилда тўхтаб сарбадорларнинг душман устидан қозонган ғалабаларидан мамнун бўлганликларини ва улар билан учрашмоқчи эканликларини билдирадилар. Бироқ, сарбадорларнинг бошлиқлари амирлар ҳузурига келганларида амир Ҳусайн буйруғи билан Абу Бакр Кулуйи (Калавий) Наддоф билан мавлоно Хурдак Бухорийлар дорга тортилади. Мавлонозодани эса Амир Темур ўз ҳимоясига олиб кутқариб қолади. Шу тариқа сарбадорлар бошлиқсиз қолдирилиб, Мовароуннаҳрда амир Ҳусайннинг ҳукмронлиги ўрнатилади, аммо кўп вақт ўтмай Ҳусайн билан Амир Темур ўртасидаги муносабат кескинлашиб, очиқдан-очиқ низога айланади. Амир Темурнинг нуфузи ортиб бораётганлигидан хавфсираган амир Ҳусайн Балхга қайтиб, унинг қалъа деворлари ва истеҳкомларини мустаҳкамлашга киришади. Балх, Қундуз ва Бадахшондан кўп сонли лашкар ҳам тўплайди. Кеш ва Қарши вилоятларига бош бўлган Амир Темур ҳам амир Ҳусайнга қарши ҳал қилувчи жангга ҳозирлик кўради. 1366-70 йиллар ўртасида бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтади.
14-асрнинг 60-йилларида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ниҳоятда оғир сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатни бирлаштириб, кучли бир давлат ташкил этишни тақозо қилмоқда эди. Амир Ҳусайндан кўра Амир Темур замонининг бундай талабини яхшироқ тушунарди. Шунинг учун ҳам ўз фаолиятининг дастлабки босқичида барча ҳаракатни Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузишга қаратади. Бундай мақсадни амалга оширишда у руҳонийлар, ҳарбийлар, савдогарлар ва шаҳар ҳунармандлари табақаларига суянади. Амир Темур тарқоқ мамлакатни бирлаштиришга киришар экан, курашни аввало ички ғанимларидан бошлайди.
1370 йил баҳорида Амир Темур амир Ҳусайнга қарши йўлга чиқади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қишлоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора — табл билан ялов — байроқ тортиқ қилади. Шубҳасиз бу воқеа катта сиёсий аҳамиятга эга эди. Чунки у салтанатлик рамзи эди. Амир Темур буни яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам Балхга етмасдан Ўрпуз мавзеида у амир ва нўёнлари билан кенгаш ўтказади. Кўпчиликнинг хоҳиш ва ихтиёри билан, ўша давр қонун-қоидаларига кўра, чингизийлар авлодидан бўлган Суюрғатмиш ўғлон Мовароуннаҳр подшолиги тахтига ўтқазилди. Амир Темур қўшини то Балхга етиб боргунича, унга йўл-йўлакай янги-янги кучлар келиб қўшилди. Шу аснода амир Ҳусайнни кўпчилик амирлари тарк этдилар. Жангда амир Ҳусайн қўшинлари енгилди, икки кунлик қамалдан сўнг, 1370 йилнинг 10 апрелида Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати билан Амир Темур «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини олди.
1370 йилнинг 11 апрелида Чиғатой улусининг барча беклари, амирлари, вилоят ва туманларнинг доруғалари ҳамда Термизнинг саййидлари (худовандзодалари), шунингдек Амир Темурнинг ёшликдан бирга бўлган қуролдош дўстлари ва пири Саййид Бараканинг иштирокида ўтказилган қурултойда анъанага кўра чингизийлардан Суюрғатмишхон мамлакат ҳукмдори деб эълон қилинган бўлсада, амалда марказий ҳокимиятни Амир Темур ўзи бошқарди, вилоятлардаги ҳокимиятни ўғиллари, набиралари ва яқин амирлари орқали идора қилди. Самарқанд Амир Темур давлатининг пойтахтига айлантирилиб, ўша йилнинг ёзида шаҳар девори ва қалъаси тикланди, сарой ва қасрлар бино қилинди.
Мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаб, кўпдан давом этиб келаётган ички тарқоқликка барҳам бериш, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш мақсадида Амир Темур (1370 йил июнида) Самарқандда катта қурултой чақирди. Унда марказий давлат тизимини шакллантириш ва қўшин тузиш масалалари муҳокама этилди.
Эл-юртни бошқаришда ҳарбий кучнинг аҳамиятини яхши тушунган Амир Темур қўшиннинг тузилишига катта аҳамият берди. У «амир» ва «амир ул-умаро» каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий қилди. Қўшинни ҳарбий жиҳатдан ислоҳ қилар экан, у айниқса лашкарбошиларни танлаш ва уларни тарбиялаш, ҳарбий қисмлар ва уларнинг жойлашиш тартиби, навкар ва сарбозларнинг қуролланиши ҳамда интизом масалаларига ниҳоятда эътибор беради.
Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, дастлабки вақтлардаёқ мамлакатда рўй берган оғир иқтисодий тангликни бартараф қилиш учун энг аввало солиқ тизимини тартибга солди. Давлат солиқларини йиғишда аминлар, калонтарлар ва солиқ йиғувчиларни раъиятга нисбатан инсоф ва адолатли бўлишга, қонунга хилоф иш тутмасликка чақирди, чунки салтанатнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан раъиятнинг ҳол-аҳволи, унинг давлат ва давлат бошлиғига бўлган садоқатига боғлиқ. Раъиятни ҳимоя қилиш қонун билан мустаҳкамланган, қонун барчага баробар бўлган. Амир Темур нафақат ўз халқини, балки забт этилган мамлакатларнинг аҳолисини ҳам имкони борича қонун ҳимоясига олган. Уларни асирлик ва талон-тарожлардан сақлаган.
Амир Темур Мовароуннаҳрни мўғуллар ҳукмронлигидан озод этиб, бу қадимий мамлакатда мустақил давлат барпо этган бўлсада, ҳали мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилган эмас эди. Бир томондан айрим вилоят ҳокимлари Амир Темур ҳакимиятини тан олишдан бош тортиб турган бўлсалар, иккинчи томондан мамлакатнинг шарқий ва шимолий ҳудудлари нотинч эди. Мўғулистон билан Оқ Ўрда ҳукмдорлари Фарғона водийсининг шарқи, Ўтрор, Ясси (Туркистон) ва Сайрам шаҳриларига хавф солиб, бу ҳудудларга тез-тез ҳужум қилар ва аҳолини талон-тарож қиларди. Шунинг учун ҳам Амир Темур дастлабки йилларда мамлакат сарҳадлари хавфсизлигини таъминлашга катта аҳамият берди. Исёнчи амирларга қарши шафқатсиз кураш олиб борди.
1370 йил кузи ва 1371 йил баҳорида амир Зинда Чашмга зарба бериб, Шибирғон вилояти бўйсундирилди. Балх ва Тошкент вилоятлари ҳам Амир Темур ҳокимиятини тан олдилар. Аммо Хоразм Оқ Ўрда ҳукмдорларига суяниб, ҳануз бўйсунишдан бош тортиб келарди. Хоразмни Амир Темур Чиғатой улусининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб, уни ўз давлатига қўшиб олиш сиёсатини тутди. Аммо бу масала элчилар воситасида тинч йўл билан ҳал этилмагач, Амир Темур Хоразм ҳудудига беш маротаба юриш қилди. Биринчи юриши 1371 йил ёз (июл)ида Кот шаҳрини эгаллаш билан якунланди. Амир Темурнинг 1373 йил баҳори ва 1375 йил ёзида Хоразм томонга қилган икки юриши натижасиз тугади. Бу аснода Олтин Ўрда хони Тўхтамиш билан иттифоқ тузиб олган Хоразм ҳукмдори Юсуф сўфи, унинг ёрдамида Амир Темур давлати ҳудудларига бир неча бор юриш қилиб, Қоракўл вилояти ва Бухоро туманларини талон-тарож этди. Бундай вазият шубҳасиз, 1379 йилда Амир Темурни тўртинчи маротаба Хоразмга қўшин тортишга мажбур этди. Лекин, бу юриш ҳам аввалгилари каби сулҳ тузиш билан тугади. Бироқ шунга қарамай, Юсуф сўфи илгари Хоразмнинг Чиғатой улусига тегишли бўлган жануби-шарқий (Кот ва Хива шаҳрилари бирга) қисмини яна қайтадан босиб олди. Амир Темур давлатига нисбатан Юсуф сўфининг тутган бундай тажовузкорона сиёсати Хоразм устига Амир Темурнинг бешинчи марта юриш қилишига сабаб бўлди. 1388 йилда Хоразмнинг пойтахти вайрон этилиб, унинг ҳудудлари Амир Темур давлатига бўйсундирилди.
Бу орада Амир Темур Мўғулистон ҳокими Қамариддин билан ҳам тўқнашиб қолди, чунки бу даврда унинг Мовароуннаҳрга бўлган талончилик хуружлари кучайиб кетганди. 1370 — 71 йилларда у Тошкент ва Андижон устига бир неча бор босқин қилиб, талаб қайтганди. 1376 йилда эса Қамариддин ҳатто Фарғона водийсининг талайгина қисмини босиб олди. Амир Темур мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларига нисбатан бўлаётган муттасил таҳдидни бартараф қилиш учун Қамариддинга жиддий зарба беришга киришади. Йигирма йил (1371—90) мобайнида Соҳибқирон Мўғулистонга етти марта юриш қилиб, мўғул ҳукмдорлари Анқотўра ва Камариддин устидан ғалаба қозонди. Шу зайлда Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда ички тарқоқлик, ўзаро низолар, шунингдек Мўғулистон томонидан бўлиб турган тазйиққа чек қўйиб, ушбу ҳудудда яшовчи элу элат ва халқларни ягона давлатга бирлаштирди. Бу шубҳасиз, Мовароуннаҳр аҳолиси тақдирида ижобий аҳамият касб этди.
Амир Темур бу билан қаноатланмади. Тез орада у қўшни давлатлар ва халқлар устига юриш қилиб, уларни ўзига бўйсундириш ва марказлашган буюк салтанат барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу даврда Олтин Ўрда, Хуросон ва Эрондаги ижтимоий-сиёсий вазият унинг учун жуда қўл келди. Амир Темур ҳарбий юришни Хуросондан бошлади. 1381 йил у Ҳиротни эгаллади. Сарахс, Жом ва Қавсия шаҳрилари жангсиз таслим бўлди. Хуросон, хусусан унинг пойтахти Ҳирот стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Эрон, Ироқ, Шом ва бошқа мамлакатларга ўтишда кўприк вазифасини ўтарди. 1381 — 84 йиллар давомида Амир Темур Эроннинг катта қисмини эгаллади. Аввал (1381) Калот, Туршиз ва Сабзавор, кейин (1383) Сеистоннинг Зиреҳ, Зова, Фараҳ ва Буст қалъалари, 1384 йилда эса Астробод вилояти ва Озарбайжоннинг Омул, Сори, Султония ва Табриз шаҳарлари бўйсундирилди.
Амир Темур Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Шом (Сурия) устига уч марта лашкар тортди. Бу юришлар тарихда «уч йиллик», «беш йиллик» ва «етти йиллик» урушлар номи билан машҳур. Уч йиллик (1386 — 88) ҳарбий юришлар оқибатида Жанубий Озарбайжон, Ироқнинг шимолий қисми, Гуржистон ва Ван кўли атрофидаги ерлар эгалланди.
Амир Темур шу билан бирга шимоли-ғарбдан, яъни Олтин Ўрда томонидан бўлаётган тазйиққа барҳам бериш мақсадида Тўхтамишга қарши уч марта қўшин тортишга мажбур бўлди. У 1389 йилда Дизақ (Жиззах)нинг Аччиқ мавзеида, 1391 йилнинг 18 июнида (ҳозирги Самара билан Чистополь шаҳрилари оралиғида жойлашган Қундузча (Кондурча) дарёси водийсида ва ниҳоят, 1395 йилда (28 февраль) Шимолий Кавказда Терек дарёси бўйида Тўхтамиш қўшинига қақшатқич зарба беради. Амир Темур ҳарбий юришлари оқибатида Қуйи Идил (Волга) вилоятлари, Сарой Берка, Саройчик ва Ҳожитархон (Астрахон) каби шаҳарлар ғорат қилинди. Амир Темур Тўхтамишни қувиб Рязань вилоятигача борди ва Елец шаҳрини ишғол қилди.
Шарафуддин Али Яздий Амир Темурнинг Москва юришини шундай таърифлайди: «Соҳибқирон Маскавга сориким, Руснинг шаҳарларидан эрди, таважжуҳ қилди. Анда етконда нусратшиъор черики ул вилоятни (шаҳар ва атрофини) чобтилар ва андағи ҳокимларни тобеъ қилди. Ва черикнинг эликларига сонсиз мол тушти…» («Зафарнома», 179-бет). Бу урушда Азақ (Азов), Кубан ва Черкас ерлари ҳам кучли азият чекди. Қизиғи шундаки, Амир Темур Идилнинг Туротур кечуви бўйида Ўрусхоннинг ўғли Қуйричоқ ўғлонни чақиртириб, унга қўлга киритилган собиқ Жўчи улусини инъом этди. Россия тарихчилари Бобур Д. Греков ва А. Ю. Якубовскийларнинг ёзишларича, Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, фақат Марказий Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек тарқоқ Русь князликларининг бирлашиши учун ҳам буюк аҳамият касб этган.
Шундан сўнг Амир Темур бутун эътиборини Эрон, Ироқ, Сурия, Кичик Осиё ва Ҳиндистон ерларини узил-кесил забт этишга қаратди. У беш йиллик (1392 — 96) уруш давомида Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказни эгаллади, натижада музаффарийлар ва жалоирийлар сулоласининг ҳукмронлиги барҳам топди.
Амир Темурнинг Ҳиндистон устига қилган уруши (1398 йил май — 1399 йил март) қарийб ўн бир ой давом этди. Амир Темур Ҳиндистондан катта ўлжа, шу жумладан 120 жанговар фил билан қайтди. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тақсимлаб берилди, қолгани Самарқанд ва Кеш шаҳриларида олиб борилаётган қурилишларга сарфланди.
Амир Темурнинг 1399 — 1404 йилларда олиб борган ҳарбий юришлари натижасида Шомнинг Ҳалаб (Алеппо), Хумс, Баалбек (Баъалбак), Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Ироқи Арабнинг Убулистон ўлкаси (қадимий Каппадокия) билан Бағдод, шунингдек Туркиянинг катта қисми забт этилади. Анқара жангида Амир Темур жаҳоннинг буюк саркардаларидан бири Боязид Йилдирим устидан ғалаба қозонди. Туркия султони асирга олинди. У билан бирга хотини серб маликаси Оливера, ўғиллари Мусо ва Исо Чалабийлар ҳам асирга тушдилар. Сўнг, Амир Темур Анадолу ярим оролини эгаллаб, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган Измир шаҳрини забт этди ва салибчиларнинг Яқин Шарқдаги охирги қароргоҳига барҳам берди. Сўнгра, Эгей денгизида жойлашган Хиос ва Лесбос оролларидаги Генуя мулкларининг ҳукмдорлари унга таслим бўлдилар, Миср ҳам ўз итоаткорлигини изҳор этди. Амир Темур Анқара, Никея, Бурса ва Измир шаҳриларини эгаллаб, Византия ва бутун насоро оламининг Боязидга йиғиб берган божларидан иборат катта бойликни қўлга киритди. Биргина Бурса шаҳридан олинган олтин ва жавоҳирларнинг ўзи каттагина карвонга юк бўлган. Банди қилинган Боязид ўрдугоҳга олиб келингач, Амир Темур унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди. Унинг вафотидан сўнг (1403 йил 9 март) эса ворисларига ҳиммат кўзи билан боқиб, уларга беқиёс мурувватлар қилди. Чунончи Боязиднинг тўнғич ўғли Сулаймон Чалабийни туркларнинг Европадаги вилоятларига ҳоким этиб тайинлади. Эдирне (Адрианополь) шаҳри унинг пойтахти қилиб белгиланди. Анадолунинг шимоли-ғарбий қисми суюрғол сифатида Исо Чалабийга инъом қилиниб, Бурса шаҳри унинг пойтахтига айлантирилди. Усмонли турклар давлатининг марказий қисмини бошқаришни Мусо Чалабийга топширди. Амир Темур Усмонли турклар давлатини бутунлай босиб олиш ниятида бўлмаган, чунки у Европа давлатларининг Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан тажовузкорона ниятда эканлигини яхши тушунар эди. Шунинг учун ҳам Амир Темур Усмонли турклар давлатини сақлаб қолди ва Боязиднинг ворисларига мурувват қўлини чўзди. Шундай бўлсада, Боязид устидан қозонилган бу ғалаба билан Амир Темурни Франция қироли Карл VI (1380 — 1422), Англия қироли Генрих IV (1399 — 1407) табриклаб, унга махсус мактуб юбордилар. Чунки Амир Темур эндигина уйғонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди.
Амир Темур Кичик Осиёдан Самарқандга қайтгач, 1404 йил 27 ноябрда 200 минг қўшин билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Бироқ Хитой устига юриш Амир Темурнинг Ўтрорда вафоти (1405 йил 18 февраль) туфайли амалга ошмай қолди. Амир Темурнинг вафоти ҳақидаги хабар гарчи аввалда сир тутилсада, аммо кўп вақт ўтмай бу нохуш хабар мамлакат бўйлаб тарқалиб кетади. Амир Темурнинг жасади Самарқандга олиб келиниб дафн қилинади.
Амир Темур — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари; шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача булган мамлакатлар буйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.
Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу қўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр буйи бунёдкорлик билан машғул булган. Унинг «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим» деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар.
Амир Темур забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари (Бағдод, Дарбанд, Байлақон)ни қайта тиклади. Амир Темур Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлсада, лекин асосий эътиборини она шаҳри Кеш ва пойтахти Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара билан масжид қурдирди. Амир Темур ҳукмронлигининг илк даврида Кеш шаҳрини пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободончилигига катта аҳамият берди, бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди. Амир Темур Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Шу боисдан бу шаҳар «Қуббат ул-илм вал-адаб» унвонига эга бўлди.
Салтанат пойтахти Самарқанд Амир Темур даврида айниқса гуллаб яшнади. Шаҳарда Исфаҳон, Шероз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш шаҳриларининг меъмору бинокорлари қўли билан саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилади. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилади. Хусусан Шоҳизинда меъморий мажмуасига мансуб Шодимулк оғо мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси ва бошқалар қурилади. Шаҳарда Бибихоним жоме масжиди, Амир Темурнинг қароргоҳи Кўксарой ва Бўстонсаройлар қад кўтаради. Умуман олганда Самарқанд шаҳри Амир Темур даврида ўзининг қадимий ўрни Афросиёбдан бирмунча жануброқда бутунлай янгитдан қурилди. Шаҳар тевараги мустаҳкам қалъа девори билан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан аталувчи 6 та дарвоза ўрнатилди. Мовароуннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги қишлоқлар барпо этилди.
Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқа хизмат қиларди.
Алишер Навоийга Амир Темурнинг илм ва маънавият ақлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди». Амир Темур даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо қилинади. Клавихо Самарқанд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги ва арзонлиги ҳақида гапириб, шаҳар ҳунармандчилиги маҳсулотларини — атлас, кимхоб, ҳар хил ип ва жун тўқима моллар, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик моллари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ҳамда бошқа молларнинг сероблигини ҳам таъкидлайдилар.
Бу даврда Амир Темур ва унинг жой Султон Маҳмудхон асир олинган ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига йўналган асосий халқаро савдо йўли — «Буюк ипак йўли»ни назорат қилиб, савдо карвонлари қатнови хавфсизлигини таъминлашда, работлар, қалъалар, кўприклар қуриш йўлида муҳим чора-тадбирлар кўрдилар ва Шарқ билан Ғарб ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор бердилар.
Амир Темур энг муҳими, Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги майда ҳукмдорлар ўртасидаги тарқоклик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётига, халқгар ва мамлакатларни бир-бири билан яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди.
Амир Темурнинг ҳарбий юришлари, жангу жадалларининг оқибатларига баҳо берилар экан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, унинг фаолияти қўйилган мақсад ва режалари жиҳатидан икки босқичга бўлинади. Биринчи босқич (1360 — 86)да Амир Темур Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш йўлида курашди, Мовароуннаҳрни бирлаштиришдан манфаатдор бўлган маҳаллий зодагонлардан иборат ижтимоий кучлар (мулкдор деҳқонлар, ҳарбийлар, ҳунармандлар, савдогарлар ва руҳонийлар) ёрдамида тарқоқ мулкларни бирлаштириш учун кураш олиб борди. Амир Темурнинг бу даврдаги фаолияти Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида шубҳасиз улкан ижобий аҳамият касб этади. Мамлакатда тарқоқлик тугатилиб, марказлашган давлатнинг ташкил топиши ижобий оқибатларга олиб келди. Мамлакат ишлаб чиқариш кучларини ва мўғулларнинг бир ярим асрлик ҳукмронлиги натижасида бўҳронга учраган иқтисодни тиклаш учун қулайроқ шароит вужудга келди. Айни вақтда хўжаликнинг асоси бўлган деҳқончиликда муайян силжишлар рўй берди. Янги-янги ариқ (канал)лар қазилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайди. Ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо ривожланди, фан ва маданият равнақ топиб, шаҳарлар ободлашди ва гавжумлашди. Амир Темур бирор мамлакатни тасарруфига олишдан аввал албатта ўша жой аҳолисига тинчлик йўлини таклиф этган, бу йўл инкор этилган ҳолдагина ҳарбий куч ишлатган.
Амир Темур ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатни асосан тўрт қисм (улус)га бўлиб, ўғил, набираларига тақсимлаб берган: Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Амир Темур давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда идора этилган. Амир Темур асос солган бу давлат Хуросон ва Мовароуннаҳрда 16-аср бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийхон томонидан тугатилган.
Шўролар тузуми даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндошилиб, бир ёқлама баҳо берилиб келинди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бундай қарашларга барҳам берилди. Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошланди. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилди. Унинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, жамоа хўжаликлари, мактаблар, кинотеатрлар ва бошқа унинг номи билан аталди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), «Амир Темур» ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.
Бўрибой Аҳмедов, Абдулаҳад Муҳаммаджонов.
Китоблар:
Мақолалар:
Бадиий асарлар:
Amir temur kitobi skachat
SOHIBQIRON AMIR TEMUR
Mashhur davlat arbobi, O‘rta asrlar islohotchisi, sarkarda, adolat uchun tolmas kurashchi, ilm-fan va madaniyat rahnamosi Amir Temur davrida ilm-fan, madaniyat va ta’lim mislsiz darajada yuksaldi.
Siyosiy maydonga qadam qo‘yganida Amir Temur endigina 24 yoshga kirgandi. Mamlakat parokanda, mahalliy siyosiy kuchlar o‘rtasidagi o‘zaro qarama-qarshiliklar avj olgandi. Ustiga ustak, Chingizxon avlodlari Movarounnahrga tez-tez bosqin uyushtirib turardi.
Taxminan bir asr davom etgan bu davrda Movarounnahrning istibdod alamini tortgan oddiy fuqarolaridan to yirik siyosiy arboblariyu din peshvolarigacha juda ham og‘ir kun kechirdilar. Jamiyatga ozodlikka va taraqqiyotga bo‘lgan intilishlarni o‘zida mujassam etgan xaloskor, dohiy zarur edi. Taqdir taqozosi bilan Amir Temur ana shunday xaloskor va yo‘lboshchi sifatida tarix sahnasida paydo bo‘ldi.
1370 yilda Amir Temur Balxda bo‘lib o‘tgan qurultoyda Movarounnahrning ulug‘ amiri deb e’lon qilindi. Tarqoqlikni bartaraf etib, ayrim o‘lkalarni yagona davlatga birlashtirish Amir Temurning asosiy maqsadi edi. U davlatning poytaxti qilib So‘g‘diyonaning qadimiy poytaxti bo‘lgan Afrosiyob xarobalari yonidagi Samarqandni belgiladi va yangi shaharga asos soldi.
Amudaryo bilan Sirdaryo oralig‘i, shuningdek, Farg‘ona va Shosh viloyatlarini birlashtirib o‘ziga bo‘ysundirgandan keyin Amir Temur boshqa mamlakatlarga harbiy yurishlarga kirishdi.
Amir Temur saltanati O‘rta Osiyoda 35 yil (1370-1405) hukm surdi. U Markaziy Osiyo hududlarini yagona markazlashgan davlatga birlashtirdi, Hind va Gangadan to Sirdaryo va Zarafshongacha, Tyan-Shandan to Bosforgacha ulkan imperiya barpo etdi.
Amir Temur harbiy yurishlarining bilvosita oqibatlari ulkan ahamiyatga ega: u Xitoyda Min sulolasi davlat boshiga kelganda mo‘g‘ullarning Xitoyga solayotgan xavfining oldini oldi; Oltin O‘rdani yengib Moskva Rusi uchun ham xuddi shunday yordam ko‘rsatdi. 1402 yilda usmonlilar sultoni Boyazid ustidan Yevropa uchun katta ahamiyatga ega bo‘lgan g‘alabani qozonib, usmonlilarning Konstantinopolni istilo etishlarini yarim asrga surib yubordi. Frantsuz tarixchisi R.Grusse 20-asr boshlarida “Amir Temurning Boyazid ustidan g‘alabasi xristian olamini asrab qoldi”, deb yozgan edi.
Tarix Amir Temurni makedoniyalik Iskandar, Doro 1, Yuliy Sezar kabi yirik sarkardalar bilan bir qatorga qo‘yadi. Amir Temur mingta jang o‘tkazib birontasida ham yengilmagan mashhuri zamon sarkarda sifatida, davlat tuzilishi ishlariga, ilm-fan, ma’rifat, madaniyat taraqqiyotiga ulkan hissa qo‘shgan siyosiy arbob sifatida tarixga kirdi.
Amir Temur tarafidan tarqoq viloyatlar yagona davlatga birlashtirilib, markaziy hokimiyat tuzilib barqarorlashgandan keyin, mamlakat iqtisodiyoti mustahkamlandi, savdo va hunarmandchilik ishlab chiqarishi rivojlana boshladi, qo‘shni va uzoqdagi mamlakatlar bilan savdo-xo‘jalik aloqalari kengaydi.
Amir Temur hayotlik paytida davlat boshqaruvi haqida “Temur tuzuklari” degan nomda mashhur bo‘lgan maxsus kitob yozilgan edi. Unda bu mashhur davlat arbobi va sarkardaning harbiy san’atga, davlat tuzilishi va mamlakatni boshqarishga oid qarashlari aks etdi.
“Kuch adolatda” shiori butun Amir Temur davlati hududida axloqiy va ma’naviy mezonga aylandi.
XIV-asrning ikkinchi yarmida Movarounnahr Yaqin va O‘rta Sharqning tijorat, iqtisod va madaniyat markaziga aylanib bordi. Chingizxon qo‘shinlari tomonidan tag-tubigacha vayron qilingan Samarqand, Kesh, Buxoro, Termiz, Toshkent , Marv, Hirot kabi va boshqa qadimiy shaharlar obod bo‘la boshladi. Masjidu madrasalar, maqbaralar, karvonsaroylar va hammomlar qurildi.
Ulkan va bepoyon mamlakatning poytaxti rutbasini olgan Samarqand, Amir Temurning niyatiga ko‘ra, kurrayi zamindagi eng chiroyli shaharga aylanishi kerak edi. Samarqand O‘rta Sharq va Markaziy Osiyoning eng yaxshi me’morlari to‘plangan shaharga aylandi. Me’mor va bunyodkor ustalarning bahamjihat sa’y-harakatlari tufayli jahon me’morchiligida yangi yo‘nalish paydo bo‘ldi va u ijodning go‘zal namunalarini in’om etdi
Amir Temur hayotlik paytida bunyod etilgan o‘nlab me’moriy yodgorliklar inson tafakkuri, aqli va salohiyatining benazir tajassumi edi.
Amir Temur XII-asrda yashagan islom ilohiyotchisi, shoir va mutafakkir Xoja Ahmad Yassaviy dahosiga ehtirom ko‘rsatib, uning sharafiga Turkiston shahridagi kichik daxma ustida ulug‘vor maqbara bunyod ettirdi. Maqbara bugungi kunda ham o‘zining salobati, ko‘rki va ajoyib sopol bezaklari bilan kishini hayratlantiradi.
Xoja Ahmad Yassaviy adolatni, insonning axloqiy poklanish va komillikka erishish g‘oyalarini targ‘ib etguvchi so‘fiylikning “yassaviya” tariqati asoschisi edi. Amir Temur Xoja Ahmad Yassaviyni o‘zining piri deb bilar, dinga kishilarni ma’naviy va axloqiy kamolotga yetaklovchi, mamlakat kuch-qudrati va ulug‘vorligini mustahkamlovchi kuch sifatida yondashardi.
XV-asr tarixchisi Sharafiddin Ali Yazdiyning guvohlik berishicha, Amir Temur “obodonchilikka arziydigan bir qarich ham yer bo‘sh qolmasin”, deb qayg‘urardi.
Ulkan va qudratli saltanat barpo etgan Amir Temur yangicha tarixiy vaziyatda mamlakatda ma’naviyatning gullab-yashnashi, yuksalishi va o‘tmish davrlarning oliy an’analari tiklanishi uchun shart-sharoit yaratdi. Amir Temur va Temuriylar sulolasi vakillarining gumanitar sohalarga alohida e’tibori tufayli XIV-XVI asrlarda yuksak ilmiy va ijodiy yutuqlarga erishildi.
Amir Temur va Temuriylarning ayollarga bo‘lgan mehribonlarcha munosabatlarini alohida ta’kidlab o‘tish joiz. Amir Temur o‘zining suyukli rafiqasi Bibixonim sharafiga Samarqandda ulug‘vor jome masjid qurdirdi. Bibixonim nomi bilan ataluvchi bu masjid Amir Temur davrining eng mahobatli binolaridan biri sanaladi. Masjid 1399-1404 yillarda qurilgan va hozirga qadar yaxshi saqlangan. Buyuk bobokalonidan o‘rnak olgan boburiy Shohjahon suyukli rafiqasi Mumtoz Mahal begim uchun 1652 yilda maqbara – dunyo mo‘’jizalaridan biriga aylangan nodir me’moriy yodgorlik qurdirdi.
Amir Temur va Temuriylar davrida adabiyot, amaliy va tasviriy san’at rivojlandi. Ayniqsa, islomga qadar mavjud bo‘lgan devoriy monumental rasm va kitob miniatyurasi san’ati yuksaldi.
Amir Temur tarixda mohir diplomat va davlatlar o‘rtasida yaxshi munosabatlarni rivojlantirish, savdo-iqtisodiy aloqalarini yo‘lga qo‘yish tarafdori sifatida chuqur iz qoldirdi. U Yevropa va Osiyo o‘rtasida o‘zaro aloqalarni mustahkamlashga qaratilgan keng ko‘lamli ishlarni amalga oshirdi. Sohibqiron dunyoning turli mamlakatlari bilan aloqalar o‘rnatdi: bir tarafdan – Xitoy, Hindiston, ikkinchi tarafdan – Frantsiya, Angliya, shuningdek, Usmonlilar imperiyasi, Ispaniya, Italiya, Misr va boshqa davlatlar.
Amir Temur savdo-iqtisodiy munosabatlar orqali xalqlar va mamlakatlar orasida yagona makon yaratishda misli ko‘rilmagan yutuqlarga erishdi. U Ispaniya qiroli Genrix III Frantsiya qiroli Karl IV, Angliya qiroli Genrix saroylariga elchilar yo‘lladi; ayni paytda o‘z saroyida ispan, frantsuz, ingliz, xitoy va boshqa xorijiy mamlakatlarning elchilarini qabul qildi.
Amir Temur umrining ko‘p qismini yurishlarda o‘tkazdi. Sharqqa qilgan yurishi paytida Amir Temur 1405 yil 18 fevral kuni O‘tror shahrida vafot etdi. Uning jasadi Samarqandga olib kelinib, 23 fevral kuni Go‘ri Amirda, nabirasi Muhammad Sulton daxmasida dafn qilindi.
Yevropalik olimlar Amir Temur va uning faoliyati haqida bundan to‘rt yuz yil ilgari gapira boshlagan edi. 1553 yilda Florentsiya (Italiya)da italyan olimi Perondino qalamiga mansub “Skiflik buyuk Tamerlan” kitobi bosilib chiqdi. Bu Yevropada Amir Temur haqidagi ilk ilmiy tadqiqot hisoblanadi.
Yevropa tillarida (ispan, ingliz, frantsuz) e’lon qilingan yozma manbalar ichida birinchi o‘rinda ispan elchisi Rui Gonsales de Klavixoning “Samarqandga Amir Temur saroyiga sayohat kundaligi (1403-1406)” turadi. Buyuk Rembrandt Boburiylar zamonidagi hind miniatyuralaridan ilhomlanib, Amir Temurni uning vorislari Umarshayx, Zahiriddin Bobur, Humoyun va Akbar davrasida tasvirlaydi.
XVI asrda yashagan mashhur ingliz shoiri va dramaturgi Kristofer Marloning “Buyuk Temur” nomli tragediyasida yosh Temurbek o‘zining tengsiz aqli, salohiyati va shijoati bilan jahon tarixidagi qudratli podsholardan biriga aylangani namoyish etilgan. Tragediya XVI asrgacha sahnadan tushmay, Angliyada teatr mavsumini boshlab bergan.
Bir necha yevropalik bastakorlar operalarda Amir Temur obrazini yaratganlar. XVI asr boshida italyan bastakori Gaspirni “Tamerlan” operasini yaratdi. Mazkur opera Vena teatrida sahna yuzini ko‘rdi. Bastakor Leo uni Neapol teatrida sahnalashtirdi. Antonio Vivaldi, Skolari, Gendel va boshqa bastakorlar ham bu mavzuda musiqa asarlari yaratganlar.
Bugun jahonning ellikdan ortiq mamlakatida temurshunos olimlar ilmiy izlanishlar olib bormoqda. Temur va Temuriylar davriga bag‘ishlangan ko‘plab kitoblar chop etilmoqda. O‘tgan olti yuz yil mobaynida Yevropa tillarida Amir Temurga bag‘ishlab yozilgan salmoqli asarlarning soni 500 ga yetdi, Sharq tillarida esa 900 dan oshdi.