Edu market uz kitoblar
[11] “Жассос”.1-жилд, 391-396-бетлар. “Шарҳул кабир”. 2-жилд, 367-бет. “Ниҳоятул муҳтож”. 5-жилд, 284-бет. “Ал-Муғний”. 8-жилд, 17-бет. “Қуртубий”. 6-жилд, 89-бет.
Edu market uz kitoblar
Ушбу китоб – кун-фу бўйича уч карра дунё чемпионининг Исо Масиҳ эътиқодига узоқ ва машаққатли йўл босиб ўтгани ҳақидаги автобиографик тарих. Унинг ҳикояси – инсон қандай синов ва йўқотишлар эвазига Худога келиши, Худо уни эзгу мақсадга бошлаши ва инсон ҳа
Hamdu Sano
Mening Nurim
Умрим буйи, Раббим,куйлайман Сени
Kutubxona
- Ҳузур ҳаловатда ўсиб (Боб Джорж)
- Иноятнинг ажойиблиги нимада (Филип Янси)
- Марям (Риверс Франсин)
- Бурсабо (Риверс Франсин)
- Рут (Риверс Франсин)
- Рахоба (Риверс Франсин)
- Тамара (Риверс Франсин)
- Самовий одам (Пол Хатауэй) Ака Юн
- Шунчаки дурадгор эмас (Джош Мак-Дауэлл)
- Фаришта айтиб берган ҳикоя (Макс Лукадо)
- Йиртилган парда (Гулшан Эстер)
- Руҳий жанг (Жон Буньянн)
- Гувоҳ (Джош Мак-Дауэлл)
- Кувгинлар Кетидан Келадиган Рохат. (Рон Брэкин)
- ЙЎЛБАРСНИ БЎЙСУНДИРИШ (Тони Энтони)
Edu market uz kitoblar
Гоҳида шаръий манбаларда, гоҳида жума маърузаларида “Аҳли китоблар” деган сўзни эшитиб қоламиз. Хўш, аҳли китоблар ўзи кимлар? Ислом шариатида уларга қандай муносабаб билдирилади? Уларнинг бошқа дин вакилларидан фарқли жиҳатлари нимада? Буларни эса ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Шунинг учун бугунги мавзуни тўртта мазҳабнинг уларга нисбатан қарашларини баён қилишга бағишлаймиз.
АҲЛИ КИТОБ
Таърифи:
1. اهل الكتاب [аҳлул кита́би] – аҳли китоблар. Жумҳур фақиҳлар фикрига кўра, аҳли китоб – турли тоифалардан иборат яҳудий ва насронийлардир[1].
Ҳанафийлар қамровни кенгроқ олиб: “Аҳли китоб бу – бирор пайғамбарга иймон келтирган ва бирон самовий китобни эътироф этган ҳар бир киши аҳли китоб саналади. Бу истилоҳ яҳудий ва насронийларни, Довуд алайҳис саломнинг “Забур”и, Иброҳим ва Шис алайҳис саломларнинг саҳифаларига иймон келтирган шахсларни ўз ичига олади. Чунки улар китоб билан нозил қилинган самовий динга эътиқод қиладилар”, дейишади.
Жумҳур уламолар ўз қарашига Аллоҳ таолонинг: “Биздан аввалги икки тоифага китоб туширилган. [2] ” сўзини далил қилишади. Шунингдек, улар: “Қолаверса, у саҳифалар панд-насиҳат ва мисоллардан ташкил топган бўлиб, уларда ҳукмлар мавжуд эмас. Шунинг учун уларга ўзида ҳукмларни жамлаган “Китоб” ҳукми берилмайди”, дейишади.
Сомирийлар гарчи аксар ҳукмларда хилоф қилсалар-да, яҳудий ҳисобланади.
Собиийлар борасида фақиҳлар ихтилоф қилишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрига кўра, улар яҳудий ёки насронийлардан бўлган аҳли китоблардир. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳга мансуб бир қавлда ва шофеъийлардаги икки қавлдан бирида улар насронийларнинг бир тури экани айтилади.
Шофеъийлар наздида ва ҳанбалийлардан Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ саҳиҳ ҳисоблаган қавлга кўра, агар собиийлар диннинг аслий масалаларида, яъни пайғамбарларни тасдиқлаш ва китобларга иймон келтиришда насроний ҳамда яҳудийларга мувофиқ бўлса, улардан ҳисобланади. Борди-ю бу борада уларга хилоф қилса, улардан ҳисобланмайди ва бутпараст ҳукмини олади[3].
Мажусийларга келсак, фақиҳлар гарчи жизя борасида аҳли китоблар каби муомала қилинса-да, уларнинг аҳли китоб эмаслигига иттифоқ қилишган. Бу масалада биргина Абу Савр раҳматуллоҳи алайҳнинг хилофи бор, холос. У киши барча ҳукмларда мажусийларни аҳли китоб каби ҳисоблаган.
Жумҳур уламолар ўз қарашига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уларга аҳли китобга қилинган муомалани қилинглар[4]”, деган ҳадисларини далил қилади. Ушбу ҳадис мажусийларнинг аҳли китобдан бошқа эканига далолат қилади. Агар улар аҳли китоб бўлганда Умар розияллоҳу анҳу мазкур ҳадис ривоят қилинмагунча улардан жизя олишга тараддуд қилмаган бўларди[5].
Алоқадор сўзлар:
а. كفار [куффа́рун] – кофирлар, ғайридинлар:
2. Ғайридин (кофирлар) уч қисмдир: 1. Аҳли китоблар. Улар ҳақида юқорида маълумот берилди. 2. Аҳли китоб бўлиши эҳтимоли бор кофирлар. Улар мажусийлардир. 3. Китоби йўқ ва китоби бўлиши эҳтимолдан йироқ кофирлар. Улар юқоридаги икки қисмга кирмайдиган бутпараст ва бошқа турдаги кофирлардир. Шунга кўра, аҳли китоблар ҳам кофирлар қаторига киради. “Кофирлар” ибораси “Аҳли китоб”дан умумийроқ маъно касб этади. Чунки у аҳли китобни ҳам, бошқаларни ҳам ўз ичига олади[6].
б. اهل الذمة [аҳлуз зиммати] – зиммийлар:
3. Аҳли зимма яҳудий, насроний ва бошқалардан иборат Ислом юртида яшайдиган ва мусулмонлар билан аҳд тузган ғайридинлардир. Улар жизя бериш ва дунёвий ишларда Ислом ҳукмларини қабул қилиш эвазига ўз динларида қолдирилади[7].
Аҳли зимма ва аҳли китоб доимо ўзаро боғлиқ бўлавермайди. Гоҳида кофирлар зммий бўлсада, аҳли китоб бўлмайди. Гоҳида эса аҳли китоб бўлганлар зиммий саналмайди. Мана шу – зиммий бўлмаган аҳли китоблар Ислом юртидан бошқа жойларда яшайдиган яҳудий ва насронийлардир.
Аҳли китоб борасидаги тафовут:
4. Фақиҳлар аҳли китоб (яҳудий ва насронийлар) мажусийларга муқобил қўйилганда мажусийлар ёмонроқ ҳисобланишига иттифоқ қилишган[8].
5. Аҳли китоблар сўйган жонлиқни тановвул қилиш:
Фақиҳлар аҳли китоблар сўйган жонлиқни тановвул қилиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, яҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир”[9], ояти далил бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳума: “Уларнинг таомлари сўйган жонлиқларидир”, деганлар. Мужоҳид ва Қатода розияллоҳу анҳулар ҳам шундай дейишган ҳамда шу маънодаги сўз Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. Бироқ бунинг учун улар жонлиқ сўйиш борасидаги ўз динлари кўрсатмасига амал қилган бўлишлари, жонлиқни бўғизлаётганда уни яратган Яратувчининг номини тилга олишлари лозим. Бу борада кўпроқ маълумот олиш учун Аллома Тақий Усминийнинг “Буҳус қозоя фиқҳийя муъасиро” асарига мурожаат қилинг.
6. Аҳли китоб аёлларга уйланиш:
Тўрт мазҳаб фақиҳлари мусулмон эркак китобийя аёлга уйланиши жоиз эканига иттифоқ қилишган. Зеро, Аллоҳ таоло: “Зинокорлик ва махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин Китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир)”[10], дея марҳамат этган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳума жоизликни фақатгина мусулмонлар билан аҳдлашган аҳли китобларга хослаганлари ва ҳарбийяларни чиқариб юборганлари ривоят қилинган. Жумҳур уламолар наздида эса ҳарбийя бўлган аҳли китоб аёл билан бошқачасининг ўртаси ажратилмайди. Бу ҳукмда уларнинг ҳаммаси баробар[11].
7. Мусулмон ва аҳли китоб хотинлар ўртасида адолат қилиш:
Бир мусулмон кишининг хотинлари гарчи турли дин вакии бўлсада, улар ўртасида адолат қилиш вожиб. Ибн Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бизга устозлик қилган аҳли илмларнинг ҳаммалари кунларда мусулмон ва зиммийя хотин ўртасида тенг тақсимот қилиш зарур эканига ижмоъ қилишган. Бунга сабаб тақсимо аёлнинг ҳақи экани ва шунинг учун худди нафақа ҳамда турар жойдаги каби бунда ҳам муслима билан китобийя баробар бўлишидир”. Барча фақиҳларнинг қараши мана шундай[12].
Мана шу маълумотлардан Исломдаги толерантлик (бағрикенглик) қай даражада эканини билиб олиш мушкул эмас.
8. Аҳли китоб эркакнинг мусулмон аёлга уйланиши:
Бу масаладаги асос Аллоҳ таолонинг “Эй, мўминлар, қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) имонларини яхши билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир”[13], оятидир. Муфассирлар “Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар” ояти тафсирида “Аллоҳ бирорта мўминани кофирга, бирор мўминни мушрикага никоҳланишини ҳалол қилмади”[14], дейишган.
Демак, мусулмон аёл ҳеч бир ҳолатда мусулмон эркакдан бошқасига турмушга чиқиши мумкин эмас.
9. Аҳли китоблар билан олди-берди муомаласи:
Аҳли китоблар ила муомала қилиш жоиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир яҳудийдан насияга озиқ-овқат сотиб олиб, унга совутларини гаровга қўйганлар[15]. Бу ҳадисда аҳли китоблар билан олди-берди қилиш жоизлигига далил бор. Бундан бошқа кўплаб ҳадисларда У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли китоблар билан турли хил олди-бердини амалга оширганлари сотиб бўлган.
[1] “Роддул мухтор”. 3-жилд, 268-бет. “Фатҳул қодир”. 3-жилд, 373-, бет, “Булоқ” нашри. “Тафсири Қуртубий”. 20-жилд, 140-бет, “Дорул кутуб” нашри. “Ал-Муҳаззаб”. 2-жилд, 250-бет, “Ҳалабий” нашри. “Ал-Муғний маъаш шарҳил кабир”. 7-жилд, 501-бет.
[2] Анъом сураси, 156-оят.
[3] “Ал-Муғний”. 8-жилд, 496 ва 497-бетлар. “Қолюбий”. 4-жилд, 229-бет.
[4] Бу ҳадиснинг мана шу лафздаги барча ривояти заиф. Зайлаъийнинг “Насбур роъя”си, 3-жилд, 448-бетига қаранг. Бироқ “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Жизя” бобида мазкур ҳадис маъносини қувватлаовчи ривоят бор. (“Фатҳул Борий” 6-жилд, 257-бет, 3156-ҳадис).
[5] “Роддул мухтор”. 4-жилд, 336-бет. “Аҳкаму аҳлил жизяҳ”. 1-жилд, 2-бет. “Ал-Муғний”. 8-жилд, 498-бет “Риёз” нашри.
[6] “Ал-Муғний”. 8-жилд, 496-бет.
[7] “Ал-Қомус”. “Кашшофул қиноъ”. 3-жилд, 116-бет.
[8] “Ал-Мабсут”. 5-жилд, 48-бет. “Фатҳул Қодир”. 3-жилд, 287-бет.
[9] Моида сураси, 5-оят
[10] Моида сураси, 5-оят.
[11] “Жассос”.1-жилд, 391-396-бетлар. “Шарҳул кабир”. 2-жилд, 367-бет. “Ниҳоятул муҳтож”. 5-жилд, 284-бет. “Ал-Муғний”. 8-жилд, 17-бет. “Қуртубий”. 6-жилд, 89-бет.
[12] “Роддул мухтор”. 2-жилд, 400-бет. “Аш-Шарҳул кабир”. 2-жилд, 339-бет. “Ал-Муҳаззаб”. 2-жилд, 68-бет. “Ал-Муғний”. 7-жилд, 36-бет.
[13] Мумтаҳана сураси, 10-оят.
[14] “Тафсири Қуртубий”. 18-жилд, 63 ва 64-бетлар.
[15] Мазкур ҳадисни Имом Бухорий “Раҳн (гаров) “ бобида (“Фатҳул Борий”, 5-жилд, 1429-бет, 2509 рақам).