Press "Enter" to skip to content

KITOB-MA’NAVIYAT KO’ZGUSI

Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,

Erkin Usmonov. Kitob ko’targan odam

Яна бир воқеа эсимда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Солиҳов янги уйга кўчаётган кунлари ҳашарга боргандик. Китобларнинг ўзи бир машинага юк бўлди. Уларни тушираётганимизда балконда турган қўшнилардан бири “Кўчиб келаётган ким экан? Китобдан бошқа нарсаси йўқ -ку?” дея луқма ташлади.

Эркин Усмонов
КИТОБ КЎТАРГАН ОДАМ

Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг барчамизга ёд бўлиб кетган шундай сатрлари бор:

Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,

Кўп эртак эшитгандим,
Сўйлаб берарди бувим.

Эсимда ўша дамлар,
Ўзи учар гиламлар,

Тоҳир — Зуҳра, Ёрилтош
Ойни уялтирган қош.

Сезяпсизми, болаликда ошно бўлган эртакларини эслаяпти шоир! Кўринадики, ҳаётга, одамларга, китобларга, адабиётга муҳаббат айнан ўша пайтларда бошланган.

Ана энди савол туғилади. “Бизнинг китоб мутолаасига муносабатимиз қандай? Фарзандларимиз бугун “Учар гилам”лару “Тоҳир-Зуҳра” ё “Ёрилтош”ни билишармикан?”

“Муносабатимиз яхши, билишади”, дегинг келадию ўйланиб қоласан киши. Замонавий компютер техникаси ва интернетни сув қилиб ичиб юборган йигит-қизлар бадиий адабиётни севиб ўқишяпти, дейиш қийин. Таассуфки, айрим ёшлар китобхонликдан анчайин йироқлашиб кетишган.

Яқинда вилоятлардан биридаги коллежда бўлиб ўтган учрашувда талабалардан қандай китоблар ўқишаётгани ҳақида сўрадик. “Ўтган кунлар”, “Робинзон Крузо”, “Шум бола”, “Гарри Потер”, ”Шайтанат” ва ҳоказо” деган жавобни эшитиб хурсанд бўлдик. Кейин билсак, кўпчилиги ана шу асарларни улар асосида суратга олинган филмлар орқали билишаркан. Энг зўр бадиий филм ҳам ҳеч қачон китобнинг ўрнини боса олмайди. Китобнинг ўз нафаси, руҳи, ҳиди ва қуввати бор.

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таъкидлаганидек, китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи ­мураббийдир. Француз файласуфи Дени Дидро эса: “Одамлар ўқишдан тўхташлари билан ­фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деб айтган.

Демак, ҳаётни китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маънавиятимизнинг теран илдизлари, дунёнинг таянч нуқтаси, туриш-турмушимизнинг маъно ва мазмуни, энг аввало, китоблар билан муштарак бўлиб кетган.

Узоққа бормайлик, пойтахтимизда қад кўтарган муҳташам “Маърифат маркази”да Алишер Навоий номидаги республика Миллий кутубхонаси жойлашганининг ўзиёқ халқимиз маънавий бойлигига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунаси.

Халқимиз азал-азалдан китобхон халқ. Китобни нондек азиз ва мўътабар деб билади. Дарҳақиқат, китоб одамзот ақл-идроки ва истеъдоди туфайли яратилган энг ноёб бойликлардан бири, таъбир жоиз бўлса, дунёнинг саккизинчи мўъжизасидир. У билимлар хазинаси, тафаккур қаноти ҳисобланади. Гарчи илдизи миллий заминдан озиқланса-да, шохларида умумбашарий мевалар унади. Китоб ҳар бир миллатга ўз маданиятини намойиш этиш, айни чоғда, бошқа халқларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан танишиш имконини беради. Бинобарин, у тараққиёт ва маданий ранг-баранглик кўзгуси, ўтмиш билан бугунни, бугун билан келажакни боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Шу боис китоб ўқиган, айниқса, бадиий адабиётга меҳр қўйган одам эзгуликка ошно ­тутинади. Ўз билими, дунёқараши, руҳияти ва маънавиятини бойитиб, оламни теран англай бошлайди. Ҳаёт ва гўзалликни қадрлашни, аждодларимиздан қолган меросни асраб-авайлашни ўрганади.

Айтишларича, бир замонлар қарийб ҳамма ўзбек хонадонларида Сўфи Оллоёру Фузулий, Саъдийу Ҳофиз, Навоийу Машраб асарлари ўқилган, оилавий давраларда қиссахонликлар узун кечалар давом этган, “Калила ва Димна”, “Минг бир кеча”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” ва “Алпомиш”лар мутолаа қилинган экан. Шундан ҳам кўриняптики, маънавият халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Унинг ­томирлари олис мозийга бориб тақалади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Озод Шарафиддинов ҳақида телевизион филм суратга олган кунларимиз унинг ҳузурида бир неча бор бўлганимни яхши эслайман. У кишининг улкан кутубхонасини кўриб ҳайратда қолгандим. Бир шоир дўстимиз айтмоқчи, “Ер китоб, осмон китоб…” Озод ака ўзининг “Сардафтар саҳифалари” деган китобини менга совға қилиб, ичига “Эркин, бу китобни жавонга ясатиб қўйишга эмас, ўқишга бераяпман”, деб дастхат ёзиб берди ва ажабланганимни сезиб, ҳорғин кулимсираб қўйди: “Бир танишим бор. Зиёли одам. Шахсий кутубхонаси ҳам яхши. Жилд-жилд жаҳон адабиёти намуналари бор. Бахтга қарши, уларнинг биронтасини ҳатто очиб ҳам кўрмаган. Ана шуниси алам қилади…”

Тўғри, китоб катта маънавий бойлик. Кутубхонаси бор уйнинг файзи бўлакча бўлади. Лекин, устоз айтганидек, агар “ўқилса!”

Яна бир воқеа эсимда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Солиҳов янги уйга кўчаётган кунлари ҳашарга боргандик. Китобларнинг ўзи бир машинага юк бўлди. Уларни тушираётганимизда балконда турган қўшнилардан бири “Кўчиб келаётган ким экан? Китобдан бошқа нарсаси йўқ -ку?” дея луқма ташлади.

“Ҳа, Солиҳов деган профессор экан”, дедим энсам қотиб. Бу гапни Равшан ака ҳам эшитди-да, “Шу китобларни умр бўйи йиққанман”, деб ғурурланиб қўйди. Ҳамкасбларининг хотирлашича, театр бирон вилоят, шаҳар ё туманга ижодий сафарга борса, актёрлар бўш пайтларида бозор ё дўконларни оралаб кетишар, Равшан ака бўлса, ўша ердаги китоб дўконларини излаб юраркан…

Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Китобга муҳаббат одам боласига сут билан киради, йиллар оша шаклланади ва маънавий ҳаётимизнинг шох томири бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳам китоб кўтарган одам худди шамчироқ кўтариб йўлни ёритиб бораётган кишига ўхшайди.

Маълумки, ҳар йилнинг 23 апрел санаси “Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни” деб белгиланган. ЮНЕСКО номли нуфузли халқаро ташкилот томонидан йўлга қўйилган бу хайрли иш дунё халқлари томонидан қувонч билан қарши олинди. Бу кунни том маънода “Халқаро китоб байрами” деб ҳам аташ мумкин. Чунки бу жаҳон аҳлининг диққат-эътиборини китоб деган мўъжизага қаратиш, буюк истеъдод эгаларини қадрлаш, ёшларда китобга муҳаббат уйғотиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид масалаларни кун тартибига қўйиш деган гап. ЮНЕСКО муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борсида Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти каби қатор xалқаро ва минтақавий тузилмалар билан доимий ҳамкорлик қилмоқда.

Жаҳон миқёсида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган асосий ҳужжатлардан бири Адабий-бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенциясидир. У аъзо давлатларда тўғридан-тўғри ёки барча қоидалари соҳага оид миллий қонунчиликда акс эттирилган ҳолда қўлланилади.

Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2004 йили қўшилди. Нашр этилаётган асарларнинг бадиий савияси ва безагини яхшилашга, матбаа корхоналари моддий-техник базасини замонавий технологиялар асосида мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 2006 йили республикамизда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун амалиётга жорий этилди. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга доир бундай ишлар билан эндиликда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги шуғулланмоқда.

Сўзим адоғида сизга шундай дегим келади: ўйлаб кўринг, охирги марта қачон кутубхона ё китоб дўконига кирдингиз? Фарзандларингиз ё невараларингиз учун қандай китоблар харид қилдингиз? Охирги ўқиган китобингизни эслай оласизми? Хонадонингизда шахсий ё оилавий кутубхонангиз борми? Унутмангки, бу саволларга жавоб бериш ҳеч қачон ҳеч ким учун кеч бўлмайди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 16-сон
Манба: Ziyouz.uz

Erkin Usmonov
KITOB KO’TARGAN ODAM

Atoqli shoir Hamid Olimjonning barchamizga yod bo‘lib ketgan shunday satrlari bor:

Bolalik kunlarimda,
Uyqusiz tunlarimda,

Ko‘p ertak eshitgandim,
So‘ylab berardi buvim.

Esimda o‘sha damlar,
O‘zi uchar gilamlar,

Tohir — Zuhra, Yoriltosh
Oyni uyaltirgan qosh.

Sezyapsizmi, bolalikda oshno bo‘lgan ertaklarini eslayapti shoir! Ko‘rinadiki, hayotga, odamlarga, kitoblarga, adabiyotga muhabbat aynan o‘sha paytlarda boshlangan.

Ana endi savol tug‘iladi. “Bizning kitob mutolaasiga munosabatimiz qanday? Farzandlarimiz bugun “Uchar gilam”laru “Tohir-Zuhra” yo “Yoriltosh”ni bilisharmikan?»

“Munosabatimiz yaxshi, bilishadi”, deging keladiyu o‘ylanib qolasan kishi. Zamonaviy kompyuter texnikasi va internetni suv qilib ichib yuborgan yigit-qizlar badiiy adabiyotni sevib o‘qishyapti, deyish qiyin. Taassufki, ayrim yoshlar kitobxonlikdan anchayin yiroqlashib ketishgan.

Yaqinda viloyatlardan biridagi kollejda bo‘lib o‘tgan uchrashuvda talabalardan qanday kitoblar o‘qishayotgani haqida so‘radik. “O‘tgan kunlar”, “Robinzon Kruzo”, “Shum bola”, “Garri Poter”, ”Shaytanat” va hokazo” degan javobni eshitib xursand bo‘ldik. Keyin bilsak, ko‘pchiligi ana shu asarlarni ular asosida suratga olingan filmlar orqali bilisharkan. Eng zo‘r badiiy film ham hech qachon kitobning o‘rnini bosa olmaydi. Kitobning o‘z nafasi, ruhi, hidi va quvvati bor.

Sohibqiron bobomiz Amir Temur ta’kidlaganidek, kitob barcha bunyodkorlik, yaratuvchanlik va aql-idrokning, ilmu donishning asosidir, hayotni o‘rgatuvchi ­murabbiydir. Frantsuz faylasufi Deni Didro esa: “Odamlar o‘qishdan to‘xtashlari bilan ­fikrlashdan ham to‘xtaydilar”, deb aytgan.

Demak, hayotni kitobsiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. Ma’naviyatimizning teran ildizlari, dunyoning tayanch nuqtasi, turish-turmushimizning ma’no va mazmuni, eng avvalo, kitoblar bilan mushtarak bo‘lib ketgan.

Uzoqqa bormaylik, poytaxtimizda qad ko‘targan muhtasham “Ma’rifat markazi”da Alisher Navoiy nomidagi respublika Milliy kutubxonasi joylashganining o‘ziyoq xalqimiz ma’naviy boyligiga davlatimiz tomonidan ko‘rsatilayotgan yuksak e’tiborning namunasi.

Xalqimiz azal-azaldan kitobxon xalq. Kitobni nondek aziz va mo‘‘tabar deb biladi. Darhaqiqat, kitob odamzot aql-idroki va iste’dodi tufayli yaratilgan eng noyob boyliklardan biri, ta’bir joiz bo‘lsa, dunyoning sakkizinchi mo‘‘jizasidir. U bilimlar xazinasi, tafakkur qanoti hisoblanadi. Garchi ildizi milliy zamindan oziqlansa-da, shoxlarida umumbashariy mevalar unadi. Kitob har bir millatga o‘z madaniyatini namoyish etish, ayni chog‘da, boshqa xalqlarning urf-odatlari va an’analari bilan tanishish imkonini beradi. Binobarin, u taraqqiyot va madaniy rang-baranglik ko‘zgusi, o‘tmish bilan bugunni, bugun bilan kelajakni bog‘lovchi ko‘prik vazifasini o‘taydi. Shu bois kitob o‘qigan, ayniqsa, badiiy adabiyotga mehr qo‘ygan odam ezgulikka oshno ­tutinadi. O‘z bilimi, dunyoqarashi, ruhiyati va ma’naviyatini boyitib, olamni teran anglay boshlaydi. Hayot va go‘zallikni qadrlashni, ajdodlarimizdan qolgan merosni asrab-avaylashni o‘rganadi.

Aytishlaricha, bir zamonlar qariyb hamma o‘zbek xonadonlarida So‘fi Olloyoru Fuzuliy, Sa’diyu Hofiz, Navoiyu Mashrab asarlari o‘qilgan, oilaviy davralarda qissaxonliklar uzun kechalar davom etgan, “Kalila va Dimna”, “Ming bir kecha”, “Go‘ro‘g‘li”, “Kuntug‘mish” va “Alpomish”lar mutolaa qilingan ekan. Shundan ham ko‘rinyaptiki, ma’naviyat xalqimizning qon-qoniga singib ketgan. Uning ­tomirlari olis moziyga borib taqaladi.

O‘zbekiston Qahramoni, ustoz Ozod Sharafiddinov haqida televizion film suratga olgan kunlarimiz uning huzurida bir necha bor bo‘lganimni yaxshi eslayman. U kishining ulkan kutubxonasini ko‘rib hayratda qolgandim. Bir shoir do‘stimiz aytmoqchi, “Yer kitob, osmon kitob…” Ozod aka o‘zining “Sardaftar sahifalari” degan kitobini menga sovg‘a qilib, ichiga “Erkin, bu kitobni javonga yasatib qo‘yishga emas, o‘qishga berayapman”, deb dastxat yozib berdi va ajablanganimni sezib, horg‘in kulimsirab qo‘ydi: “Bir tanishim bor. Ziyoli odam. Shaxsiy kutubxonasi ham yaxshi. Jild-jild jahon adabiyoti
namunalari bor. Baxtga qarshi, ularning birontasini hatto ochib ham ko‘rmagan. Ana shunisi alam qiladi…”

To‘g‘ri, kitob katta ma’naviy boylik. Kutubxonasi bor uyning fayzi bo‘lakcha bo‘ladi. Lekin, ustoz aytganidek, agar “o‘qilsa!”

Yana bir voqea esimda. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Ravshan Solihov yangi uyga ko‘chayotgan kunlari hasharga borgandik. Kitoblarning o‘zi bir mashinaga yuk bo‘ldi. Ularni tushirayotganimizda balkonda turgan qo‘shnilardan biri “Ko‘chib kelayotgan kim ekan? Kitobdan boshqa narsasi yo‘q -ku?” deya luqma tashladi.

“Ha, Solihov degan professor ekan”, dedim ensam qotib. Bu gapni Ravshan aka ham eshitdi-da, “Shu kitoblarni umr bo‘yi yiqqanman”, deb g‘ururlanib qo‘ydi. Hamkasblarining xotirlashicha, teatr biron viloyat, shahar yo tumanga ijodiy safarga borsa, aktyorlar bo‘sh paytlarida bozor yo do‘konlarni oralab ketishar, Ravshan aka bo‘lsa, o‘sha yerdagi kitob do‘konlarini izlab yurarkan…

Bunaqa misollarni ko‘plab keltirish mumkin. Kitobga muhabbat odam bolasiga sut bilan kiradi, yillar osha shakllanadi va ma’naviy hayotimizning shox tomiri bo‘lib qoladi. Shu sababdan ham kitob ko‘targan odam xuddi shamchiroq ko‘tarib yo‘lni yoritib borayotgan kishiga o‘xshaydi.

Ma’lumki, har yilning 23 aprel sanasi “Xalqaro kitob va mualliflik huquqi kuni” deb belgilangan. YUNESKO nomli nufuzli xalqaro tashkilot tomonidan yo‘lga qo‘yilgan bu xayrli ish dunyo xalqlari tomonidan quvonch bilan qarshi olindi. Bu kunni tom ma’noda “Xalqaro kitob bayrami” deb ham atash mumkin. Chunki bu jahon ahlining diqqat-e’tiborini kitob degan mo‘‘jizaga qaratish, buyuk iste’dod egalarini qadrlash, yoshlarda kitobga muhabbat uyg‘otish, mualliflik huquqini himoya qilishga oid masalalarni kun tartibiga qo‘yish degan gap. YUNESKO mualliflik huquqini himoya qilish borsida Butunjahon Intellektual mulk tashkiloti kabi qator xalqaro va mintaqaviy tuzilmalar bilan doimiy hamkorlik qilmoqda.

Jahon miqyosida mualliflik huquqini himoya qilishga yo‘naltirilgan asosiy hujjatlardan biri Adabiy-badiiy asarlarni muhofaza qilish bo‘yicha Bern konventsiyasidir. U a’zo davlatlarda to‘g‘ridan-to‘g‘ri yoki barcha qoidalari sohaga oid milliy qonunchilikda aks ettirilgan holda qo‘llaniladi.

O‘zbekiston ushbu konventsiyaga 2004 yili qo‘shildi. Nashr etilayotgan asarlarning badiiy saviyasi va bezagini yaxshilashga, matbaa korxonalari moddiy-texnik bazasini zamonaviy texnologiyalar asosida mustahkamlashga jiddiy e’tibor qaratib kelinmoqda. 2006 yili respublikamizda “Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risida”gi qonun amaliyotga joriy etildi. Mualliflik huquqini himoya qilishga doir bunday ishlar bilan endilikda O‘zbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligi shug‘ullanmoqda.

So‘zim adog‘ida sizga shunday degim keladi: o‘ylab ko‘ring, oxirgi marta qachon kutubxona yo kitob do‘koniga kirdingiz? Farzandlaringiz yo nevaralaringiz uchun qanday kitoblar xarid qildingiz? Oxirgi o‘qigan kitobingizni eslay olasizmi? Xonadoningizda shaxsiy yo oilaviy kutubxonangiz bormi? Unutmangki, bu savollarga javob berish hech qachon hech kim uchun kech bo‘lmaydi…

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2012 yil, 16-son

KITOB-MA’NAVIYAT KO’ZGUSI

Barchamizga ma’lumki, biz texnika rivojlangan «Axborot asri” da yashayapmiz. Axborotlar oqimi shunchalik rivojlanib ketdiki, ularning qaysi biri kerakli, qaysi biri foydali ekanligidan ikkilanib qolamiz. Internetga kirsangiz bo’ldi, istagan kitobingizning elektron variantini topishingiz mumkin. Ammo u kitobdagidek o’quvchiga zavq bermaydi. Qahramonlarning ichki kechinmalarini his qila olmaydi.

O’quvchilarning kitobga bo’lgan mehrini kuchaytirish orqali ularda yuksak ma’naviy fazilatlar, vatanparvarlik, fidoyilik, mehnatsevarlik, kattalarga hurmat, kichiklarga izzat kabi fazilatlarni shakllantiradi. Kitob o’quvchining ongi tafakkurini teran, dunyoqarashini keng, qolaversa nutqini ravon qiladi.

Bunday kishilar bilan muloqot qilish maroqli bo’ladi. Kitob bu guyoki nurga o’xshaydi. U insonlarni ezgulikka, mexr-muhabbat va ma’rifatli bo’lishga chorlaydi.

Bugungi kunda «O’rgimchak to’ri” deb nomlanayotgan internet yoshlarning bilim darajasini oshirish bilan birga ularning ongini ham zaharlayotganligi barchamizga ma’lum. Ommaviy madaniyatni targ’ib qiluvchi dasturlarga qiziqish kuchayib bormoqda. Buning natijasida o’quvchilar milliy madaniyat tushunchasidan yiroqlashmoqda. Bunda kitobning roli kattadir. Chunki ko’p kitob o’qigan inson har qanday yot ta’sirlardan aql bilim bilan himoyalangan bo’ladi, o’zida mafkuraviy immunetni hosil qila oladi. Shuning uchun yoshlarimizni kitob o’qishga da’vat etishimiz, shu yo’l bilan ularni buyuk kelajak sari boshlashimiz darkor. Bolani kitobxon darajasiga ko’tarishda quyidagilarga amal qilishimiz kerak.

1. O’quvchiga beriladigan uy vazifasidan tashqari, birorta badiiy asarni o’qish va unga bo’lgan fikrini yozib kelish imkonini berish zarur. Yozilgan fikrlarni o’qituvchi yig’ib, asar o’qib bo’linganidan so’ng eng yaxshi fikr uchun o’quvchilarni rag’batlantirish zarur.

2. Maktabda sinflar o’rtasida badiiy kitob mutolaasi yo’nalishida turli bellashuvlar tashkil qilish zarur.

Jumladan, «Eng yaxshi kitobxon o’quvchi”, «Eng ko’p badiiy asar o’qigan o’quvchi”.

4. Kitob o’qishga qiziqish bo’lmagan o’quvchilar bilan alohida ishlash zarur, uning oilaviy sharoitini o’rganib avvalo ota-onasini mutolaa qilishga undash zarur. Bu usul ko’p samara bermasligi xam mumkin

5. Ona tili darslarida badiiy adabiyotlardan muntazam ravishda foydalanish zarur.

O’quvchilar o’zlari bilan birga badiiy kitob olib yurishlarini taqozo etadi.Har bir dars davomida yangi mavzusini mustahkamlash yoki takrorlash yuzasidan asardan foydalanish natijasida o’quvchining kitobga bo’lgan mehrini oshiradi.

Masalan «So’z yasovchi qo’shimchalar” mavzusini yoritishda biror asardan so’z yasovchilari mavjud so’zlarni topib daftarga yozish talab etiladi. Bundan tashqari «Bog’lovchilar” mavzusi orqali asardan kichik matn tanlab parcha tarkibidagi yuog’lovchilarni topishimiz zarur. Yoki grammatik tahlil jarayonda ham asarda berilgan gaplardan namuna yozib tahlil qilishimiz mumkin.

Axborotlashgan jamiyat sharoitida ma’naviy-axloqiy qadriyatlarning ahamiyati tobora oshib borayotganligi tufayli o’sib kelayotgan yosh avlod va bo’lajak mutaxassislarning ma’naviy madaniyatini shakllantirish masalasi muhim ahamiyatga ega ekani, ma’naviy barkamol avlodni tarbiyalash ta’lim-tarbiya muassasalari pedagog-o’qituvchilari oldida turgan dolzarb vazifa hisoblanadi.