Kitobxonlik madaniyati insho
Олимлар, зиёлилар, мамлакат ва миллат келажаги учун чуқур қайғурганларни яқин-яқингача бир нарса қийнаб келарди: нега ёшларимиз, умуман, фуқароларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди, нима учун ердан кўкка кўтарадиган, бизни баркамоллик сари етаклайдиган, инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонлик, вайронкорлик билан бунёдкорликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган, инсоният томонидан яратилган энг ноёб кашфиёт – китобнинг қадри тушиб кетмоқда? Не сабабдан айримлар китоб ўқиганларни замондан орқада қолаётганлар қаторига қўшиб қўймоқда?
Шахс камолоти ва китобхонлик маданияти
Олимлар, зиёлилар, мамлакат ва миллат келажаги учун чуқур қайғурганларни яқин-яқингача бир нарса қийнаб келарди: нега ёшларимиз, умуман, фуқароларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди, нима учун ердан кўкка кўтарадиган, бизни баркамоллик сари етаклайдиган, инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонлик, вайронкорлик билан бунёдкорликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган, инсоният томонидан яратилган энг ноёб кашфиёт – китобнинг қадри тушиб кетмоқда? Не сабабдан айримлар китоб ўқиганларни замондан орқада қолаётганлар қаторига қўшиб қўймоқда?
Дарҳақиқат, бу саволлар барчамизни қийнар эди. Мен шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2016 йил 19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги сайловолди маърузасида билдирилган айрим фикрлари хусусида тўҳталмоқчи эдим. Маърузада бугунги кунда ахборот – коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмаслигига эътибор берилган.
“Айни пайтда, – дейди Шавкат Миромонович, – ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади”. (“XXI аср”, 2016, 20 октябр)
Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, ушбу фикрлар мамлакатимиздаги барча зиёлилар, миллат келажаги, унинг маънавий баркамоллиги учун ташвишда бўлганларнинг юрак-юрагидаги гап бўлди. Китоб барчамизга чароғон йўлни кўрсатишини, маънавий оламимизни шакллантиришини, келажакдаги ягона ягона тўғри йўлни танлашга ёрдам беришини билсакда, уни ўқимасак, китобнинг инсоният томонидан яратилган энг буюк кашфиёт эканлигини тушунсакда, аммо уни “культ” даражасига кўтармасак-бу ҳолда бизнинг китоб тўғрисидаги тасаввурларимиз хато бўлмайдими?
Ана шу фикрлар билан ошно бўлиб турганимизда, кечагина муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” (2017 йил 12 январ)ги фармойиши эълон қилинди. Мазкур фармойиш китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини яна бир янги босқичга кўтарганлиги билан изоҳланади. Таъкидланишича, бугунги кунда матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасида тегишли ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. 1677 та матбаа корхоналари, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та ҳудудий бирлик ахборот-кутубхона маркази, туман ва шаҳар марказларидаги таълим муссасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс марказлари томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминот” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.
Фармойишнинг ибратли жиҳати шундан иборатки, унда китоб маҳсулотлари нашр этиш, тарқатиш, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятининг бугунги кундаги ҳолати, мавжуд камчилик, хатолар рўй-рост очиб берилган. Айниқса, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмагани, таълим ва маданият муассасалари учун китоб харид қилишга маблағлар етарли даражада мавжуд бўлган манбалар ҳисобидан жалб этилмаётгани, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотларини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирлар юксак талаблар даражасида эмаслигига алоҳида эътибор берилган.
Мамлакатимиз раҳбарининг китоб, китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисида куюниб гапираётганликларининг чуқур фалсафаси бор. Биринчидан, юқорида қайд этилгани каби, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк куч ҳисобланади. Иккинчидан, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, барчамизни ўз маънавий-маърифий, илмий заминимизни мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам бизнинг юртимизда илм олиш, китоб ёзиш, ижод қилиш ҳар доим ҳам миллатнинг мавжудлиги ва у нимага қодир эканлигини кўрсатувчи муқаддас тушунчалар ҳисобланади. Арасту ҳакимдан Абу Али Ибн Синога, Афлотундан-Абу Райҳон Берунийгача, Жалолиддин Румийдан- Алишер Навоийгача, Соҳибқирон Амир Темурдан-Муҳаммадшариф Гулханийгача юзлаб, минглаб мутафаккирларнинг шаклланиши, дунёга танилиши, замонлар ошсада аҳамияти йўқолмайдиган тадқиқоту кашфиётлари фақат ва фақат китоб орқали юз берди. Уларнинг бугунги авлод томонидан чуқур ўрганилиши, улар илмий-маърифий бисотига бот-бот мурожаат қилишнинг сабаби ҳам мутафаккирларимиз томонидан яратилган китоблар туфайлидир.
Шарқда ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудийнинг китоб ҳақидаги қуйидаги фиркларига бир қулоқ тутайлик: “Эй азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан ҳоли ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам “Китоб ақл қалъасидир”, деганлар”. (Машриқзамин-ҳикмат бўстони. -Тошкент, 1997. 39-бет)
Ҳақиқатдан ҳам, китоб барчамизни эзгуликка ундайдиган, олдимизда турган барча муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган кучдир. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни муқаддас билиб, қорачиғидек асраганларни зиёли деб атаганлар. Зиёли-Нур тарқатувчи, у ўзининг хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчилар ҳисобланган.
Бунга узоқ ва яқин тарихимиздан мисоллар кўп. Масалан, маърифатпарвар ватандошимиз Исҳоқхон Ибрат ўз уйида каттагина, бой кутубхона ташкил қилади ва уни “Кутубхонаи Исҳоқия”, деб атайди. Ибрат архивидаги китоблар рўйҳати шуни тасдиқлайдики, кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, рус, турк, татар, форс-тожик тилларида кўплаб китоблар бўлган. Бу кутубхонадан нафақат ўзи, шунингдек, қишлоқ аҳолиси ҳам унумли фойдаланган. Исҳоқхон Ибрат ўз мактаби ўқитувчиларини кутубхонада сақланувчи китоблар билан таъминлаган. Кутубхонанинг мактаб ўқитувчиларига бағишланган қисмида Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, “Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим”, “Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ”, Рустамбек Юсуфбек ҳожи ўғлининг “Раҳбари ҳисоб” каби кўплаб дарслик, ўқув қўлланмалари сақланган. Ибрат кутубхонаси доимий равишда катталашиб борган. У кутубхона аъзоларининг китоб олиш ва ўқиб бўлгач, уни топшириш дафтарларини ҳам ташкил қилган, аъзоларнинг, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишларини Исҳоқхоннинг ўзи назорат қилиб борган. (Ибрат. Ажзий. Сўфизода.-Тошкент, 1999.-38 бет)
Исҳоқхон Ибрат каби зиёли, маърифатпарвар юртимизда жуда кўплаб етишиб чиқишган. Уларнинг барчаси ўз кутубхоналарига эга бўлишган. Бундай шахсий зиё масканларидан оддий халқ жуда унумли фойдаланишган. Шу ўринда мазкур Президент фармойишидаги бир ҳолатга эътибор бериш лозим. Бу-ҳудудларда ёзувчи, шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркаларини ташкил этиш, аҳоли ўртасида бадиий жиҳатдан юксак миллий ва жаҳон мумтоз адабиётлари намуналарини тарғиб қилиш, китобхонлар, босма ва электрон китоб ишлаб чиқарувчилар, китоб сотувчилар ҳамда китобхоначи ва тарғиботчилар орасида турли танловлар ўтказиш масаласидир.
Дарҳақиқат, бу ўта зарур масала. Ўз шахсий кузатувларим натижасида шуни айтишим мукинки, бугунги кунда оилавий кутубхонаси бор юзлаб, минглаб ватандошларимиз мавжуд. Уларнинг кутубхоналарида шундай ноёб, нодир китоблар борки, улар жуда камёб ва ягона нусҳада. Биз,”Энг яхши китобхон оила” танловини ўтказиш орқали ўша нодир асарлар нафақат мазкур оиланинг, шунингдек, бутун жамиятнинг маънавий мулкига айланишини, улардан қўни-қўшнилар, соҳа мутахассислари самарали фойдаланишларини истардик. Оилавий кутубхона фақатгина уйнинг безаги, уй эгасининг “зиёлилиги”ни билдирувчи белги бўлишини истамас эдик. Шу маънода, оилавий кутубхона танловида у ёки бу китобнинг чиройлилиги, саҳифаларнинг букланмаганлигига эмас, аксинча, унинг қай даражада кўп ўқилганлигини англатувчи кўрсаткичларига эътибор бериш лозимлигини кўргимиз келади.
Энди бугунги китоблар, айниқса бадиий асарлар ҳусусида айрим фикрларни баён этсак: маълумки, китоб умуман, бадиий асар кишиларнинг дунёқараши, ижтимоий-сиёсий салоҳиятини маънавий баркамоллигини таъминлаши лозим. Бундай асарлар, дарҳақиқат, яратилмоқда, халқимиз, айниқса, ёшларимиз уларни ўқишдан чарчамаяпти. Аммо, бугуни асарларнинг барчасига ҳам шундай баҳо қўйиш мумкин эмас. Айрим асарлар яхши ниятда яратилаётган бўлсада, аммо улар “тескари самара” бермоқда. Турли салбий кўринишлар, зўравонлик, ур-йиқит, одамларда “оломон фикрлаш” даражасини кўтаришга уриниш, фаҳш, иллатларни тарғиб этиш каби ҳолатлар баъзи асарларда авж олаётганинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Мутафаккир-алломаларимиз жоҳилликнинг биринчи белгиси-гўзалликни кўрмасликдир, дейдилар. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Атрофимизда шунча янгиликлар, янгиланишлар, ислоҳатлар содир бўлмоқда, одамларимиз тафаккур тарзи ўзгармоқда. Ана шу ижобий ҳолатларни бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар орқали халқимизга, айниқса ёшларимизга етказиш жуда тўғри бўлар эди.
Маданият, санъат, айниқса бадиий адабиётда замонамиз қаҳрамонини топиш, унинг образини яратиш, назаримизда, ўта долзарб масалалардан биридир. Президент фармойишида кўрсатилган энг муҳим масалалардан бири ҳам шунда. Айримлар замонамиз қаҳрамонини “кўрмайдилар”. Аммо, шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай қаҳрамонлар биз билан бирга, орамизда, улар ҳар куни жасорат кўрсатмоқдалар. Айб – биз уларни кўрмаганлигимизда. Ангрен-Поп темир йўлида Фарҳоднинг жасоратини такрорлаган, чегарани мустаҳкамлашда мардлик кўрсатган, янги технологиялар асосида фермерлик ҳаракатининг унумдорлигини ошираётган, турли жаҳон ареналарида мамлакат байроғини баланд кўтараётганлар-булар замонамиз қаҳрамонлари эмасми?
Халқимиз айнан ана шундай китобларни кутмоқда. Айрим ватандошларимиз “ҳозирги ёшларга жиддий бадиий асарларни тавсия этган билан, улар бундай китобларни ўқимайдилар, чунки замон ўзгарди”, дейишмоқда. Тўғри, замон ўзгарди. Аммо бизнинг ўзбеклигимиз ўзгаргани йўқ. Шундай пайтда, ёшларимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, улар маънавий эҳтиёжини шакиллантириш учун ниманидир тавсия этишни баъзан унутаётганга ўхшаймиз. Ёшлар маънавий эҳтиёжини шакиллантириш учун уларга маъноли асарлар тавсия этишимиз лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўз фармойишида китобхонлик маданиятини юксалтириш лозимлигига алоҳида урғу берган. Ҳўш, китобхонлик маданияти деганда нимани тушунамиз? Булар, фикримизга қуйидагилардан иборат: ўзининг касбий-мутахассислик ҳамда бадиий-маънавий баркамоллигини ошириш учун китобни танлай олиш ва ўзи учун зарурини ўқиш; китоб устида ишлаш малакасини обдон ўрганиб олиш ва унга чуқур амал қила билиш; китобни мустақил ўқий билиш; ўқиган китобнинг асосий мазмунини талқин қила билиш, унинг фусункор оламига кира билиш; ўқиганларидан ҳаётий хулосалар чиқариш; китобнинг керакли, зарур жойларини ён дафтарчага кўчириб олиш, нотаниш бўлган сўзларни эсда сақлаб қолишга интилиш; мунтазам равишда ўқиш кўникмасига эга бўлиш; китоб билан муомалада энг қадрдон дўстингга муносабатда бўлгандай эътибор билан қараш; китобни яроқсиз ҳолига келтирмаслик учун ундан тўғри фойдалана билиш; китобни шошилмасдан, ўйлаб, диққат-эътибор билан ўқиш малакасига эга бўлиш, кутубхона картотекалари билан ишлай билишни ўрганиш; ўқиган китобни дўстлар билан ўртоқлашиш, яхши китобни уларга тавсия қилиб, уни бошқалар ҳам ўқиб чиқишига эришиш; ҳар бир яхши китобни илм қалъасининг калити деб билиб, унинг боқий умрини таъминлаш.
Назаримизда, мазкур фармойиш Ўзбекистон ижтимоий-маданий муҳитини янада барқарорлаштиришга, ёшларимизда китобхонлик даражасини оширишга, пировард натижада халқимиз турмуш тарзини янада фаровон қилишга хизмат қилади. Шу ўринда ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш даврида “Ўзбек тили ва адабиёти” фанидан иншо ёзиш бўйича қўшимча синовни ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб биламиз. Гап шундаки, ҳар йили касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни 550-600 минг атрофидаги йигит-қизлар битириб, олий таълим муассасаларига ўқишга киришга ҳаракат қилишади. Ёзилиши тавсия этилаётган иншо эса уларнинг бадиий асар ўқишга бўлган масъулиятини, сўзсиз оширади.
Айни пайтда, ёшларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш учун фармойишда белгиланган социологик сўровномани ўта масъулият билан ташкил этиш лозим. Бундай сўровнома бир томондан, ёшларнинг китобхонлик маданияти даражасини аниқласа, бошқа томондан, жамият талаб этаётган муаммоларни аниқлаш, мавзулар танлашга имкон беради. шунингдек, мутахассислар, соҳа ходимлари “Ёшларга тавсия этилаётган 100 та асар” рўйхатини тузиш, унда миллий ва жаҳон адабиётининг нодир дурдона асарларини ўқишни тавсия этиш ҳам муайян аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлаймиз.
Китоб ўқиш барчамизнинг маънавий оламимизни бойитади, сўзлашув маданиятимизни оширади. Айрим ҳолларда муқаддас ўзбек тилимиздаги айрим ватандошларимиз “хизмати” туфайли дағаллашиб, камбағаллашиб бораётганлигининг олдини олиш учун ҳам китоб ўқиш лозим. Ваҳоланки, бизнинг ўзбек тилимиз дунёдаги энг бой тиллар қаторига киради. А.С.Пушкин бутун ижоди давомида жами 21197 та сўз қўллаган бўлса, Шекспир асарлари тилида жами 20 мингдан ортиқ сўз қўлланилган. Испан олимлари Сервантеснинг ижодида 18 минг сўз қўлланилгани ҳақида маълумот берганлар. Буюк бобомиз Алишер Навоий асарларида қўлланилган сўзлар сони эса 26000дан ортиқ экан. (Қодиров П. Тил ва эл.-Тошкент, 2010-127 бет)
Ана шунча миллий бойлигимизни авайлаб-асраш учун ҳам китоб ўқиш лозим. Дарҳақиқат, китобхонлик маданиятини ошириш давр талаби.
Тарих фанлари доктори
Профессор Абдуҳалил Маврулов
Kitobxonlik madaniyati insho
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда,
У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
Абдураҳмон ЖОМИЙ
Ислом – илму маърифатга тарғиб қилувчи дин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик. ихтиёри берилганда, у илмни танлади. Натижада, Аллоҳ таоло унга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди“. Зеро, илм – ақл чироғи дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ экани Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади“.
Китоб – инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода, бутунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўттан кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.
Хўш, биз инсонлар маънавий озиқни қаердан оламиз? Албатта, “билимлар манбаи” бўлмиш китобдан. Китоб – бебаҳо бойлик экани барчамизга маълум. Бирорта санъат турини телевидение ва радио, замонавий компьютерлар имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. “Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман”, деган эди ўз давридаги алломалардан бири.
Дарҳақиқат, китоб бизнинг дўстимиз ҳисобланади. Лекин афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо-маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига “Интернет кафе”ларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Авваллари на компьютер, на интернет бўлган. Ота-боболаримиз “Бобурнома”, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” сингари бебаҳо асарларни ўқиб улғайган. Хўш бугунчи? Кўпчилик, айниқса, ёшлар интернетни китобдан афзал билишади. Шу ўринда бу замонавий ахборат воситасининг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмас. У туфайли бугун китобга бўлган меҳр тобора камайиб боряпти. Унутмайликки, китоб бизнинг энг яхши дўстимиздир. Биз қанча кўп китоб ўқиганимиз сари, тушунчамиз шунча кенгаяди. Афсуски, кўп ёшлар интернетни китобдан устун қўймоқда. Бу эса уларни дангасаликка гирифтор қилмоқда. Китоб бу – офтоб, у – билимлар сарчашмаси. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради, бироқ инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоб асло эскирмайди.
Бинобарин, китоб ҳамиша илм-маърифат, одоб-ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қддриятлар руҳда тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.
Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.
Кўп китоб ўқиган кишининг савияси юқори, муомала маданияти юксак, ҳаётда ўз ўрни бўлади. Бироқ бугунги кунда қанчадан-қанча китоблар, китоб жавонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Табиий савол туғилади: Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?
Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вактини қандайдир бекорчи ҳолатларга, турли кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб кўйишади. Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртимизда ёшларга кеиг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу – ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.
Ўтмишда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 4 ёшида Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўхлик эса ўзбек миллатининг ёшларига хос сифат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йироқ. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бироқ гуруч кўрмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшоқ кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида “енгил ҳаёт” ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Оқибатда китоб ўкиш унутилмоқда. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.
Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш китоб билан дўст бўлмоғи лозим.
Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб – тафаккурнинг толмас қаноти. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб – инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шунга эришишимиз керакки, фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина фарзандларимиз биз орзу қилгандек, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олижаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Зангиота тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби