ОЛТИНЧИ ҚАВАТ (Қисса) Президент тансоқчисининг кундалиги 47. | Oltinchi Qavat Kitob
Шукрилла Мирсаидов, Мираброр Усмонов… бу номларни биринчи марта эшитишим эди. “Ислом ака” деганлари Олий Бош қўмондон.
ОЛТИНЧИ ҚАВАТ (Қисса)
Биз “дада” дегани самарқандча, тожикча, “ада” дегани тошканча, ўзбекча деб билардик. Бу миямга қуйилиб қолган. Ўчирсам ҳам ўчмайди.
Адам ботиний кўриниши билан Президентга жуда ўхшайди. “Ичимдагини топ” дейдиган одам. Ўзини ҳаммадан ақлли деб ҳисоблайди. Энг мукаммал нарсадан ҳам камчилик топишга уринади. Рост билан ёлғонни ажрата олмайди. Ҳамма гапни ёлғон деб ўйлайди. Жаҳли чиқса, ойлаб гаплашмайди. Қачонки ўзинг пушаймон бўлиб, бош эгиб борсанг, “Бўпти” деб қўяди. Ойимнинг бор-йўқлигиини ҳам билмайди. Мен қанчалик Президентга соя бўлсам, ойим адамга шунчалик соя. Адам бу сояни севмайди ва сезмайди ҳам, бор-йўқлигини билмайди. Президент ҳам шундай эди. Аммо кейинги пайтда ўзгарди. Унга нима бўлди билмайман. Соясига диққат қила бошлади.
Адамнинг МХХда ишлашини энди билдим. Бугунгача билмаганим учун адамдан хафа бўлдим. Лекин бу хафачилик узоққа чўзилмади. Одамнинг отаси шундай жойда ишлайди-ю хафа бўладими? Аксинча югуриб бориб ҳаммага айтгим келди. Бироқ мумкин эмас.
Шунча ёш бўлишимга қарамай ишга олишди. Биров билмаслиги керак. Ҳатто ойимга ҳам айтишим мумкин эмас. Балки адам йўлини топиб, сездириб қўяр, лекин менга айтиш таъқиқланди.
Бугун адам билан илк бор узоқ гаплашдик. Тўғриси у гапирди, мен эшиттим.
-Биз Ислом ака билан битта маҳаллада яшаганмиз. Олийгоҳни битириб спорт клубида ишлай бошлаганимда у Шукрулла Мирсаидов, Мираброр Усмоновлар билан тенис ўйнашга келарди.
Шукрилла Мирсаидов, Мираброр Усмонов… бу номларни биринчи марта эшитишим эди. “Ислом ака” деганлари Олий Бош қўмондон.
Президентни телевизорда кўрардиму лекин унинг адамга дўст бўлиши мумкинлигини ҳатто хаёлимга келтирмаганман. Бошимга бунақа бахт қуши қўниши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмаганман. Мана энди эртаклар бир зумда ҳақиқатга айланиб турибди.
-Ўша пайтда уларни мафия дейишарди. Ғафур, Салимлар ҳам уларга бир марта хизмат қилсам деган орзу билан яшарди.
-Улар тенгдошларим. Биз бирга боксга тушиб юрардик.
Адамнинг боксга тушганини ҳам энди эшитиб турибман. Бир-икки марта юз-кўзи кўкарганида, “давлением баланд бўлиб, эшикка уриб олибман”, дегани ёдимда.
Хуллас, у мен билмаган ўзга дунё экан:
“У пайтда Ислом ака Госпланда ишларди. Кейинчалик кўтарилиб кетди. Президент бўлиб қолганидан кейин бир куни чақиртириб олди.”
-Ука биласан санга қанча ишонаман. Мана шу аппаратга хавфсизлик хизмати керак. Унга ўзимга содиқ болалар керак. Сан ана шу ишни йўлга қўясан,-деди.
Хуллас, адам шундан кейин Президентга ишлай бошлабди. Бош ”рекрутер”. Чиниққан болаларни топиш учун ўзи мактабларга физкултура муаллими бўлиб ишга ўтиб, беш ой-олти ойлаб “қидирув” олиб борган.
-Сан суягимсан,-деди адам.- Сани ҳам шу ишга етиштирмоқчи бўлдим. Онанг қaрши чиқди. Бир куни ўзинг истаб қолдинг. Шундан кейин индамади.
Худди ўрмонда адашиб қолгандайман. Бирданига шунча ўзгариш. Ҳали олийгоҳнинг иккинчи курсидаги болани “Президент хизмати”га ишга олишди.
-Бу дегани эртага “Батя”ни қўриқлайсан дегани эмас. Ўшанга тайёрланасан, пишиб етиласан, ўзимизнинг мактабда ҳам таҳсил кўрасан.
Адам Президентни “Батя” дейди.
-“Батя” жуда яхши одам. Агар у бўлмаса бизнинг бугуни ҳаётимиз бунақа бўлмасди. У ўзига содиқ одамларни ҳурмат қилади, қадрлайди, ташлаб қўймайди. У мамлакатимизни қутқариб қолди. У бўлмаганда ишлар расво эди. Мени қанчалик севсанг, уни ҳам шунчалик севишинг керак.
Адамни қанчалик севаман? Севаманми ўзи? Бугунгача ўғлига кўнглини очмаган отани қанчалик севиш мумкин?
Адам совуққон одам. Бир кун кўрмаса ҳам, олти ой кўрмаса ҳам айни муомалада бўлади. Айтганини бажармасанг жаҳли юзига ёпишиб олади. Ювса ҳам кетмайди. Айтгани бажарилмаса ҳам бажаришинг шарт.
Бир куни “Балкон ойналарини кўчадан юв” деди. Саволларимни эшитмади.
Балкон деразалари ташқарига очилади. Қандай қилиб юваман? Бешинчи қаватдан тушиб кетсам нима бўлади? Омон қоламанми? Бу жойга етадиган норвон йўқки, ишлатсам? Йўлини тополмадим. Кечқурин адам арқон кўтариб келди ва ошхонага улоқтирди.
-Шунга ҳам ақлинг етмадими? Ол, буни белингга боғлайсан, қолганини ўзинг ўйлаб топ,-деди.
-Арқонни қаерга боғлайман?
-Белингга боғлайсан дедимку!
Белимга боғлашимни биламан, лекин кейинги учини қаерга боғлайман? Бунисини айтмади.
Адам шунақа ёпиқ кўнгил, қаттиқўл одам. Ўшанда деразаларни белга арқон боғламасдан ҳам ювиш мумкинлигини ўргандим. Кечқурун адам арқонни ўзи ташлаб қўйган жойда кўриб׃
-Бу бошқа гап,-деди.
Унинг энг севингани ва юмшоқ гапи шу эди. Ҳозир ўйласам ўзим ҳам адамга ўхшаб кетаман. Демак, Президент, адам ва мен айни тоифаданмиз.
Бир куни президент׃
-Мен кимга содиқ бўлсам ўлгунимча ўшанга содиқман. Чунки ўша одам шуни истайди,- деди.
Адам ҳам шуни истайди.
“Ит содиқ, хиёнат қилмайди” дейди адам.
Наҳотки биз итмиз? Аслида инсоният турли ҳайвонларнинг одам ҳолидаги кўриниши дейишади. Демак, биз итмиз…
Ит зоти бир-бирига содиқми ёки эгасигами?
Уста Вун “Ит энг аввало суякка содиқдир” дерди. У суяк деганда гўштнинг суягини назарда тутганми ёки ўз яқинлариними? Бу ҳам жумбоқ.
Президент эса “Итни айри-айри, якка-якка сақласанг содиқлигини кўрасан, бирлашдими, қўшилдими сени талайди, ғажиб ташлайди” дейди…
ОЛТИНЧИ ҚАВАТ (Қисса) Президент тансоқчисининг кундалиги 47. | Oltinchi Qavat Kitob
Дунёда энг мушкул иш аразлаб ўтирган аёллардан гап олиш. Унисиям, бунисиям гапирмайди. Ҳўмрайиб ўтиришибди. Саволимга жавоб беришмайди,
Охири бақириб юбордим:
-Нима бўлди? Биладиган одам борми?
-Нимага додлайсан?-деди ниҳоят ойим.-Сен ҳам ўшанинг биттаси…
Тушундим. Адам. Айтишиб қолишган. Агар ишига аралашса, унча-бунчага кечирмайди.
Болалигимдаги бир воқеа ёдимга тушди.
Бир кун ойим адамга:
-Умримиз шундай ўтиб кетадими? “Кавбой” бўлиб юраверасанми?-деди русчалаб.
Мен ошхонада эдим. Адамнинг “кавбой”лигига қизиқиб қолдим. Уларнинг жанжали бир зум қулоғимга кирмади. Хаёлим қаёқларгадир кетиб қолди. Адамни кинолардаги “кавбой”ларга ўхшаттим. Милтиқчаси бор. Ҳар отгани нишонга уради. Уни эса ҳеч ким отолмайди. Юриб бораверса, ўқлар тегмай ўтиб кетаверади. Адам ҳам шундай қаҳрамон экан, деб ўйладим.
Бирдан ойим қичқириб, жим бўлиб қолди. Қўрқиб кетдим. Югуриб ўша томонга ўтсам, адам оёғини ойимнинг бошига тираб турибди. Худди кинодагидек. Ойим бурчакда, тиззаларини букиб, бошини икки оёғи орасига олганча, сочларининг остида қолган. Миқ этмайди. Адам мени кўриши билан:
-Чиқ бу ердан!-деб бақирди,
Қотиб қолдим.
-Чиқ дедим!
Вужудим музлади. Кўзларим юмилди. Оёқларим темир, қўлларим тош. Бир сонияда қўрқув бошимдан оёғимгача тўкилди. Адам мен томонга юрди.
Бурчакдаги ойим қандай қилиб ўзини отди, билмайман, қучоғига тортди. Йиғлаб юбордим. Ойим оғзимни ёпди. Унинг иссиқ бағрида юмшай бошладим. У эса юм-юм йиғлаётган, қўллари қалтираётган, бутун вужуди силкинаётган эди. Адам уни тепа бошлади, тепкиси менга ҳам тегди.
Бир зумдан кейин эшик қарсиллаб ёпилди. Ойим бошимни силади. Кейин сув олиб, юзимга сепди. Ўшанда ҳам унинг юз-кўзлари кўкариб кетганди. Ҳозир ҳам шу ҳол.
У мени бағрига босганди. Мен нега уни бағримга босолмайман? У мени ҳимоя қилганди, нега мен уни ҳимоя қила оламайман. Ким бўлдим ўзи? Кимдан ҳимоя қиламан? Адамданми? “Батя”данми? Қандай ҳимоя қиламан? Нима бўлганда ҳам бир ўғил ўз онасини шу куйга тушириб қўядими? Мен туширдимми бу куйга? Болаликда нима бўлган билмайман, аммо бу сафар ойим хато қилган. Хўп, хато қилганда ҳам умр йўлдошику?! Шунақа урадими? Ойим хато қилибди, Евани нега урди?
Эртага бир кун мен ҳам уни урсам, бошига оёқ тирасам-а? Наҳотки.
Нима бўлганда ҳам ойимнинг битта гапи ҳақ. Аёлга қўл қўтариш номардлик!
Ҳей, бу гапни ким айтаяпти? Қанчадан қанча аёлни заҳарладинг бугунгача? Нечтасини бир зарбада “ухлатиб” қўйдинг?
У вазифанг эди. Давлат учун, ватан учун керак эди. Ундай бўлса, бу ҳам ватан учун. “Батя”га қарши чиқмоқда-ку? Уни диктатор, деб алланималарни ўқитмадими? Уни қонхўр демадими?
Аслида рост гапни айтди-ку? У диктатор. Ҳатто қизи судга бериб, уни оқлай олмади. Фарангистон суди уни диктатор деб қарор чиқарди. Дунёдаги бешта энг ёмон диктатор рўйхатига кирди. Қийноқлар, сирли ўлимлар бўйича ҳам уни қоралаб келишмоқда. Унинг ўзи ҳам айтмоқда, фалон жойда фалонча одамни отиб ташладим, деб.
Аммо тинчлик учун керак! Қанақа тинчлик? Кимнинг тинчлиги? Ўзида тинчлик йўқ, оиласида йўқ, атрофида йўқ, мана бизда ҳам йўқ. Шундай экан, қолганларда тинчлик бўладими? Бунақа тинчлик кимга керак?
Бошим ғувиллай бошлади. Евага қарадим.
-Ажратаман дегандим, қўли тегиб кетди,-деди Ева, саволлар тоғи остида қолганимни ҳис қилиб.
Уй эмас, жиннихона. Шунча гап бўлган, лекин ойим “Қамоқдан қочиш” сериалини томоша қилиб ётибди. Аҳволини кўрсангиз, қўрқиб кетасиз. Худди заҳар ичгандек.
Тўхта, нима дедим? Заҳар ичгандек… Адам уни заҳарлаган бўлмасин тағин! Йўқ, бунга бормайди. Балки “Батя”нинг бирор одами заҳарладими? Чунки бу ёққа келган куни заифлаган эди. Ҳозир янаям озган. Буни устига адам урибди. Аммо руҳи кучли. Ўзи йиқилса ҳам, руҳи йиқилмайди. Унга мадад бўлишим керак. Қанақа ўғил бўлдим? Ҳатто бағримга босолмайман.
Уй тупуриб ташлади. Ташқарига чиқдим. Озгина юргандим орқадан товуш эшитилди. Ева ҳам чиқди, деб ўйладим ва қарамадим. Битта қора “Мерседес” ёнимдан бироз ўтиб тўхтади.
Орқадан товуш эшитилди.
-Сени кутиб тургандик. Лойиҳалар масаласида. “Марказ”да шу хусусда сен билан гаплашишмоқчи,