Press "Enter" to skip to content

ШАЙТАНАТ… (5-қисм. Биринчи китоб)

Hurmatli mualliflar: Saytimizda asarlaringiz joylashtirilishini (yoki saytdan o‘chirilishini) istasangiz biz bilan shartnoma tuzish uchun bog‘lanishingizni so‘raymiz.

Shaytanat 5 qism kitob

Saytimizdagi elektron kitoblarni 3 usulda o’qish mumkin: kitobxon mobil ilovasi, kitobxon windows dasturi yoki onlayn sayt orqali

Kitobni qanday sotib olish mumkin?

Ketma-ketlik bo‘yicha tavsiya: saytda qanday ro’yxatdan o’tish, saytdagi shaxsiy hisobni qanday to’ldirish mumkin, kerak bo’lgan kitob uchun qanday to’lovni amalga oshirish

Siz muallifmisiz?

Hurmatli mualliflar: Saytimizda asarlaringiz joylashtirilishini (yoki saytdan o‘chirilishini) istasangiz biz bilan shartnoma tuzish uchun bog‘lanishingizni so‘raymiz.

Savol-javoblar

Agar men O‘zbekistonda bo’lmasam, qanday qilib kitob sotib olishim mumkin?
Nima uchun PDF formatini yuklab ololmayman?
Internetsiz kitobni qanday o‘qish mumkin?
va boshqa savollaringizga bizning javoblarimiz.

Shaytanat 5-kitob

Ko‘rganlar, jami:
Nashr yili:
ISBN raqami:

Kitob mahsulotlarining xarakteristikalari, yetkazib berish shartlari, tashqi ko’rinishi va rangi haqidagi ma’lumotlar faqat ma’lumot uchun mo’ljallangan va joylashtirilgan paytda mavjud bo’lgan eng so’nggi ma’lumotlarga asoslanadi.

Elektron kitob:

Mavjud emas.
Buyurtma uchun: (90) 959-25-26

Do‘stlarizga tavsiya eting

  • Annotatsiya
  • Kitobidan parcha
  • Fikr va mulohazalar

Ҳар бир соҳада бўлганидек, шайтанат оламида ҳам маълум бир жиноят гуруҳи ўрнига ёшроқ авлод келади. Кесакполвон ва Чувриндининг ўлимидан сўнг ёлғизланиб қолган Асадбек қирқилган икки қаноти ўрнига янгиларини тиклаш ҳаракатига тушади. Янги авлод эса шайтанат оламига ҳукмронлик қилиш истаги билан унга яқинлашади. Икки авлод орасидаги зиддияг, таъбир жоиз бўлса, шайтанат тахти учун кураш нима билан якун топади – мазкур китоб шу ҳакда ҳикоя қилади.

1963 йш, 16 июнь, Магадан

Рихсия шу куни ўғил кўрди.

Сурурга тўла қизлик пайтларида, ширин хаёллар қанотида учган дамларида ботир ва ҳалол бир ўғлонни учратишни, севиб-севилиб турмуш қуришни, олти ё етти ўғил ва уч қиз кўриб, умрни шукроналик билан ўтказишни орзу қиларди.

Бир ўғлон учраб, қиз кўнглини ром этди. Аммо, надоматким, у ботир эмас, номард бўлиб чикди. Унинг айёрлик ва муттаҳамлик чодирига буркалган, ҳаромни касб қилган аблаҳ эканини Рихсия кейинроқ — такдир ёзуғидан нолиб, қамокда ўтирганида англаб етди. Ундан бўлган болани олдириб ташлашни истади. Бироқ, қамоқхона врачи вақт ўтганини айтиб, рухсат бермади. Бола тушиб кета қолсин, деб оғир-оғир нарсаларни кўтарди, вужудни заҳарлаши мумкин бўлган нарсаларни ҳам еяверди. Лекин ҳароми бўлса-да, бир ўғил кўриши тақдир ёзуғида бор экан, унинг барча ҳаракатлари зое кетди. Қамоқхонада туғилган чақалоқ озодликдаги аёллар ҳам ҳавас қиладиган даражада соғлом ва кўркам эди. Қамоқхонадаги хотинлар ҳар куни бола туғавермайдилар. Туққанлари эса боласини эмизишдан, ҳатто унга бир қараб қўйишдан воз кечавермайдилар. Шу боис Рихсиянинг «эмизмайман ҳам, қарамайман ҳам», деб боладан юз ўгириши ҳамширанинг жаҳлини чиқарди. Аввал яхши гапирди, сўнг пўписа қилди, кор қилмагач, шапалоғини ишга солди.

ШАЙТАНАТ… (5-қисм. Биринчи китоб)

Шаҳар марказидаги эътиборли идоранинг ертўласида видеобар очишди. Ертўлага иморатнинг биқинидан тушилади. У очилмасидан илгари ертўлада идоранинг эски-тускилари сақланарди. Икки йил муқаддам идора ертўлани таъмирлаш учун катта миқдорда маблағ ажратди. Айрим маҳкамалар эшикларини бўятиш учун пул тополмай сарсон юрганида бу идорага икки юз минг сўм ажратилиши ҳукуматнинг хотамтойлигими ёинки идоранинг эркалигими, билиб бўлмади. Қайта қуриш деган нарса билан боғлиқ воқеалар шунчалар шиддатли эди-ки, «халқ аранг тирикчилик қилаётганида ертўлани таъмирлашга бало борми» дейдиган одам топилмади. Зимдан қараганда халқ ғамини чекиб юрувчи бу идора ходимлари ҳам гўё оёқлари остида нималар содир бўлаётганидан бехабар эдилар. Ертўла таъмир этилиб, Асадбек ихтиёрига ўтгач ҳам «халқ фидойилари»да ажабланиш уйғотмади. Улар оламшумул ишлар билан — халққа озодлик бериш ўйи билан банд эдилар. Оёқлари остида нималар бўлаётгани эса уларни қизиқтирмасди.
Асадбекнинг қароргоҳи учун жой лозим экан, тузукроқ иморатга қаҳат келибдими? Айниқса идоралар сони қисқараётган дамда бирон иморатни ижарага олишдан осонроқ иш йўқ. Шаҳар ижроқўмининг раҳбарларидан бири бу юмуш билан шахсан шуғулланиб, Асадбекнинг янги идораси учун кўп жойларни тавсия этди. Асадбек барча қулайликларга эга иморатлардан воз кечиб, шу ертўлани танлади. Ертўлага иморат ичидан йўл бор эди. Асадбек ихтиёри билан иморат биқини кавланиб, зинапоя қилинди, қалин пойдевор тешилиб, эшик очилди. Ертўлага икки томондан кириб-чиқиш имкони туғилди — шуниси бехавотирроқда. Давлат ажратган икки юз минг сўм билан бир ишнинг уддасидан чиқиш мушкул. Асадбекнинг беш юз минг сўми хароб ертўлани ўн икки хоналик шинам саройчага айлантирди. Унинг бир хонаси видеобар, қолганлари иш юритишга, ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган эди. Маишатхона, ҳатто ҳаммом ҳам назардан четда қолмади.
Юқорида халқпарварлар мажлисдан бўшамай томоқ йиртишади. Пастда эса Асадбек ўз ишини юритади. Ҳамманинг назари юқорида. Паст билан бировнинг иши йўқ. Видеобарда чой, қаҳва, шарбатдан бўлак ичимлик йўқ. Очилганидан бери бирон марта ҳам хориж филмини кўрсатмади. Бисотида уч-тўрт мултфилм, эски ҳинд филмлари, Шералининг, Ғуломнинг контсертлари… Бу ерга кунда бешта одам кирса киради, бўлмаса йўқ. Булар — кундузнинг манзараси.
Тунда видеобар ўзгача манзара касб этади. Соат ўн бирларга яқин иморат олдида иккита милитсионер пайдо бўлади. Сўнг оппоқ «Волга»лар бир дақиқага тўхтаб ўтишади. Ундан тушган сипо одамлар атрофга аланглаб олиб, ертўлага шўнғишади. Мажлислардан хориган халқпарварларнинг етакчилари кўча томондан эмас, ичкаридаги зинадан тушиб борадилар. Тун ҳукми заптига олганида оқ «Волга»лар яна бирин-сирин пайдо бўладию эгаларини олиб жўнайди. Шундан кейин милитсионерлар ҳам ғойиб бўлишади. Тонгга яқин усти берк юк машинаси идора орқасидаги дарвозадан ҳовлига киради. Бўш шишаларни ортиб жўнайди. Унинг изидан «РАФ» келиб тўхтайди. Бири биридан ширин қизлар машинага илдам чиқиб ўтиришади. Соатга қараган киши юк машинасининг уч, «РАФ»нинг бир дақиқада иш битириб жўнаганига гувоҳ бўлади.
Идорада қоровуллик қилувчи ёш, чапдаст йигитлар барча ишни вақтида, аниқ бажарилишини таъминлайдилар. Қайта қуриш шарофати билан барча идоралардаги кекса ходимлар ўрнини иқтидорли ёшлар эгаллаганидек, пенсия пули тирикчилигига етмай, шу қоровуллик маошига кўз тикувчи қариялар тантана билан кузатилиб, улар ўрнига тоғни бехосдан уриб талқон қилиб юбормасликлари учун камтаринроқ ишни истаган йигитларни олишди. Бу йигитлар идорага кирувчи ҳар бир кимсага салом бергучи, бағоят одобли ҳам эдилар.
Асадбек ҳар уч йилда қароргоҳини ўзгартирарди. Дастлаб гуруҳбоши бўлиб иш бошлаганида Эски Жўвадаги пастқам уйни ижарага олган эди. Вассажуфт, қорасувоқ уйда туни билан ароқ ичиб, чекиб чиқиларди. Лекин эртасига бу уйга кирган одамнинг димоғига қўланса ҳид урилмасди. Шунинг учун ҳам Асадбек ўша дастлабки қароргоҳини кўпроқ ёқтирарди. Орадан йиллар ўтиб, қароргоҳларини кўп ўзгартирди. Мана бу янгиси хон саройидек безалди. Лекин кўнгил қурғур барибир ўша қорасувоқ уйни қўмсаб қолади.

***
Янги йил кутиш баҳонасида тунни бедор ўтказган шаҳар тонгни кўзда уйқу билан кутиб олди. Кимдир туни билан телевизор кўриб, кимдир улфатлари билан тўйиб ичиб, кимдир жононлар билан тўйиб маишат қилиб, энди ҳордиқ чиқарар эди. Бундай байрамлар Асадбекнинг одамлари учун ҳаром, у байрам кунлари яйрашни, маишат қилишни қатъиян таъқиқлайди. Унинг назарида айнан шундай кунда қопқонга тушиб қолиш мумкин. Одамлари бунга кўникиб кетган. Асадбек вазият ва имкониятга қараб эълон қилган байрам кунлари яйраб олишади.
Янги йилнинг биринчи куни шаҳар уйқудан турмай, видеобар эшикларини очди. Бошқа кунлардан фарқли ўлароқ, бу тун видеобар ишламади. Оқ «Волга»лар ҳам тўхтаб ўтмади.
Видеобар оғаси, чақчайган кўзларидан бирон-бир маъно уқиш мушкул бўлган, қалин мўйлови туртиб чиққан тумшуғига ҳусн бериш ўрнига баттар хунуклаштирган барзанги йигит хорижнинг қизил духоба қопланган юмшоқ курсисига ястаниб олган эди. У гўё телеекрандаги мултфилмни томоша қилар, хаёли эса ён курсида ўтирган, башанг кийинган, кўзларида саросима сузаётган одамда — вино заводи бошқони Қилич Сулаймоновда эди.
Бошқон саҳар чоғи видеобар эшиги очилиши билан пайдо бўлди. Видеобар оғаси ҳам, пештахтани артаётган хушбичим қиз ҳам унга «нима учун келдингиз?» демади. Ўн саккизни қоралаган хушбичим қиз вазифасини аниқ билади: чой, қаҳва қайнатиш, келган-кетганларга эътибор бермаслик, видеобар эгаси имо қилган одамга қараб ширин жилмайиб қўйиш. Видеобар оғаси ҳам вазифасини аниқ билади: салом-аликни жойига қўйиш, келган одамларнинг, танишми ё нотанишми барибир, ҳаракатини синчиклаб кузатиш, ортиқча гаплашмаслик, савол бермаслик. Ана шу вазифасига амал қилгани учун ҳам, Қилични яхши таниса-да, салом-аликдан нарига ўтмади. Сўфи таҳорат қилишга улгурмай бу одам етиб келибдими, демак, сабаби бор. Демак, аъёнлар, сўнг хўжайин ҳам келадилар. У ичкарини тайёрлаб қўйган. Бундан кўнгли тўқ. Видеобар янги йил кечасида ташқаридан зулфинлангандай кўринса-да, ичкарида ҳаракат тўхтамаган эди. Тўртта телефон қўйилган хонадаги икки қиз, пештахта ортидаги хушбичим қиз гўё хуру ғилмон сингари видеобар эгасига бир кечалик жаннатни беришган, базм қуришган эди. Тонгга яқин базм энг ширин ерида барҳам топган, хоналар саришта қилиб қўйилган эди. Базм иси хўжайин димоғига етиб борса, қай кунларга тушишларини билишса-да, бу тун шайтон йўриғидан чиқишолмаганди. Уларга биров келиб «бу гуноҳингиз яратганга маъқулмас, энди жазолайди», деса «тавба қиламиз, худо кечиради», дейишлари мумкин. Аммо «Асадбек бу ишингиздан хабар топди» деса, юраклари ёрилиб ўлишлари ҳеч гап эмас. Чунки Асадбекнинг кечирмаслигини барчалари билишади. Била туриб ўзларини тийишолмади. Нима қилишсин, тирик жон…
Қилич иккинчи пиёладаги чойни ичиб улгурмай эшик очилиб, жуссаси кичик, эти устихонига ёпишган, қалдирғоч мўйлаби ўзига ярашган одам кўринди. Бу одамни яхшилаб таниб олинг: Ҳайдар Асроров, лақаби Кесак полвон. Асадбекнинг ўнг қўл аъёни. Озғин, чайир бўлгани учун Кесак полвон, деб аташгандир, десангиз янглишасиз. Ҳар бир жамоанинг ички тартиби, расм-русуми бўлганидек, бу оламнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Шулардан бири — бу оламга қадам қўйган ҳар бир тирик жонга лақаб берилади. Лақаб осмондан олинмайди, балки хатти-ҳаракати, феълига қараб топилади. Жуссасига қараб танланганида Ҳайдар Кесак эмас, Тошполвон ёки Темир полвон бўлиши керак. Унинг панжаларини Худо суякдан эмас, темирдан яратган. Гарчи сигир йилида туғилган бўлса-да, Асадбек ҳазиллашиб бунинг мучали мушук, дейди. Бунга сабаб, ёшлик чоғларида, ҳали «карате», «ушу» деган гаплар йўқ пайтида Кесак полвон муштлашгудай бўлса мушукдай сапчиб, уч-тўрт давангирга бас кела оларди. Кесак полвон анчадан бери ўзи муштлашмайди. Ёнида биргина имосига маҳтал бўлиб турган ўзи сингари чайир йигитлари бор.
Кесакполвон хонага кириб, Қилич билан сўрашиб олгунича бир-икки дақиқа вақт ўтади. Салом-алик чоғида эътиборга молик гап-сўз бўлмагани учун, вақтдан фойдаланиб Ҳайдарга Кесак полвон лақаби берилишининг тарихини баён қилай:
Бу воқеа эллик саккизинчи йилда бўлиб ўтган эди. Ҳайдар Асадбек билан янги танишган кунлар. Эрталаб кўпроқ темир йўл бекати атрофида «ов» қилар эди. Поездда келган одамларни зимдан кузатиб, пули бор, деб гумон қилинганларининг изидан тушарди. Бир куни Ҳайдар Намангандан келган икки одамни мўлжалга олди. Яктаги устидан қўшбелбоғ боғлаган ўрта яшар киши унинг эътиборини тортди. Иккала одамнинг қўлида арзирли юк йўқ, белбоғ эса дўмпайиб турибди. Демак, булар бозорга мева-чева олиб келувчи деҳқонлардан эмас. Пулни белбоққа боғлаб тўй-пўй ташвиши билан шаҳарга тушишган. Ҳайдар бунақа одамларнинг феълини билади. Пулни ё маҳси қўнжига ё белбоққа яширишади. Кўпчилик белбоғни маъқул кўради: пул белга дармон, дейишса керак-да. Ҳайдарнинг «мижоз»лари, аксига олгандай, трамвайга чиқишмади. У ёққа тентираб, бу ёққа галдираб, уч вагонли трамвайлар бемалол бўлиб қолди. Энди ишни трамвайда эплаштиришнинг ҳеч иложи йўқ эди. Ҳайдар уларнинг изига тушиб, Олой бозорига қадар борди. Лозим бўлганида ҳимоя қилиш мақсадида Асадбек унга соядек эргашди. Чўнтак, белбоғ кесишга Ҳайдардан ўтадигани йўқ эди. Хуллас, белбоғ кесилди. Кесишга кесдию оғирлигидан ҳайрон бўлди. Панароққа ўтиб қарасаки, белбоғда сариқ чақа ҳам йўқ — беш-олтита кесак ҳафсала билан териб қўйилган. Ҳайдар «бу қишлоқи кўзни шамғалат қилмоқчи экан», деб ўйлади. Аслида шаҳарни бир томоша қилиб келай, деб йўлга отланган бу деҳқон «таҳоратга кесак топиладими йўқми» деб ҳар эҳтимолга қарши белбоғига тугиб олган эди. Ўшанда аламдан бўзариб турган Ҳайдарга қараб туриб Асадбек роса кулди. Лақаб ҳам ўшанда туғилди. Икки ошна бу воқеани тез-тез эслаб, мириқиб кулишади.
Кесакполвон Қилич билан омонлаша туриб, пештахта ортидаги хушбичим қизга қараб олди. Қиз унга ширин жилмайди. Видеобар эгаси бу қарашнинг маъносини дарров илғади.
— Окахон, гап йўқ, шкалад егандай бўласиз, — деди қўлини кўксига қўйиб.
Ҳайдар ичкари кириб кетгач, худди келишиб олингандай Эҳсонов пайдо бўлди.
«Чувринди» деган лақаб барваста, юзлари ҳамиша қип-қизил, овози темир жарангидай бу одамга унча мос келмайди. Ёшлигида олган бу лақабига кўникиб кетган. Асадбек билан Ҳайдар Андижондан келган ўн уч ёшли чувринди бу болани олтмишинчи йилда қанотларига олиб янглишмаган эдилар. Камгап, сермулоҳаза, уришганда эса отасини ҳам танимайдиган беаёв эди бу Чувринди.
Ҳайдар бирон-бир масала хусусида фикр юритилганда тез, аммо саёзроқ хулоса чиқарарди. Маҳмуд эса аксинча эди. Асадбек шунинг учун ҳам кўпроқ Маҳмудга суянарди.
Аъёнлар ичкарига кириб кетишгач, орадан ярим соат ўтиб, телефон жиринглади. Қиз гўшакни қулоғига тутиб, видеобар оғасига кўз тикди.
— Хўжайин келмас эканлар. Бегавотга кетибдилар, — деди айбдор одамнинг овози билан.
Бу гапни эшитган Қилич «кетаверсаммикин?» дегандай видеобар оғасига қаради. Йигит қизнинг хабарига ҳам, Қиличнинг савол-назарига ҳам эътибор бермади. Чунки бу хабарнинг сири хушбичим қизга ва Қиличга номаълум, видеобар оғасига эса ойдай равшан эди. «Хўжайин келолмайдилар» деб қўнғироқ қилиндими, демак, Асадбек ярим соатлардан кейин пайдо бўлади. Ҳозир ичкари хонага ўрнатилган тўрттала телефон ҳам жиринглаб шундай хабар эшитилган. Асадбек, кўнгли нотинч маҳалларда ана шундай найранг ишлатиб турарди. Биронтаси изимга тушса, пойлаб турган бўлса чалғийди, деб шу усулни қўллайди. Бу найранг фақат энг ишончли одамларгагина маълум. Асадбекнинг белгиланган жойга, белгиланган соатда келмаслиги, ё ярим соат аввал, ё кейин пайдо бўлиши ҳам унга аён.
Видеобар оғаси бепарво бўлгани учун Қилич ҳам ноилож мултфилмга тикилиб ўтираверди. Ярим соатда юраги сиқилиб, жони ҳалқумига келди. Охири чидай олмади:
— Мен кетаверайми? — деб сўради.
— Окахон, ўтирибмиза-де чақчақлаши-иб… Чойдан олинг. Бугун оддих бўлса, шошиб қаёққаям борасиз. Ҳозир Шерни қўйиб бераман. Бир мазза қилинг, — у шундай деб хушбичим қизга қаради. Телеекран пирпираб ўчди. Дам ўтмай пирпираб ёришиб, торини қўлтиқлаб олиб қўшиқ айтаётган Шерали кўринди. Шерали учинчи ашулани айтаётганда Асадбек келди. Саломга алик олдию ҳол-аҳвол сўрашмасдан, индамай ўтиб кетди. Видеобар эгаси Қиличга «Окахон, аҳволингиз чатоқ, хўжайиннинг феъли айниган», дегандай қараб қўйди. Қилич бефаҳм одамлардан эмас, Асадбекнинг ранги-рўйига қараб, аҳволи ёмонлигини ўзи ҳам билди.
Асадбек кенг хонага кириб аъёнлари билан саломлашгач, ўртада туриб атрофга синчиклаб қаради. У ичмас ҳам, чекмас ҳам эди. Шунданми, димоғи ҳар қандай исни илғаб, ажрата оларди. Ҳайдар ҳам, Маҳмуд ҳам ярим соатдан мўлроқ вақт шу хонада ўтириб ҳеч нимани сезишмаган эди. Асадбек хонани кўздан кечиргач:
— Бўтқа! — деб бақирди.
Бўтқа — видеобар эгаси Кенжанинг лақаби. У Асадбек кириб кетгач, жойига бориб ўтирмай, эшик оғзида турган эди. Хўжайиннинг қаҳрли овозини эшитгач, шошилиб кирди.
— Лаббай, окахон, — деди қўл қовуштириб.
Асадбек ҳеч нарса демай тескари шапалоқ тортиб юборди. Оғиз-бурни аралаш тушган кутилмаган зарбдан Бўтқа мувозанатини йўқотиб йиқилай деди. Бир уришда одамнинг жонини суғуриб оладиган бу йигит гавдасини ростлаб, «хўжайин, яна уринг, мазза қилдим» дегандай қўл қовуштириб, бошини эгди.
— Шу ерни ҳам ҳаром қилдингми, ҳайвон! — деди Асадбек унга қарамай. Бўтқа хўжайин тикилиб турган нуқтага қараб, жони чиқиб кетгудай бўлди. Кечаси маишат қилиб, хонама-хона изғишганда гангиб бу хонага ҳам кирган, чордона қуриб ўтириб, яланғоч қизларни ўйнатган эди. Хонага кирганида қўлида пиёла бор эди. Конякни ичиб бўшаган пиёлани стол тагига қўйганича унутган экан. Хўжайин кира солиб, шуни ҳам кўрибди. Бўтқа шошилиб пиёлани олди-да, чиқиб кетди.
Асадбек ўз ўрнига ўтмай диванга, Чувриндининг ёнига ўтирди.
— Буларни бичиб қўйишим қолди, — деди ўзига ўзи гапиргандай.
Ҳайдар ҳам, Маҳмуд ҳам Асадбекнинг қизи топилганини, уйга қай ҳолда кириб келганини биларди. Лекин «қизингиз топилибди, энди нима қиламиз», деб сўрашмади. Узоқ йиллар бирга бўлиб, Асадбекнинг кўзига қарабоқ ниятини фаҳмлаб олувчи бу аъёнлар шу вақт мобайнида сабрга ҳам ўрганган эдилар. Улар Асадбекдан олдин гап бошламасдилар.
— Анави тўнкани нима қиламиз? — деди Асадбек, жаҳлдан тушиб.
Гап вино заводи бошқони Қилич Сулаймонов хусусида эди.
— Ўтган куни Хосилбойвачча билан учрашган, — деди Кесакполвон.
— Беш кун аввал ҳам учрашган эди, — деб эслатди Чувринди.
— Топган одамини қара, — деди Асадбек…
— Тинчитиб қўя қолиш керак, — деди Кесакполвон.
Асадбек Чувриндига қаради. Агар у «ҳа» деб қўйса, масала анча ойдинлашарди. Асадбек бошқа фикрда эди, Чувриндидан шу фикрини қўлловчи, ҳеч бўлмаса яқин келувчи гап кутди.
— Ўзи пиширган шўрвани ўзи ичсин, — деди Чувринди. Бу гапдан Асадбек кўнглига равшанлик кирди.
— Тўғри, чақир уни, — деди.
Учовлон йиғилиб, ёнларида бошқа одам бўлмаса, дастёрлик вазифаси Чувриндига юкланар эди. Ҳозир ҳам бу буйруқни малол олмай ўрнидан турди. Унинг эшикни очиб кўриниш беришиёқ Қиличга ваҳм сочди. «Тақдиримни бирпасда ҳал қилишдими?» деган хавотир билан катта хонага кирди. Ҳозир у завод бошқони, шаҳарнинг манаман деган бойига ўхшамас, балки бир тўп оч мушукларга рўпара бўлган бечора сичқон аҳволида эди. «Пулинг бўлса, чангалда шўрва» дейишади. Пули кўп одам балки шўрвани чиндан ҳам чангалида ушлаб туриши мумкиндир. Аммо ўз жонини ушлаб қола олармикин? Ҳар куни ўнлаб одамларнинг таъзимига беписанд қаровчи Қилич, «сенга раҳбарман» деб пўписа қилувчиларнинг овозини беш-ўн сўм пул билан ўчириб қўя олувчи бошқон иштонини бехос хўл қилиб қўйган боладек шалвираб қолди.
Асадбек хонага икки қадам қўйиб, тўхтаб қолган бошқонга тикилди. Четдан қараган кишига Қилич ҳам, Асадбек ҳам қотиб қолган ҳайкалдай туюлиши мумкин эди. Фақат Қиличбек кўзларини пирпиратиб ҳайкал эмас, тирик жон эканидан далолат бериб турар эди. Асадбекнинг нигоҳи илон авровчисиники сингари ўткир эди. Шундай тикилганда ҳатто Ҳайдар билан Маҳмуд ҳам баъзан каловланиб қолишарди. Мана шу нигоҳнинг ўзи юз дарра туширишдан афзалроқ эди. Чунки бундай қарашнинг оқибати даҳшатлироқ ҳукм билан якунланиши Асадбекнинг феълини билганлар учун сир эмасди.
— Бу ёққа ўтиринг, ўғил бола.
Асадбек киноя билан шундай дегандан кейин ҳам, то Қиличбек рўпарадаги юмшоқ курсига ўтиргунча ҳам нигоҳини узмади.
— Эшитдингларми, бу акамиз шаҳарга ҳоким бўлибдилар? — деди Асадбек. Гарчи унинг саволи аъёнларига қаратилган бўлса-да, кўзи ҳануз Қиличда эди. — Ё мен хато эшитдимми? Балки дунёга ҳокимдирсиз, а?
Қилич Асадбекка тик қараёлмай, мадад истаб аъёнларга боқди.
Шу пайтгача улар орасида бундай оҳангда гап-сўз бўлмаган эди. Асадбек бирон нарсадан ранжиса одамлари орқали маълум қиларди. Ўзи майда-чуйда гапларга аралашмасди. Қилич заводдаги ишни юритишда, ишга одам олиш ёки бўшатишда Асадбек чизган чизиқдан четга чиқмас эди. Бош муҳандис қамалган куни чопар келиб «хўжайин хафалар» деди-ю, унинг оромини олди. У Шарифнинг юқори лавозимга нолойиқ экани, ишни бузаётганини айтиб огоҳлантирган эди. Сўнгги суҳбатда Асадбекнинг ўзи «йўлини қилинг» деб эди. У йўлини топди. Энди хўжайин нима сабабдан ранжийди?
— Асадбек ака, гуноҳим нима, айтинг? — деди Қилич.
— Гапини қара-я! Гуноҳини билмасмиш, — деди Асадбек тиззасига шап этиб уриб. — Шарифни нима қилдинг?
— Ўзингиз айтдингиз… йўлини топ, дедингиз. Ишларимиздан ҳид олиб, очаман, девди.
— Очса нима?! Кимга очади? Ким келиб сени кишанга солади? Пул топишни билган, ақл топишни ҳам билиш керак! Қаматишга сарфлаганингнинг ярмисини ўзига бермайсанми.
— Пул олмайдиган қайсар эшшак-ку, у?
— У олмайдиган эшшак бўлса, сен пул беришни эплолмайдиган молсан! Пул олмайдиган одам йўқ бу дунёда, пул беролмайдиган лапашанглар бор. Билиб қўй, уч кунга қолмай Шариф уйда бўлиши керак.
Қилич Шарифнинг иши ёш бир йигит қўлида эканини биларди. Шаҳар прокуратурасида сўзини икки қилмайдиганлар ҳам бор. Шу сабабли Асадбекнинг буйруғидан чўчимади. «Шу ҳам ишми!» деб енгил тортди.
— Ўзинг ўрнига бориб ўтирсанг ҳам чиқарасан, — деди Асадбек янада қатъийроқ оҳангда.
«Бунча ваҳима қилади бу», деб ўйлади Қилич. Лекин бу гапни тилига чиқармай «Хўп» деб қўя қолди. У осонгина қутулдим, деб ўрнидан турмоқчи эди, Асадбекнинг гапи жойига қайта михлади-қўйди:
— Ҳосилбойваччага салом айтиб қўй.
«Билибдими?!» Осонгина қутулдим деб ўйлаган Қиличнинг юзига энди қизиллик югура бошлаган эди. Бу гапдан кейин ранги қув ўчиб, мурдадан фарқи қолмади.
— Ҳосилбойваччага айтиб қўй: сеникини артгунча, ўзиникини эпласин. Келиб-келиб ўшандан паноҳ изладингми, э, сўтак!
— Мен… паноҳ изламадим… бошқа иш билан борган эдим.
— Қанақа иш? — Асадбек шундай деб ўрнидан турди. Савол беришга бериб қўйиб, жавоб кутмади. Стол томонга ўтиб, ғаладондан катталиги сигарет қутисидай келадиган магнитофон олиб жажжи тугмасини босди.
«Илтимосингизни бажардим, ора очиқ энди» — бу Ҳосилбойваччанинг овози эди.
«Унинг қамалганини билиб Асадбек қутурибди». Қилич ўз овозини эшитиб ўрнидан туриб кетди. Асадбек ҳам, аъёнлар ҳам унинг ҳаракатига парво қилишмади.
«Биз фақат олимваччани йўқотишга келишган эдик. Бу ёғига ўзингиз балогардонсиз».
«Шу иш баҳона бўлиб Асадбекни йўқотиш керак! Бу шаҳарга хўжайинлик қилиш фақат сизга ярашади…»
Бу гапдан кейин орага сукут чўкди. Қиличнинг кўз олдига мийиғида кулимсираб турган Ҳосилбойвачча келди. Асадбекнинг қанотида юрган одамдан бундай гапни эшитиш Ҳосилбойвачча учун тушунарсиз, завод бошқони чин дилдан айтяптими ё иғво бошлаяптими — унга қоронғи эди. Шаҳардаги икки қўчқорнинг бири Ҳосилбойвачча саналса-да, куч Асадбек томонда экани барчага маълум эди. Икки қўчқор кўприк устида учрашса, бирининг қулаши тайин. Бу ҳақиқат ҳар иккисига ойдин бўлгани учун калла қўйишга шошилишмайди. Икки қўчқор орасида келишув борлиги жуда оз одамга маълум. Қилич нодонлик қилганини, буларнинг тили бир эканини англаб етди. Энди магнитофондан чиқаётган овозлар унинг қулоғига кирмади. Хаёлига аста-секин ўрмалаб кириб портлаган, «Ўлдиради!» деган ваҳимали фикр танасидаги жонни қувиб чиқаргандай эди. Кесакполвон ғазабдан жўшиб, сапчиб туриб тумшуғига мушт туширди-ю, унинг танасига жон қайтди. Йиқилиб ётган ерида аввал думбасидан сўнг белидан бир-икки тепки егач, хаёли янада равшанлашди.
Чувринди Кесакполвонни қўлидан ушлаб ажратиб қўйгач, Қилич ўрнидан турди. Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, бурнидан оқаётган қонни артди. «Энди ўлдиришади. Мени бу ерга ажал ҳайдаб келган экан, — деб ўйлади у. — Битта бошга битта ўлим. Ўзим аҳмоқман. Буларнинг барибир гўр эканига ақлим етмабди. Ўзимни ўлдиришса майли, болаларимга тегишмаса бўлгани…» У ўлим олдида сўнгги гапимни айтиб олай, деган мақсадда «Болаларим…» деб сўз бошламоқчи эди, ғўдиранишдан нарига ўтмади. Кесакполвоннинг бир зарбидан синган тилла тишлари гапиртирмади.
— Сенга ижозат, — деди Асадбек, юмшоқ оҳангга ўтиб. — Айтилган ишни қил. Шарифнинг ўрнини совутма.
Қилич «хато эшитмадимми?» деган ажабланиш билан Асадбекка боқди. Асадбек юмшоқроқ оҳангда гапирган бўлса-да, қараши ўша-ўша ўткир, совуқ эди. «Шарифнинг ўрнини совутма, деб нимани назарда тутди? Вазифасига тиклаб қўй, дедими ё қамоқдаги ўрнини совутма, демоқчими?» Қилич синган тишларини рўмолчасига тупуриб, шу муаммони ойдинлаштириш мақсадида сўради:
— Жойида ишлайверсинми?
— Қаерда ишлашини бизга қўйиб бер. Сен унинг ўрнини совутма.
«Демак, қамоқдаги ўрнини… Бир жиҳатдан шу дуруст. Булардан бир-икки йил нари яшайсан…» Қилич жонини қайтариб берган ҳотамтой акаларига таъзим қилди. Таъзимга жавоб бўлмагач, чиқиб кетиши лозимлигини уқди. Тисланиб юриб эшикка яқинлашди.
— Бир умр қулингиз бўлмасам, каломулло урсин, кўзим очилди, ака!
Бу гапдан улар қувониб ҳам кетишмади, ажабланишмади ҳам.
Қилич қувониб кетганидан ёки меҳри товланганидан ичмади бу қасамни. Унинг назарида қирққа кириб, лаҳадга тушиб чириб ётгандан кўра қолган йигирма йилми, ўттиз йилми, умрини ёруғ оламда, қулликда ўтказгани маъқул эди. Ер юзидаги одамлар турфа хил умид билан умр ўтказадилар. Бировлар Ватан учун жонни тикадилар, баъзилар дин поклиги, яна айримлар фан ривожи учун… Қиличлар алоҳида тоифага мансуб — улар ширин жонлари учун Ватанни ҳам, динни ҳам… тикиб юборадилар. Шундай экан, жони фойдага қолган дамда битта қасам ичиб юборса, осмон узилиб ерга тушибдими?
(давоми бор)

Shaytanat 5-qism

Bismillahir Rohmanir Rohiym
“Parvadigor shaytonga aytdi:
“Maloikalar maqomidan tush. Bas, senga bu maloikalar maqomida turib gardankashlik qilish yarashmaydi. Sen xorlik bilan jannatdan chiq!” Shayton aytdi: “Qiyomatgacha menga muxlat ber, meni o’ldirmagil”. Xudo aytdi: “Senga Qiyomatga qadar muhlat berildi”.
Iblis aytdi: “Meni rahmatingdan mahrum qilganing badaliga Odam farzandlarini to’g’ri yo’ldan ozdirish uchun muntazir bo’lib turaman.
So’ngra o’ng taraflaridan kelib, vasvasa qilaman va orqalaridan kelaman va chap taraflaridan kelib, yo’ldan ozdiraman. So’ngra ularning ko’plarini shukr qilguvchi hollarida topmassan”.
Parvardigor aytdi: “Ey shayton, mardudlik holatida xor bo’lib, Xudoning azobiga uchrab, jannatdan chiqib ket! Albatta,
O’z zotimga qasamki, sen bilan va zurriyoting bilan va senga tobe bo’lganlar bilan jahannamni to’ldiraman”.
(A’rof surasidan ma’no tarjima.)

MUALLIFDAN

Buyuklik va qudratda yagona, shirk va nuqson kirlaridan pok, baqoning egasi, rahmli va shafqatli Alloh taborak va taoloning muqaddas nomini dilimga muhrlagan holda so’z boshlayapman. Barcha ne’malarni ato qilguvchi – Alloh, so’ngsiz qahr bilan intiqom oluvchi ham Alloh. Osmonlaru yerda U zotga shukrlar adadi behisobdir. Avvalu oxir U zot uchun hamdlarga to’la!
Ochiq mo’jizalari bilan bani Odam ichra mumtoz janobi Payg’ambarimiz Muhammad alayhissalomga, ahli baytlari hamda sahobalariga salovatu salomlar bo’lsin!
Assalomu alaykum, ardoqli kitobxon!
Sizlar bilan yana g’oyibona tarzda bo’lsa-da, uchrashtirayotgan Allohga ham etish barobarinda Ul zotdan Siz azizmonlar xonadoniga qut-barakot bermog’ini, shaytanat ofatidan O’z hifzi-himoyasiga olmog’ini iltijo qilaman.
“Shaytanat”, avval ham aytganimdek, uch kitobdan iborat bo’lishi kerak edi. So’ng to’rtinchi kitobni yozish ehtiyoji ham tug’ildiki, bu mehnatdan bo’yin tovlash nomardlikday tuyulib, Allohga tavakkal qilgan holda bu ishni boshlab, nihoyasiga yetkazganday bo’ldik. Bu mavzuga yana qaytish fikridan uzoqda edik. Lekin, nachora, keyin eshitgan, bilgan voqealarimiz ko’ngilni qitiqlay boshladi, asarni davom ettirishga da’vat etaverdi. Turli uchrashuvlarda ayrim kitobxonlar “asar yakunlanmagan, davom ettirish kerak”, degan fikrlarni bildirib, kaminani qo’lga yana qalam olishga undashdi. Nihoyat, xayrli oqibatni umid qilib, ishni boshlayapmiz. Uchrashuv va suhbatlarda kitobxonlarga murojaat etib, asarni shunchaki “davom ettiring”, deb emas, “yaxshilab yozing, deb duo qilishlarini so’rab edik. Duolarning ijobat bo’lishiga umid bilan dastlabki satrlarini yozyapmiz. So’nggi satrlarga qadar hamsuhbat bo’lib qolasiz, degan umiddaman. Shubhasizki, ayrim bayonlarda qalamning ojizligi sezilib qolar, buning uchun uzr so’rayman. Asar ko’nglingizga maqbul bo’lsa, bu Allohning marhamatidandir, siz – azizlarning duolaringiz oqibatidandir. Sizlarni butun qalbi bilan sevuvchi adibning minnatdorligini qabul qiling. Bir-birlarimiz xayrli duo qilishda davom etaylik.

AXTAM

1963 yil, 16 iyun, Magadan

Rixsiya shu kuni o’g’il ko’rdi.
Sururga to’la qizlik paytlarida, shirin xayollar qanotida uchgan damlarida botir va halol bir o’g’lonni uchratishni, sevib-sevilib turmush qurishni, olti yo yetti o’g’il va uch qiz kurib, umrni shukronalik bilan o’tkazishni orzu qilardi.
Bir o’g’lon uchrab, qiz ko’nglini rom etdi. Ammo, nadomatkim, y botir emas, nomard bo’lib chiqdi. Uning ayyorlik va muttahamlik chodiriga burkalgan, haromni kasb qilgan ablah ekanini Rixsiya keyinroq — taqdir yozug’idan nolib, qamoqda o’tirganida anglab yetdi. Undan bo’lgan bolani oldirib tashlashni istadi. Biroq, qamoqxona vrachi vaqt o’tganini aytib, ruxsat bermadi. Bola tushib keta qolsin, deb og’ir-og’ir narsalarni ko’tardi, vujudni zaharlashi mumkin bo’lgan narsalarni ham yeyaverdi. Lekin haromi bo’lsa-da, bir o’g’il ko’rishi taqdir yozug’ida bor ekan, uning barcha harakatlari zoye ketdi. Qamoqxonada tug’ilgan chaqaloq ozodlikdagi ayollar ham havas qiladigan darajada sog’lom va ko’rkam edi. qamoqxonadagi xotinlar har kuni bola tug’avermaydilar. Tuqqanlari esa bolasini emizishdan, hatto unga bir qarab qo’yishdan voz kechavermaydilar. Shu bois Rixsiyaning “emizmayman ham, qaramayman ham”, deb boladan yuz o’girishi hamshiraning jahlini chiqardi. Avval yaxshi gapirdi, so’ng po’pisa qildi, kor qilmagach, shapalog’ini ishga soldi.
Qadimda Ovrupoda hamshiralarni “mehribonlik olihalari” deb sharaflashgan ekan. Agar bu sifat qamoqxona hamshirasiga nisbatan qo’llanilsa, “oq ishtonga jun jiyak” deganlaridek, ham kulgili, ham ensani qotiradigan bir hol vujudga kelishi mumkin edi. Ehtimol, bu ayol ozod ekanida mehribonlik nima ekanini bilgandir. Lekin kasalxonadagi tinchlantiruvchi va og’riq qoldiruvchi dorilarni o’g’irlab, giyohvandlarga sotishi oqibatida qamoqqa tushgach, eng vahshiy hayvonlarga kam bemehrlik darsidan saboq bera oladigan darajaga yetdi. Tili esa eng sukong’ich erkaklarni ham aro yo’lda qoldirib ketadigan bo’ldi. Mahkumalardan qay biri kasalga chalinib, turma shifoxonasiga bir marta tushsa-yu, keyinroq ikkinchi bor xastalansa, shu xotinni ko’rmay o’lib ketishiga ming marta rozi bo’lib qolardi. Hamshirani ana shu illatlari uchun qamoqxona ma’muriyati izzat qilar, mahkumalar esa nafratlanishardi. “Yomonning bir qilig’i ortiq”, deganlariday xushbichimroq mahkumalarni qandaydir bazmlarga qantday qilib tayyorlab berish ham uning zimmasida edi. Mahkumalar orasidagi go’zallarning aksari bu xizmatdan bo’yin tovlamas, aksincha, chorlanmay qolishsa ko’ngillari xufton bo’lardi. Ular boshqa narsadan — bazm yakunlangach, tunni shu erkakshoda hamshira bilan o’tkazishdan bezishardi. Bezishsa -da, ko’nglini ovlashga majbur edilar. Chunki bazmu maishat orqasida homilador bo’lib qolishsa, bu hamshira doyalik qilib, ularni bu yukdan qutqarardi.
Rixsiyaning oy-kuni yetib, ko’zi yoriydigan paytda shu hamshira doyalik qildi. Dunyoning ajabtovurligi shundaki, haromdan bo’lgan bola haromni kasb qilgan xotin qo’lida ko’zlarini ochdi.
Ikki yuziga shapaloq tushgan Rixsiya ko’zlarini katta-katta ochib, hamshiraga qo’rqo’v bilan qaradi, navbatdagi zarbani kutdi. Lekin hamshira boshqa urmay, mahkumalarning eski choyshabiga yo’rgaklangan bolani uning tizzasiga qo’ydi.
– Agar shu bola ochdan o’lsa, seni qiynab-qiynab o’ldiraman. Shu paytgacha odamzod ko’rmagan azoblarni senga atab tayyorlab qo’yganman, — deb o’z hukmini ma’lum qilib qo’ygach, chaqaloqning yuzini ochdi.
Qornida qimirlay boshlaganidan beri o’limini istagan bolaning javdiragan ko’zlariga ko’zi tushishi bilan Rixsiyaning vujudi titrab ketdi. Ko’kragida iliqlik sezildi. Bir oz qarab turgach, ko’kragini ochib, emiza boshlaganini o’zi ham sezmay qoldi. Chaqaloq ema-ema uxladi. Rixsiya uni bag’riga bosganicha o’tirmoqchi edi, hamshira ruxsat bermadi. Bolani yulqib olib, temir panjarali eshikning temir panjarali darichasini ochdi-da, dahlizda poylab turgan ayol nazoratchiga uzatdi. Rixsiya emizayotgan paytda hamshiraning ketmay qarab turgani sababini bilolmay ajablangan edi. Bolasi xuddi keraksiz buyumday panjara naryog’iga berib yuborilgach, vujudida titroq turdi.
– Nega u yoqqa berib yubordingiz? Bolam o’zim bilan yotmaydimi? — dedi yig’lamsirab.
– Uyingda tuqqaningda yoningda yotardi. Bu yer onangning uyi emas, — deb hamshira gapni kalta qildi. Keyin asabiy ravishda to’ng’illadi: – Hozirgina bolangga o’lim tilayotuvding-ku, endi mehring uyg’onib qoldimi?
Bu gapni aytgandan ko’ra, hamshira uni tepa-tepa abjag’ini chiqarib yuborgani ma’qulrok edi. Hamshira tuhmat qilmadi, haq gapni aytdi. Achchiq haqiqatni tan olish bu mushtipar uchun nihoyatda og’ir edi. Emiza turib “bolada hech qanday gunoh yo’q-ku?! Nega unga o’lim tiladim, undan ko’ra tug’ib o’lganim a’loroq emasmidi?” deb o’zini o’zi la’natladi. Bola to’yib emib, shirin uyquga ketgach, o’zining o’lishi mumkin emasligini, go’dagini ko’krak suti bilan boqishga majbur ekanini tushundi. Onalik mas’uliyatiga itoat etgan nafasda farzandini bag’ridan yulib oldilar. Shunda y dahshatli haqiqatni angladi: qamoqxonada dunyoga kelgan o’g’li o’zi kabi ozodlikdan mahrum edi! O’zi-ku, jinoyati uchun jabr tortyapti, ammo bolada nima gunoh!
Nazoratchilar insof qilishsa, kunda to’rt yoki besh marta, bolaning big’illab yig’lashidan bezishsa, tunda ham temir panjarali eshikning temir panjarali darichasini ochib, bolani lattaga o’ralgan buyum kabi uzatardilar. Chaqalok emib, nafsi orom topgach, yana shu holda qaytarib olardilar. Rixsiya bolasining og’ziga ko’kragini solgach, uning sekinroq, shoshilmay emishini istardi. Bag’rida ko’proq olib o’tirishni xohlardi. Har safar bolani qaytarib berayotganda Rixsiyaning yuragidan bitta tomir uzilganday bo’laverardi.
Bir haftadan so’ng hamshira unga bir yangilikni ma’lum qildi:
– Bolangga tug’ilganlik haqida guvohnoma yozib berishdi. Otasining tayini bo’lmagani uchun o’zingning familiyangda qoldi. Oti “Axtam” bo’ldi.
Rixsiya maktabda o’qib yurganida sinfdosh bolaga ko’ngil qo’ygandi. Bu tuyg’u sevgi martabasiga yetmagan bo’lsa-da, uni ko’p eslardi. O’g’liga o’sha yigitning ismini berishni niyat qilib o’tirganda bu xabarning ma’lum qilinishi uni ajablantirdi:
– Nega “Axtam”?
– Kuz ochib ko’rgan yigitimning oti Axtam edi. U butun Tataristonni yotqizib-turg’izardi. Moskvaga borsa, eng zo’r mafiozlar ham qulluq qilib turardi. O’shanga o’xshab yursin, deb niyat qildim. Shu ism mendan senga yodgorlik bo’lib qolsin. Qamoqxonada o’lib ketmasang, ozodlikka chiqqaningda eslab yurarsan.
Bu gapni eshitib Rixsiyaning ko’z oldi qorong’ilashdi. Bola tug’ilganda kelajagi go’zal bo’lsin, deb umid qilinardi. Bu xotin esa bir o’g’ri-kallakesarga o’xshashini niyat qilibdi. Rixsiya hujjatda zikr etilgan ismni sira tilga olmadi. Bolasini qo’liga olganda suyganining ismini aytib, erkalardi. Axtam bu ismga ko’nikib ham qolgan edi. Bolalar uyiga jo’natilgach, onasi suygan ismni unutib yubordi.
Axtam chaqaloqlik yoshidan o’tib, emmay qo’ygach, Rixsiyaga qamroq ko’rsatadigan bo’lishdi. Bola uch yoshga to’lgan kuni hamshira uni yetaklab kirib, ona qalbini tilka-tilka qilib yuboruvchi yangilikni aytdi:
– O’g’ling bilan xayrlashib ol, endi, o’lmasang, qamoqdan qutulganingdan keyin ko’rishasan.
– Nega? — deb so’radi Rixsiya bolasini xavotir bilan bag’riga bosganicha.
– Negaligini bilmaysanmi? Qamoqxonada tug’ilganlar uch yoshga to’lgandan keyin tashqaridagi bolalar uyiga yuboriladi. O’g’ling ozod bo’ldi, quvonsang-chi!
Uch yil mobaynida qamoqxona bog’chasida ulg’aygan, ozod dunyo, ozod bolalar qanday bo’lishini bilmaydigan begunoh go’dakning erkinlikka chiqishi, albatta, quvonarli edi. Lekin y qaysi shaharni qaysi bolalar uyiga boradi? Qanday davrada kamolga yetadi?
Bu qamoqxonada ona uchun ham, bola uchun ham birgina yupanch, birgina baxtli daqiqalar bor edi. Ko’rishmoqlik, diydor saodati bu onda barham topdi. Naqadar berahmlik! Bundan so’ng diydorga qachon yetishadilar? Diydor qiyomatga qolsa-chi?
Onaning qalbi shu savollar iskanjasida. Bola qalbi bu azobdan holi bo’lsa-da, onasini boshqa ko’rmasligini sezibmi, yig’lay boshladi.
– Vaqt bo’ldi, tashqarida kutib turishibdi. O’lmasang, yetti yildan keyin ko’rasan bolangni, — hamshira shunday deb, Axtamni yelkasidan ushlab o’ziga tortdi.
Rixsiya qo’yib yuborgisi kelmadi.
– Jonim bolam, esingda tursin, sen bilan meni bebaxt qilgan odamni ulg’ayganingda topasan! Bu xo’rliklarimiz uchun o’ch ol! Uning oti…
Bolasi eslab qolsin uchun bu ismni uch marta qaytardi. Uch yoshli bolaning bu gaplapra tushunishi qiyin edi. Shunga qaramay, umid bilan aytdi. Hamshira Axtamni ona bag’ridan yulqigancha ajratib, tugun kabi qo’ltiqlab oldi-da, tashqari tomon yurdi. Bolaning yig’isi dahlizdan eshitilib turdi. Yig’i tinmay turib, Rixsiya hushsiz yiqildi.
Bu dunyoda yigirma besh yil umr ko’rgan juvon bu ayriliqqa chidolmadi. Kundan kunga so’lib boraverdi. Uch oydan keyin adolatsiz dunyoni tashlab ketdi…
Erkinlikdagi bolalar uyida o’yinchoqlar ko’p bo’lgani bilan Axtamga yoqmadi. Ozodlikda tugilib-o’sayotgan bolalar bilan qamoqxonadan kelgan Axtamning til topishishi qiyin kechdi. Ozodlikda ulg’ayayotgan ikki bola o’yinchoq talashsa yoki urishib qolsa, enagalar ularga tanbeh berib qo’ya qolishardi. Ahtam talashsa yoki birontasini ursa, jazoga tortilardi. qamoqxona bog’chasidan kelgan bolaga munosabat o’zgacha edi. Axtam buni go’daklarga xos fahmi bilan angladi. Atrofiga nafrat ko’zi bilan qarash hissi shu yerda tug’ildi.
Maktab yoshiga yetganda yana boshqa yetimxonaga jo’natildi. Onasining kamoqdan chiqib olib ketishini toqat bilan kutdi. Kun sanab yashadi. O’n yoshga to’lganida onasi ozodlikka chiqishi kerak edi. Bu shodlik kuni yaqinlashgan sayin soat va daqiqalar sanab yashadi. O’sha kun, o’sha soat, o’sha daqiqa yetdi. Ammo onasi kelmadi.
Yetimxonada bir mehribon enaga bor edi, so’rab-surishtirib, Rixsiyaning vafot etganini aniqladi. Lekin o’sha yili buni bolaga bildirmadi. Axtam kun, soat sanamasa ham onasining kelib, olib ketishini kutib, umid bilan yashayverdi. Mehribon enaga “onasi o’lgan bo’lsa, tog’alarimi yo amakilarimi bordir?” degan ilinjda yana so’rab-surishtirdi. Rixsiyaning akasi yashaydigan manzilni aniqlab, unga xat yozdi. Jiyanining ahvolini bayon qildi. Tog’adan kelgan maktub ochib o’qilgunicha mehribon enaga qalbiga quvonch baxsh etdi. “Biz u badbaxt singildan yuz o’girganmiz, demak, jiyanimiz ham yo’q”, degan satrlar esa bu quvonchni zaharli tirnoqlari orasiga olib ezg’ilab tashladi. Enaga bu xatni Axtamga bermadi. Axtam maktabni bitirish arafasidagina ko’rsatdi.
– Nima uchun bunday deb yozganini bilmayman. Balki o’shanda nimadandir norozi bo’lgandir, endi hovuridan tushgandir. Uning oldiga bor, yolg’iz yurma, yolg’izlik yomon, – dedi.
– Shu yoshgacha qarindoshlarsiz yashadim, bundan keyin kam yashayman, – dedi Axtam o’jarlik bilan.
Shunday degani bilan oradan bir yil o’tmay ona yurtiga yo’l oldi. Qarindoshlardan panoh izlab emas, balki onasi va o’zining baxtiqaroligi sababini aniqlash maqsadida bordi.

1984 yil, 7 avgust

Fazliya erining qimor o’ynashiga ham, kech kelishiga ham, bir necha kunlar yo’q bo’lib ketishiga ham ko’nikib qolgan. Eri paydo bo’lganda “nega kech keldingiz?”yoki “kecha qayerda sang’ib yuruvdingiz?”deb ko’kragiga sanchqi tiramaydi. “Ovqat isitaymi, choy ichasizmi?”deb so’raydi. Qimorda baxt quyoshi qiyagina kulib boqqan bo’lsa ham, eri olib kelgan pulini o’rtaga tashlab, to tongga qadar maqtanishdan charchamaydi. Fazliya pullarni ko’rib shodlanib ketmaydi, sarflashga ham shoshilmaydi. Ro’zg’orga keraklisini olib, qolganini erining ko’zidan panaroqqa yashiradi. Eri yutqizib kelsa suvga bo’kkan mushukday kunishib oladi. Tonggacha uxlamaydi, dardini ichiga yutib, o’zi yog’iga o’zi qovrilib jimgina o’tiraveradi. Oxiri u “puldan qolganmi?”deb xotiniga yalinadi.
Fazliya qimorbozlarning yaxshi-yomon odatlari haqida ko’p mish-mishlarni ham, to’g’ri gaplarni ham eshitgan. Xotinlarni qimorga tikib yuborish oqibatlarini ozmi-ko’pmi biladi. Joynamozda o’tirgan xotinga qimorbozlarning tegmasligini unga aytishgan. Lekin u erining bu qadar pastkashlikka bormasligiga ishongani uchun sira joynamoz ustida kutib o’tirmagan.
Eri bu kech uyida tunamay, peshinga yaqin qaytdi. Fazliya uning tund chehrasiga bir qarashdayoq yutqizib kelganini angladi. Odatiga ko’ra, ortiqcha gap-so’z qilmay, oshxonaga kirib ovqat isitdi. Eri ovqatga karamadi. Uzatilgan piyolani oldi-yu, hatto choyni ho’plamay dasturxon ustiga qo’ydi. Fazliya undan sado chiqishini toqat bilan kutib o’tiraverdi. Eri qarzga botgan bo’lsa, sandiqda ehtiyotlab qo’ygan tugunchani ochadi, yetmasa, sigir-buzoqni sotar… Uning xayoli erini qarzdorlik botqog’idan qutkarib olish bilan band. Erining uch-to’rt marta xursinib, so’ng pushaymon bo’lgan odamning xasta ovozi bilan “puldan bormi?”deb so’rashini, pulning daragini eshitgach esa “ikkinchi o’ynamayman”, deb qasam ichishini kutdi.