Автомат кир ювиш машиналарида ювилган кийимлар пок бўлмайдими
Маслаҳат: бюстгальтерлар махсус қопчаларда ювилади.
КИР ЮВИШДАГИ ХАТОЛАР ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТУВЧИ ТАВСИЯЛАР
Кир ювиш эртадан кечгача чўзиладиган маросим бўлмасин десангиз, маслаҳатлар дафтарчангизга майда, аммо аҳамияти тавсияларни ёзиб олинг. Шунда кир ювиш машинасидан олган буюмларингиз ҳеч қачон оқарган, чўзилган ёки ранги чаплашган бўлмайди.
Иссиқ сув — тозалик гаровими?
Кир ювиш машиналаридаги 95 даражада кийимлар гигиеник тозаланади, деб ўйлаймиз. Аслида турли бактерия ва касаллик чақирувчи вируслар 40-60 даражада ҳам нобуд бўлади.
Маслаҳат: янглишмай десангиз, совуқроқ сувга (15 даражадан юқори) гигиеник чайувчи кондиционер (уни кўпинча болаларнинг кийимларига ишлатишади) қўшинг.
Ортиқча кир ювиш кукуни
Кир ювиш кукуни кир машинасига сувнинг қаттиқлигига кўра солинади. Совун кўпириши қанча қийин бўлса, кукун шунча кўпроқ солиниши керак.
Маслаҳат: кир ювиш машинасининг кукун солинадиган қутисида сув ювиб кетганидан сўнг ортиқчаси қолганини сезсангиз, кукун миқдорини камайтиринг. Йўқса, у ерда моғор ҳосил бўлиши ҳам мумкин.
Барабан тўлдириб ташланса.
Агар машина барабанини ҳаддан ортиқ тўлдириб, электр ва сувни иқтисод қиламан деб ўйласангиз, хато қиласиз. Биргина шу туфайли сув, ҳарорат ва ювувчи восита ўртасидаги пропорция бузилиб, энг ёмони, кийимлар умуман тоза бўлиб чиқмайди. Энди уни қайта ювишингизга тўғри келади.
Маслаҳат: кир ювиш қоидасига кўра, барабаннинг юқори қисми билан кир ўртасида кафт кенглигича бўш жой қолиши керак.
Фильтрни эсдан чиқарманг!
Кўп ҳолларда люк тагида жойлаштирилган кичкина ойначага эътибор қилмаймиз. Аслида бу жой ҳар икки ойда тозаланиб туриши керак. Йўқса, у ерда соч, бошқа майда чиқиндилар тиқилиб, машина сувни ҳайдай олмай қолади.
Маслаҳат: фильтрни тозалаётганда кукун солинадиган қутини ҳам тозаланг.
Кийимларни тўғри жойлаштиринг!
Нозик мато ва рангли буюмларни тескарисини ўгирган ҳолда ювиш керак. Бу ҳам бўёқни, ҳам мато толасини яхши сақлайди. Машинага солишдан аввал кийимларнинг занжирсимон ёпқичлари тақилган бўлиши керак. Акс ҳолда барабан ёки люк манжети зарарланиши мумкин.
Маслаҳат: бюстгальтерлар махсус қопчаларда ювилади.
Автомат кир ювиш машиналарида ювилган кийимлар пок бўлмайдими?
Савол: Ҳозирги кунда кўпчилик автомат кир ювиш машиналаридан фойдаланади. Унга пок ва нопок кийимлар аралаш солинади. Шундай ювилган кийимлар пок бўладими?
Жавоб: Нопок кийимлар замонавий автоматик кир ювиш машиналарида ювилса, шубҳасиз, пок бўлади ва улар билан турли ибодатларни бажариш мумкин.
Уламоларимиз нажосатларни иккига – кўринадиган ва кўринмайдиганга ажратадилар. Кўринадиган нажосатларни поклаш тўғрисида “Фатавои ҳиндийя”да шундай дейилади: “Агар кўринадиган нажосат бўлса, уни поклаш – айни ўзини кетказиш, агар изи (ранги, ҳиди) йўқоладиган нарса бўлса, изини йўқотиш билан бўлади. Бу ишда ювиш сонининг эътибори йўқ (“Муҳит”).
Бир марта ювганда нажосатнинг айни (яъни, ўзи) кетса, шу билан кифояланади. Агар уч мартада ҳам кетмаса, токи нажосатнинг айни кетгунча ювилади” (“Сирожия”).
Асмо розийаллоҳу анҳо айт дилар: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Бирортамиз кийимида ҳайз кўрса (яъни, кийи мига нажосат тегса), қандай қилади?” деди. У зот алайҳиссалом: “Уни (яъни, айни нажосатни) кеткизасиз, ке йин сув билан ишқалаб ювасиз. Сўнгра у кийимда намоз ўқийверасиз”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти).
Асари (яъни, ҳиди ёки ранги) кўринмайдиган нажосатдан поклаш – уни уч маротаба ювиш ва агар имкони бўлса, уч маротаба сиқиш билан бўлади (“Мухтасарул виқоя”).
“Аслида кийимни нажосатдан поклаш (ювиш) “Энди кийим тоза бўлди”, деган хаёлга келгунча давом этади. Чунки мана шундай ғолиб гумон шаръий масалаларда (хусусан, аниқ билиш узрли бўлган ҳолатларда) далилдир. Лекин васвасадан қутулиш учун ювишнинг сонини уч ёки етти марта, деб белгилаб қўйилади” (“Ихтиёр”).
Демак, кўринмайдиган нажосатларда сиқиш имкони бўлган ашёларни поклаш учун уларни уч маротаба ювиш ва ҳар ювганда сиқиб, имкон қадар сувини чиқариб юбориш лозим бўлади.
Замонавий кир ювиш машиналарида ювилган нарсаларни ҳукми ҳақида Мисрнинг “Дарул-ифто” фатво ҳайъати қуйидагича хулоса қилади: “…Кийимларни автоматик кир ювиш машиналарида поклаш – бошқа ювиш усулларидан кўра анча мукаммалдир. Чунки аввал бошда бир неча марта ювиш билан нажосатнинг айни – таъми, ранги ва ҳиди йўқолади. Кейинги (тўртинчи ва бешинчи) ювишлар билан нажаслик ҳукми ҳам кетади. Кийимларни автоматик машиналарда поклаш – уларни нажосатдан мукаммал тозалашдир”.
Демак, автомат кир машиналарга солинган нопок кийимларга дастлаб совунли сув қуйилганда (тахминан уч марта) нажосат тарқалади, лекин шу билан бирга ундаги айни нажосатлар кетади. Тўртинчи ва бешинчи марта тоза сув билан ювилганда эса нажосат ҳукми бутунлай кетади. Бунинг устига ҳар гал сув қуйиб ювилганда кийимдаги сув буткул чиқариб юборилади ва бу сиқишнинг ўрнига ўтади.
Автомат кир ювиш машинаси ичидаги кийимлар солинадиган чамбарак (барабан)нинг ўзи қандай пок бўлади, дейилса, унга “Фатавои ҳиндийя” китобида келтирилган жумла билан жавоб берилади: “Нажосат кийим учта кир ювиш тоғорасида (бир мартадан) ёки битта тоғорада уч марта ювилса ва ҳар сафар сиқиб олинса, пок бўлади. Чунки шу тарзда ювиш одат тусига кирган. Агар шунда ҳам кийим покланди, деб ҳисобланмаса, одамларга машаққат бўлади”.
Хулоса ўрнида, ҳозирги кунда оммалашиб улгурган автоматик кир ювиш машиналарида ювилган кийим ва матоларни нажосатдан тўлиқ пок ланган дейишимиз мумкин.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, юқорида айтилган ҳукмлар фақат тўлиқ автомат кир ювиш машиналарига тегишли, ярим автомат ёки оддий кир ювиш машиналарига тегишли эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонида